Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

«Евро – 2021»: Футбол ўйинларига кимлар қўйилади?

Ишқибозлар сабрсизлик билан кутаётган навбатдаги Европа чемпионатининг футбол ўйинларига саноқли кунлар қолди. Аммо учрашувлар бўлиб ўтадиган ҳамма мамлакатларда ҳам ишқибозлар бевосита минбарларда ўтириб беллашувларни томоша қилишолмайди.

Сабаби, пандемия туфайли стадионларга томошабинлар киритиш чекланган. Масалан, Амстердам, Бухарест, Глазго, Копенгаген, Рим ва Севильяда бўладиган матчларга стадионлар – 25 дан 33 фоиз, Лондонда – 25 фоиз, Мюнхенда – 22 фоиз тўлдирилиши белгиланган. Бу борада Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб ўтадиган ўйинларга чипта олган ишқибозларнинг омади келган. Пандемия вазияти ҳисобга олинган ҳолда Ирландиянинг Дублин шаҳрида бўлиб ўтадиган ўйинлар – уч учрашув Санкт-Петербургдаги беллашувларга қўшилди. Бу шаҳарда 7 та учрашув бўлиб ўтади: 12 июнда Бельгия – Россия, 14 июнда Польша – Словакия, 16 июнда Финляндия – Россия, 18 июнда Швеция – Словакия, 21 июнда Финляндия – Бельгия, 23 июнда Швеция – Польша тарма жамоалари навбатдаги босқичга чиқиш учун ўзаро куч синашишади.

Шунингдек, чорак финал учрашуви ҳам 2 июлда шу шаҳарда бўлиб ўтади. Санкт-Петербургда худди Баку сингари стадионларга 50 фоиз томошабин қўйилиши мўлжалланмоқда. Россияда «Евро-2021» ўйинларига ҳукумат иложи борича қўлида чиптаси бўлган хорижлик ишқибозларни кўпроқ киритиш имкониятларини кўриб чиқмоқда. Стадионларга пандемияга қарши тест синовларидан ўтган ишқибозлар киритилади. Ҳар қандай ҳолатда стадионга киришни истаган ишқибозларнинг ҳаммаси ҳам бунга эришолмайди.

УЕФА ҳозирда чипта сотиб олган мухлисларнинг сонини аниқламоқда. Агар уларнинг сони рухсат этилган миқдордан ошиб кетган бўлса, ишқибозлар лотерея йўли билан ўйинларга қўйилади. Бу ёғи омадга боғлиқ.

Фақат Будапештда ўйинларга 100 фоиз томошабин қўйилиши мўлжалланмоқда.

Т.Шомуродов тайёрлади.