Европада пандемия кучаймоқда. Жорий этилаётган чекловлар бизни ҳам огоҳликка чорлаши керак!

Пандемия хавфи ҳақида сўз очишимиз бежиз эмас. Чунки бу борада дунёда вазият яна мураккаблашмоқда. Касаллик ортга чекиниш ўрнига, айрим мамлакатларда қайта авж оляпти. Айниқса, Европада аҳвол ёмон.

Масалан, Австрияда бугундан умуммиллий локдаун амалга кирди. У 20 кунгача давом этиши белгиланган. Бу вақт мобайнида барча оммавий ва маданий тадбирлар бекор қилинади. Умумий овқатланиш шохобчалари ва маданият масканлари, аксарият савдо нуқталари, таълим муассасалари ёпилади.

Чекловлар эмланмаганлар учун, айниқса, қатъий. Уларнинг озиқ-овқат дўкони, дорихона, шифокор кўриги каби энг муҳим эҳтиёжлардан бошқа мақсадлар учун кўчага чиқиши тақиқланган. Ҳозир мамлакатда вакцина олмаган 2 миллион киши шундай чоралар шароитида яшашга мажбур.

Германияда ҳам COVID-19 билан боғлиқ вазият жиддийлашиб бораётгани туфайли эмланмаган аҳоли қатлами учун карантин чоралари кучайтирилди. Ўтган ҳафтада бу ерда кунига 60 мингга яқин касалланиш ҳолатлари аниқланиб, пандемия бошлангандан бери энг юқори кўрсаткич қайд этилганди.

Янги чекловларга кўра, агар мамлакат маъмурий ҳудудларида COVID-19 туфайли касалхоналарга ётқизиш ҳолати ҳар 100 минг аҳолига нисбатан 6 тага етса, эмланган ва коронавирусдан тузалган фуқаролар ҳам оммавий тадбирларга ташриф буюриш учун мажбурий равишда тест топширади.

Кўрсаткичлар 9 тага етгач ижтимоий алоқалар бўйича ҳам чекловлар жорий этилади. Бундан ташқари, Германияда 18 ёшдан ошган аҳолига бустер дозани қўллаш тавсия қилинмоқда.

Буюк Британияда ҳам бугундан барча бочқичда тўлиқ эмланган 40 ёшдан ошган фуқаролар коронавирусга қарши вакцинанинг бустер дозасини олиш ҳуқуқига эга бўлди.

Словакия 22 ноябрдан коронавирусга қарши эмланмаган фуқаролар учун локдаун жорий этган яна бир мамлакат бўлди. Бундай аҳоли қатлами кафе ва ресторанлар, савдо марказлари, оммавий ва спорт тадбирларига бора олмайди.

Чунки Словакия Европа Иттифоқи мамлакатлари орасида эмланиш кўрсаткичлари бўйича энг қуйи поғонада турибди — 45 фоиз. Айни сабабдан сўнгги суткада бу ерда кунлик касалланиш кўрсаткичлари рекорд даража – қарийб 9,6 мингга етган.

Шу муносабат билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги дунёдаги мураккаб эпедимик вазиятни ҳисобга олиб, юртдошларимизни карантин қоидаларига қатъий риоя этишга, хотиржамликка берилмай, ўз вақтида вакцина олишга чақиради.