Исроил Ғазо шимолида қуруқликдан операция бошлади, Анқара фаластинликлар ўз давлатига эга бўлмагунча уларни ҳимоя қилмоқчи
Исроил ҳарбийлари Ғазо шимолидаги Жабалия шаҳрида ҲАМАСга қарши операция бошлади. Қуруқликдаги операция бошланишидан олдин қирувчи самолётлар ҲАМАС нишонлари деб ҳисоблаган ўнлаб объектларга зарба берган.
Айни пайтда БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш зудлик билан ўт очишни тўхтатиш, барча гаровга олинганларни озод қилиш ва Фаластин анклавига инсонпарварлик ёрдамини кўпайтиришга чақирмоқда. Шу билан бирга, Гутерриш ўт очишни тўхтатиш ҳали бошланиши эканлигини таъкидлади.
Рафаҳда ҳам жанглар давом этмоқда. Миср билан чегарада жойлашган Рафаҳдан 300 мингга яқин фаластинлик чиқиб кетган. Тўқнашувлар Зайтун ҳудудида ҳам содир бўлмоқда.
Бу орада Туркия ҳам Ғазода ўт очишни тўхтатиш учун ҳаракатда давом этади ва ўз давлатига эришгунга қадар Фаластин даъвосини ҳимоя қилади, дейилади мамлакат ташқи ишлар вазирлиги баёнотида. Ташқи ишлар вазирлиги “Исроил ҳукуматининг сиёсати ҳам фаластинликлар, ҳам исроилликларнинг ўзига таҳдид солаётганини” таъкидлайди.