Етти тонналик ошга қанча маҳсулот солинди, ошни неча киши, қанча пайт пиширди, қанча вақтда сузилди, кимларга тарқатилди?

Кеча “Silk Road Samarkand” халқаро туризм марказидаги “Боқий шаҳар” мажмуасида узунлиги 4,5 метр, баландлиги 2 метр бўлган қозонда 7 тонналик ош тайёрланди.
Қанча масаллиқ солинди?
Ошни тайёрлаш учун 1700 килограмм гуруч, 1900 килограмм сариқ сабзи, 480 килограмм қизил сабзи, 830 килограмм қўй гўшти, 830 килограмм мол гўшти, 130 килограмм думба, 350 литр ўсимлик ёғи, 200 килограмм пиёз, 100 килограмм нўхат, 170 килограмм майиз, 5 килограмм зира, 3 килограмм мурч, 17 килограмм қорақанд, 50 килограмм туз, 450 литр сув ва талабга биноан зиғир ёғи ишлатилган.
Қанча вақтда, неча киши томонидан пиширилиб, қанча пайтда сузилди?
Ош тайёрланишида бош-қош бўлган самарқандлик машҳур ошпаз Абдуманнон Нусратовнинг таъкидлашича, 7 тонналик ош 50 нафар ўзбекистонлик, 5 нафар хорижлик ошпазлар томонидан 5 соатда пиширилиб, 10 нафар ошпаз 2,5 соатда сузган. Ошни пиширишда 35 нафар самарқандлик ошпаз иштирок этган.
Ош кимларга тарқатилди?
Тайёрланган ош меҳмонлар билан бир қаторда саховат ва мурувват уйлари, туман, шаҳарлардаги кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар, тиббиёт муассасалари, манзилли колониялар ва ободонлаштириш бўлимларига тарқатилди.
- Шифоханамиздаги беморлар фақат дорилар билан эмас, ғамхўрлик, меҳр ва эътибор билан ҳам даволанади. Шунинг учун бундай тадбирларда руҳий қийинчиликка дуч келган инсонлар ҳам ёдга олинаётгани қувонарли. Гастрономик фестиваль доирасида тарқатилган ош ана шу ғамхўрликнинг рамзий ифодаси бўлди, - дейди республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий тиббиёт марказининг психиатрия хизмати вилоят филиали бош шифокори Шероз Имомов.
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.