“Етти кечирилмас гуноҳ” заргар нигоҳида
Заргар Стефан Вебстер ўзининг “Етти кечирилмас гуноҳ” коллекцияси тўпламини тақдим этганига 10 йилдан ошди.
Ғарбда жуда машҳур бу заргар-рассом ҳар бир узукда инсоннинг ҳасад, дангасалик, зиногарлик, баднафслик, мағрурлик, ғазаб ва очкўзлик каби туйғуларини тасвирлаб, қимматбаҳо тошлар билан безалган тўпламни яратди.
Стефаннинг ўзи бу ғоясини замонавий жамиятда кечирилмас гуноҳлар жазоланмаслиги ва уларни заргарлик буюмларида намойиш этиш вақти келгани билан изоҳлади.
Хўш, “Етти кечирилмас гуноҳ” қандай кўринишга эга? Қимматбаҳо тошлар мавзусига оид тўплам рассомнинг мўлжалга теккан-тегмаганлигини кўриб чиқиш жуда қизиқ бўлса керак.
1. Ғазаб
Бадиий ижрода узукдаги ўткир қирралар билан сиқилган тўқ қизил ранг ҳақиқатан ҳам ғазабни эслатади. Эҳтимол, бу туйғу ҳаммага таниш ва ҳатто онг остида инсон бу ҳолатдан имкон қадар чиқиб кетишни хоҳлайди. Узукда чиройли анорни сиқиб чиқаришга интилаётган аёл қўллари тасвирланган. Шу билан бирга анорнинг ўзи заҳар солинадиган идишни тасвирлайди.
2. Очкўзлик
Бу ерда заргар кўп ўйламасдан шунчаки олмос билан тўлдирилган олтин тангадан қилинган тоғларни тасвирлаган. Эҳтимол, шундай қилиш керак эди, чунки очкўзлик ҳатто чуқур бадиий тушунишга ҳам лойиқ эмас.
3. Ҳасад
Ҳасад жуда ўзига хос тарзда тасвирланган. Ғоя шундан иборатки, ҳасадгўй кўз композициянинг марказига айланган ва рангли фон қора ва яшил (яхши) ҳасад ҳақида гапиради. Мен баъзида ҳасаднинг бундай таърифларини эшитаман: “қора ҳасад” ёки “яхши ҳасад”. Бу ерда заргар қора олмосдан фойдаланган, катта яшил хризолит тагранг оҳангини белгилайди.
4. Дангасалик
Дангасаликдаги яшил ҳаво ранг қимматбаҳо аквамарин “ютуқларига таянади” ёки шунчаки ёқут билан қопланган ёстиқда ётади (заргарнинг бошқа нақлида гилёк эмали билан қопланган тошсиз ёстиқ). Бу ғоя чуқур маънога эга эмас, бироқ мавзуга жуда яқин.
5. Мағрурлик
Аметист, олмос, пушти сапфир ва кўк сапфир билан безалган “Мағрурлик” узуги товус тасвирига боғланган ва ранг схемаси бинафша рангда, бу ерда бинафша ранги қироли – аметист орқали тақдим қилинди. Композициядаги барча узуклар “қаранг, мен қандай ажойибман” деб туради.
6. Баднафслик
Кутилганидек, бу гуноҳ эгаси ўз бармоғини очкўзлик билан еб қўяётган ҳеч тўймайдиган тиш билан оғиз шаклида тақдим этилган. Баднафсликдаги опал минерали қизил ранг устунлигида ёқут билан уқтирилган. Ниҳоят даражадаги истеъмол алангаси...
7. Зинокорлик
Ҳақиқий туйғулар ва маънодан маҳрум зинокорлик совуқ кўк танзанит тоши босими остида кулранг оёқларнинг бир-бирига туташиб кетиши орқали ифодаланади. Зино ёрқин ва эҳтиросли эканлигига ишониш нотўғри эканлиги ҳисобга олиниб, ушбу гуноҳ ниҳоятда очиқ тарзда тақдим қилинган. Йўқ, аслида у кулранг, умидсиз, келажаксиз ва нафратли.
Ушбу коллекция тақдимоти тўғрисида қандай фикрдасиз? Сизнингча, истеъмолчи бундай узукларни тақиб оладими ёки гуноҳларини очиб беришдан қўрқадими?
Баҳора Муҳаммадиева таржимаси.