Фақат дарс ўтмаяпмиз, вазифа ҳам беряпмиз

  Телефон, интернет бугун ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланган. Ушбу воситалардан фойдаланиб, масофадан туриб дарс машғулотларини олиб бориш мумкин экан. Бунинг учун албатта, ўқувчилар ва уларнинг она-оналари билан интернет орқали бўлса-да мулоқот қилиш, оилада болаларнинг таълим олишини назорат қилиш зарур. Биз ҳам ана шундай йўл тутяпмиз ва бу фойдали бўлмоқда.

  Дарс-ку ўтиляпти, лекин ўқувчиларнинг мавзуни ўзлаштираётгани, вазифаларни бажараётгани қандай назорат қилинади? Бугун кўпчиликни шу савол қизиқтиради. Тўғри, берилган вазифа бажарилиши ва назорат қилиниши керак. Бу ишни ҳам интернет орқали уддалаш мумкин экан. Ўқувчилар вазифани бажариб, уни сурат, видео ёки аудио шаклда бизга ташлаб бермоқда. Биз эса хатолари бўлса тузатяпмиз ёки камчиликларини ўзларига айтяпмиз. Тушунмаган жойларини қайта тушунтиряпмиз.

  Ҳа, ўқувчиларни баҳолаб боришни ҳам унутганимиз йўқ. Ҳар биримиз журнал тутганмиз. Хуллас, ишлайман, десак имконият бор, гап вазифага виждонан ёндошишда.

  Дилрабо Саидова,

  Самарқанд шаҳридаги 41-умумий ўрта таълим мактаби рус тили ва адабиёти фани ўқитувчиси