Исроил ва ҲАМАС ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришди

Исроил ва ҲАМАС Қатар воситачилигида 2023 йил октябрдан бери давом этиб келаётган Ғазо секторидаги урушни тўхтатишга келишиб олди.

АҚШ президенти Жо Байден ушбу келишув ўзи 2024 йил майда таклиф этган режага мувофиқ эришилганини таъкидлади.

Режа уч босқични ўз ичига олади. ОАВ хабар беришича, биринчи босқич олти ҳафта (42 кун) давом этади. Шу муддат ичида Исроил қўшинлари Ғазо секторидан босқичма-босқич чиқиб кетиши, ҳудудга эса ҳар куни гуманитар ёрдам юкланган бир неча юз юк машиналари киритилиши керак бўлади.

ҲАМАС шу муддат ичида гаровда ушлаб турилган 33 кишини озод қилади. Исроил гаровга олинганларнинг умумий сонини 94 киши деб баҳолаган бўлиб, уларнинг 34 нафари, эҳтимол, ҳаётдан кўз юмган.

Иккинчи босқичда Исроил ва ҲАМАС урушни бутунлай тугатиш учун чораларни муҳокама қилади. Бу босқич олти ҳафта давом этиши керак. Ушбу муддат ичида келишувга эришилмаса, ўт очишни тўхтатиш муддати узайтирилади.

Музокараларнинг учинчи босқичида қолган гаровга олинганларни Исроилга қайтариш ва Ғазо секторини қайта тиклаш режаси муҳокама қилинади.