Фаластин ҳукумати вакили Имом Бухорий мажмуасига борди
Мамлакатимизда меҳмон бўлиб турган Фаластин ташқи ишлар ва муҳожирлар вазири Риёз Нажиб Абдураҳмон Моликий раҳбарлигидаги делегация Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига ташриф буюрди.
Юқори мартабали меҳмонларни Марказ директори Шовосил Зиёдов кутиб олиб, муассасанинг яратилиш тарихи, бинонинг меъморий ечимлари, бугунги кунда олиб борилаётган илмий тадқиқотлар йўналишлари ҳақида маълумот берди.
Делегация аъзолари Марказ музейи фаолияти билан яқиндан танишди, экспонат ва қўлёзмаларни катта қизиқиш билан кўздан кечирди.
Мулоқот чоғида Риёз Моликий 2016 йилда давлатимиз раҳбари томонидан мазкур Марказни ташкил этиш тўғрисида ташаббус илгари сурилган Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессияси очилиш маросимида иштирок этганини мамнуният билан ёдга олди. Қисқа фурсатда ушбу ташаббуснинг амалдаги инъикоси сифатида барпо этилган кўркам ва муҳташам Марказ мусулмон дунёси буюк мутафаккирларининг бой меросини чуқур ўрганиб, кенг тарғиб қилиш, ёш авлодни ислом динининг асл қадриятларига садоқат руҳида тарбиялаш, халқаро ҳамкорлик ва мулоқотни мустаҳкамлашга хизмат қилаётганини таъкидлади. Марказ билан Фаластиндаги илмий муассасалар ўртасида алоқаларни йўлга қўйиш бўйича барча имкониятларни ишга солишга тайёрлик билдирди, дейилади Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази хабарида.