Фаластин: янги тан олишлар ва низонинг давом этиши

Давлатчиликни тан олиш

Ўтган ҳафтада фаластин давлатчилиги масаласи яна халқаро кун тартибининг марказига чиқди. 21 сентябрь куни Буюк Британия, Канада, Австралия ва Португалия расман Фаластин Давлатини тан олди. Фаластин Ташқи ишлар вазири буни «халқ мустақиллиги ва суверенитетини яқинлаштираётган тарихий қадам» деб атади.

22 сентябрда бу ҳаракатга Франция ва Мальта қўшилди. БМТ Бош Ассамблеяси сессиясида Франция президенти Эммануэль Макрон Париж фаластин давлатчилигини тан олишини тасдиқлади. Мальта бош вазири ҳам худди шундай баёнот берди. Шу тариқа, 2025 йил сентябрига келиб, БМТга аъзо 193 та давлатдан Фаластинни тан олганлари 155 тага етди.

Франция ва Саудия Арабистони ташаббуси билан Нью-Йоркда ўтказилаётган саммит давомида яна бир қатор давлатлар ўз қарорини эълон қилиши кутилмоқда.

Дунё реакцияси

Германия ва Италияни ўз ичига олган қатор Европа давлатлари ҳозирча расмий тан олишдан тийилиб турибди. Улар бу имкониятни зўравонликни тўхтатиш ва Исроил хавфсизлигини кафолатлаш шартлари билан боғламоқда. Шу билан бирга, Испания Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхунинг «Фаластин давлати ҳеч қачон бўлмайди» деган сўзларини кескин қоралади.

Ғазодаги ҳарбий ҳаракатлар

Дипломатик ташаббуслар билан бир вақтда Ғазо секторидаги вазият жуда танг бўлиб қолмоқда. 19 сентябрь куни Исроил авиацияси Газа-Сити ва Бурейж лагерини яна бомбардимон қилди. Фаластин манбаларига кўра, ҳалок бўлганлар орасида тинч аҳоли, яъни аёллар ва болалар ҳам бор.

БМТ Хавфсизлик Кенгаши отишмани дарҳол тўхтатиш тўғрисидаги резолюцияни кўриб чиққан, аммо АҚШ бу ҳужжатга вето қўйди.

Монтевидео Конвенцияси мезонлари

1933 йилдаги Монтевидео Конвенциясига кўра, ҳар қандай давлат қуйидаги тўрт шартга жавоб бериши лозим: доимий аҳоли, аниқ ҳудуд, ўз ҳукумати, бошқа давлатлар билан муносабатга киришиш салоҳияти.

Фаластин икки мезонга тўлиқ жавоб беради: доимий аҳолиси мавжуд ва халқаро алоқаларга кириша олади. Масалан, дипломат Ҳусам Зомлотнинг фаолияти бунга мисол бўла олади.

Бироқ ҳудуд масаласи анча мураккаб. Фаластинликлар ўз давлатининг таркиби деб ҳисоблайдиган Шарқий Қуддус, Ғарбий соҳил ва Ғазо 1967 йилдан бери Исроил назоратида. Ғарбий соҳилда қўшинлар ва яҳудий кўчманчиларнинг кенгайиши натижасида Фаластин маъмурияти ҳудуднинг фақат 40 фоизини бошқаради. Шарқий Қуддус яҳудий маҳаллалари орқали аста-секин Ғарбий соҳилдан узилиб қолмоқда. Ғазо эса икки йилдан ортиқ давом этган урушлардан сўнг вайронага айланган.

«Бизга янги раҳбарият керак»

Давлатчиликнинг яна бир муҳим мезони – ҳукумат масаласи. 1994 йилдан бери Фаластин Миллий Маъмурияти мавжуд бўлиб, уни Маҳмуд Аббос бошқаради. Бироқ 2007 йилдан бери фаластинликлар иккига бўлинган ҳукумат остида яшайди: Ғазода – ҲАМАС, Ғарбий соҳилда эса халқаро тан олинган маъмурият. Ҳудудий бўлинишга сиёсий парокандалик ҳам қўшилди: сўнгги сайловлар 2006 йилда бўлиб ўтган. Бугунги кунда бутун бир авлод ҳеч қачон сайловда иштирок этмаган. «Шунча йил сайлов ўтказилмагани ақлга сиғмайди. Бизга янги раҳбарият керак», дейди ҳуқуқшунос Диана Бутту.

Истиқбол

Шу тариқа, Фаластинни тан олиш кўпроқ рамзий аҳамият касб этмоқда. Дунё буни «икки давлат» ғоясига қўллаб-қувватлов сифатида кўради. Бироқ аниқ чегара ва ягона ҳукуматсиз, «Фаластин ҳақиқий давлат сифатида мавжудми?» деган савол очиқлигича қолмоқда.

Интернет хабарлари асосида Г.ХОЛДОРОВА тайёрлади.