Европада тошқин туфайли қурбонлар сони кўпаймоқда
Германияда кучли тошқин қурбонлари сони тобора ўсиб бормоқда. Уларнинг сони 60 га етди. Изсиз йўқолганлар минг нафардан зиёд.
Стихиянинг асосий зарбаси мамлакатнинг ғарбий қисмига - Шимолий Рейн-Вестфалия ва Рейнланд-Пфальц ерларига тушди. Кучли ёмғир Рейн ирмоқлари ва бошқа майда дарёларни қирғоғидан чиқариб, атрофдаги аҳоли пунктларини сув босди.
Қутқарувчилар Арвайлер районидаги Шульд қишлоғининг бир неча ўнлаб аҳолисини қидирмоқда. У ерда сув босимига дош беролмаган уйлар қулади.
Тошқин ва кўчкилар туфайли бир қатор аҳоли пунктлари ташқи дунёдан узилиб қолган.
"Бу фалокат. Мен 50 йиллик тажрибага эга ўт ўчирувчиман. Бунақасини ҳали кўрмаганман", дейди қутқарувчи.
"Биз юқори қаватда бошпана топдик. Ҳаммаси жуда тез содир бўлди. Бирон нарса қилиш, қидириш ёки сақлаб қолишга улгурмадик", дейди маҳаллий фуқаро.
Сўнгги 24 соат ичида Бельгияда ойлик меъёрдан кўпроқ ёғингарчилик тушди. Валлон минтақаси тошқинлардан катта зарар кўрди. Ҳалок бўлганлар 11 кишига етди. Ўнлаб йўқолганлар бор. Мёз дарёсидаги сув даражаси критик даражага етди. Льежа ҳукумати қирғоқ яқинида яшовчи шаҳар аҳолисини шошилинч равишда уйларини тарк этиб, тепаликларга чиқишга чақирди.
"Мен муниципалитетдан ғазабдаман. Дренажлар тозаланмаган, ўт ўчирувчи ва қутқарувчилар ўз вақтида етиб келмаяпти. У ерда кўп одамлар уйларида қамалиб қолишган. Қариялар учун битта қайиқ ҳам жўнатилмади", дея шикоят қилади аёл.
Табиий офат Чехия, Нидерландия, Люксембург, Францияни қамраб олди. Кўпгина олимлар минтақадаги ёғингарчиликнинг рекорд миқдорини глобал исиш билан боғлашмоқда. Зарар миқдорини баҳолаш олдинда, аммо бу Европадаги сўнгги 20 йил ичидаги энг ҳалокатли тошқин эканлиги аниқ.