Фарғонада маст ҳайдовчи бошқарувидаги машина 6 нафар йўловчиси билан ағдарилиб кетди

Жорий йилнинг 2 ноябрь куни соат тахминан 23:45 ларда Фарғона вилояти Қўштепа туманида маст ҳолдаги ҳайдовчи М.А. томонидан тегишли ҳужжатларсиз бошқарилган «ВАЗ 2106» русумли автомашина иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган. Бу ҳақда тергов департаменти маълум қилди.

Ҳайдовчи бошқарувни йўқотиши натижасида автомашина Равнақ кўчасидаги кўприк ёнида йўлнинг ўнг чеккасидаги бетон тўсиққа урилиб, 6 нафар йўловчилари билан ағдарилган.

Бунинг оқибатида бир нафар йўловчи вафот этган, ҳайдовчи ва қолганлар эса турли даражада тан жароҳатлари олиб, шифохонага ётқизилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Қўштепа туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш оқибатида одам ўлишига сабаб бўлса) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда дастлабки тергов давом этмоқда.