Евроосиё иқтисодий иттифоқи: Корхоналаримиз рақобатга тайёрми?

Бугунги парламентда муҳокама қилинаётган мавзу - Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) билан ҳамкорлик қилиш масаласи халқимизнинг, ҳар бир фуқароларимизнинг манфаатларига бевосита таъсир қилувчи муҳим масала. Шунингдек, ЕОИИ билан келгусида ҳамкорлик натижасини баҳолаш, прогноз қилиш - ниҳоятда мураккаб ва қийин жараён.

Бундай муҳим масала ҳал қилинишининг парламентга ишониб топширилиши, авваламбор, халқимиз ва давлатимиз раҳбарининг парламентга бўлган ишончини англатади. Шу билан бирга, бизга, яъни халқ вакиллари бўлган депутатлар зиммасига катта масулият юклайди.

Шу нуқтаи назардан Қонунчилик палатаси Кенгаши томонидан ЕОИИ билан ҳамкорлик қилиш масаласини ўрганиш бўйича Ишчи гуруҳи тузилганлиги, ушбу долзарб масалани парламент қўмиталари ва сиёсий партиялар фракциялари ўртасида кенг муҳокама ташкил қилиш, ҳар бир депутат учун, мавзуни ичига чуқур кириш ва эртага қарор қабул қилишда  онгли равишда ёндашиш имконини беради.

Биз депутатлар ҳалқ вакили сифатида, албатта ушбу жиддий масалада биринчи навбатда, халқимизнинг манфаатларидан келиб чиқиб, уларнинг хоҳиш-иродасига таянишимиз лозим.

Айниқса, бугун бошимиздан кечираётган мураккаб вазият бизни ушбу масалада ижобий ва салбий томонларни ҳисобга олиб, барча оқибатларни синчковлик билан ўрганиб чиқишга ундайди.

Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси томонидан жорий йилнинг 30 март куни ЕОИИ билан ҳамкорлик қилиш масаласини ўрганиш бўйича режа тасдиқланиб, қўмита фаолиятига оид йўналишлар аниқ белгилаб олинди.

Таъкидлаш лозимки, Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлик қилиш транспорт харажатларини камайтириш, тарифсиз тўсиқларни оптималлаштириш, тўқимачилик ва трикотаж саноатининг экспорт салоҳиятини сезиларли даражада оширишга хизмат қилади. Айниқса, тўқимачилик ва трикотаж маҳсулотларининг бозорида Ўзбекистоннинг улушини ошириш имконияти яхшиланади.

Шунингдек, Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлик қилиш Ўзбекистон учун меҳнат миграциясидаги мавжуд муаммоларни ҳал этишда яхши имкониятлар яратиши мумкин. Айниқса, ушбу ташкилотга кирувчи мамлакатларда ишлаб юрган 3 миллиондан зиёд Ўзбекистон фуқароларининг ижтимоий ҳимоясига ижобий таъсир кўрсатиши мумкин.

Шу билан бир қаторда, Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлик қилишдан айрим салбий омиллар ҳам ¬кутилиши мумкиндир. Жумладан, ташкилотга кириш ички бозорнинг очиқ бўлишига олиб келади, яъни маҳаллий ишлаб чиқарувчиларимиз ¬бошқа мамлакатларда тайёрланган маҳсулот билан рақобат қилиши керак бўлади. Ушбу ҳолатда бизнинг яхши ривожланмаган, рақобатга тайёр бўлмаган тармоқларимиз ва корхоналаримиз катта зарар кўриб қолиши мумкин.

Бизни энг хавотирга соладиган масалалар:

 - Ўзбекистон корхоналари Евроосиё иқтисодий иттифоқи маконида рақобатбардош бўла оладими?

- Йиллар давомида протекционизм сиёсати орқали қўллаб-қувватлаб келинган саноат корхоналаримизнинг фаолияти тўхтаб қолмайдими?

- Евроосиё иқтисодий иттифоқида амалда бўлган божхона қоидалари, техник регламентлар бизнинг миллий манфаатларимизга мос келадими?

Албатта, ушбу масалаларни чуқур таҳлил қилишимиз, турли прогнозлар тузишимиз керак. Лекин амалда ҳеч қандай мукаммал прогноз ҳам ўзини оқламаслиги мумкин. Бизнинг эса халқимизнинг манфаатларига бевосита таъсир этувчи бундай долзарб масалада таваккал қилишга ҳақимиз йўқ.

Демак, Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий ¬иттифоқига аъзо бўлиш ёки бўлмаслик масаласида барча эҳтимолий омилларни узоқ муддат кузатиб ва чуқур таҳлил қилиб бориш лозим.

Ҳозирги шароитда бизнинг фикримизча, агар Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқи кузатувчиси мақомига эга бўлса, муаммоларни бевосита ташкилотнинг ичида туриб ўрганиш имкониятига эга бўлади ҳамда ўрганиш натижаларидан келиб чиқиб, тегишли қарор қабул қилиниши мумкин.

Улуғбек ВАФОЕВ,

Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси аъзоси.