Европа миграция сиёсатининг қулаганини тан олди

Европа Иттифоқининг қочқинларни Ғарбий Европа жамиятига интеграциялаш борасидаги миграция сиёсати барбод бўлди. Бу ҳақда Венгрия ташқи ишлар вазири Петер Сиярто маълум қилди, дея хабар беради “РИА Новости”.

“Биз параллель жамиятларни кўряпмиз. Келган «меҳмонлар» бу мамлакатларда яшовчиларни мутлақо ҳурмат қилмайди. Европа Иттифоқи ҳозирда улкан маданий ва цивилизацион муаммо ва хавф-хатарларга дучор бўлмоқда”, деди Венгрия ташқи ишлар вазири.

Унинг фикрича, Брюссел миграция устидан назорат масалаларини Европа Иттифоқи институтларидан унга аъзо мамлакатлар ҳукуматларига топшириши керак. “Менимча, Европа Иттифоқи ўшанда кучлироқ бўларди, чунки давлатлар ўз чегараларини анча самарали назорат қиларди”, дея қўшимча қилди Сиярто.

Аввалроқ Еврокомиссия муҳожирларга Беларусь билан чегарадош бўлмаган давлатлардан бошпана сўрашни тақиқлагани маълум бўлган эди. Шундай қилиб, қочқинларни энди фақат Польша, Латвия ва Литва қабул қила олади. Еврокомиссия вице-президенти Илва Йоханссоннинг тушунтиришича, ноқонуний муҳожирлар мамлакат танлаш имконига эга эмас, чунки уларда Европа Иттифоқида бўлишга қонуний асос йўқ.

26 ноябрь куни Польша ғарбидаги Венджин миграция марказида қочқинлар ғалаёни бошланди. Юзлаб ноқонуний муҳожирлар марказ биноси олдидаги майдонга келиб, жиҳоз ва деразаларни синдира бошлаган. Тартибсизликлар Польшадаги Любуш воеводелигининг 500 нафар полициячи кучлари томонидан бостирилган.