Фарзандингиз ҳақига хиёнат қилмаяпсизми?!

Менимча, бу савол аслида ноўрин. Бинобарин, мўмин одам нафақат фарзанди, етти ёт бегонанинг ҳам ҳақини поймол қилмайди.
Тўғри, бугун ота-оналар фарзандлари учун керакли нарсаларни ортиғи билан олиб бермоқда. Моддий таъминот ота-онанинг фарзанд олдидаги асосий вазифаларидан эканлиги рост. Афсуски, айримлар ўзларининг ўғил-қизи олдидаги бурчи фақат шу, деб ўйлашади. Ҳолбуки, бундан муҳим, бундан қийин, аҳамиятли ишлар бор.
“Пешонанг ерга теккур”
Бола пайтларимиз бошқалар қатори шўх, ўйинқароқ бўлганимиз рост. Шу сабабли буюрилган ишни вақтида қилмай ёки бошқа сабаб билан энам (дадамнинг онаси)нинг кўп жаҳлини чиқарганман.
Табиийки, бундай пайтда ўтириб олган бувимнинг “Ҳа, пешонанг ерга теккур”, деб “қарға”ганлари ёдимда. Ўша пайтларда бу жумланинг моҳиятини кўпам тушунмаганман, аниқроғи, энам менга ёмонлик раво кўришига ишонмаганимдан айтганларининг маъносига қизиқмаганман.
Энамнинг яна айрим вақтларда “Ҳой, Маккага имом бўлгурлар”, деб бақириб қолганлари қулоғим остида ҳамон жаранглайди.
Бугун ақлимни таниб, қилғиликларим учун айтилган бу гаплар аслида эзгу тилак, яхши ният эканлигини англайман. Зотан, Роббисига илтижо билан сажда қилган кишининг пешонаси ерга тегиши хосиятли, айни дамда фарз амал экан. Бундан ташқари, Маккага имом бўлиш ҳар бир мўмин учун энг катта ниятлардан бири (генералликни орзу қилган аскар каби).
Ҳайрон қолганим, бугунги момолардан бу каби “сўкиниш”ларни эшитмайман. Балки бугунги момолар шу қадар назокат билан ёшларга дакки беришолмас?! Ёки улар фарзанд тарбиясида, умуман, мўмин кишининг ҳаётида ният (у тилда айтиладими, дилда бўладими, аҳамиятсиз) муҳим ўринга эгалигини билмайдими?!
Туғилмасдан тарбия бошланади
Эшитгансиз, оила қурадиган йигитга одатда “ўзингга умр йўлдош эмас, фарзандларингга она топ”, дейишади. Моҳиятига кўпам эътибор қаратилмайдиган бу қадимий насиҳат замирида оила бекасининг гўзаллиги, моддий аҳволидан кўра, заковатли ва фаросатли бўлишига эътибор қаратиш кўзда тутилган.
Умуман, оила, фарзанд тарбияси борасида назаримиздан четда қолаётган қадриятларимиз ниҳоят даражада кўпки, уларнинг айримларини турмушимизда қайта тирилтирсак, улкан натижаларга эришишимиз тайин.
Мисол учун, ҳадис илмининг султони Имом Бухорийнинг катта олим бўлишида отасининг ҳалоллиги муҳим аҳамиятга эга бўлганлиги якдиллик билан тан олинган. Зеро, Муҳаммаднинг отаси вафотидан олдин мол-мулкида бирор дирҳам шубҳалиси йўқ эканлигини билдирган.
Имом Аъзамнинг шогирди, савдогарлар устози сифатида танилган Абдуллоҳ Ибн Муборакнинг дунёга келиши тарихи ҳам катта ибрат мактаби. Чунки оддий бир қул қозининг боғида қоровуллик қиларкан, бу ердаги узумлардан бир дона татиб кўрмаган бўлади. Оқибат бундай ҳалол ва олижаноб йигитга ўз қизини никоҳлаб берган қози унинг яна бир ишидан ҳайратга тушади. Воқеликка кўра, ҳам озод, ҳам қозига куёв бўлган йигит қизга яқинлашмасдан кун ўтказади. Ҳолатдан хабар топган қозининг аёли бу ҳақда эрига айтганда, айни кунларда ноёб саналувчи ҳодиса юз беради. Яъни, куёвликка муносиб кўрилган қул қозига шундай дейди: “Сизнинг ҳалоллигингизга шубҳам йўқ, аммо танишларингиз, сизга яхши кўринишга ҳаракат қилувчилар орқали мол ёки мулкингизга ҳаром қўшилган бўлиши мумкин. Шу боис набирангиз покдомон бўлиши учун чилла сақлашни маъқул кўрдим”.
Бу оиладан кейинчалик дунёнинг тўрт томонига карвонлари қатнаб турган, минглаб сайёҳларни бағрига оладиган қатор меҳмонхоналар қурдирган, бугунги тилда айтганда миллиардер - Абдуллоҳ ибн Муборак туғилган.
Болангизга ўргатишга бурчлисиз
Дунё яралибдики, борлиқдаги жами мавжудот ўз наслининг давомчиларини суйиб, вояга етказишга ҳаракат қилади. Аммо фақат инсонгина фарзандларига илм бериш, уларнинг зукко бўлиб ўсишларига кўмаклашиш имконига эга. Бу вазифа мўмин-мусулмон кишига мажбурият ҳам экан.
Чунки Ҳадисда “Боланинг отадаги ҳақи унга ёзишни, сузишни, камондан отишни ўргатиши ҳамда ҳалол ва покиза нарсалар бериб тарбиялашидир”, дейилган. Бундан ташқари, ота ўз боласига чиройли одобдан кўра яхшироқ нарса бера олмаслиги нақл қилинади.
Бугун сизу биз айни шу ишнинг уддасидан чиқа оляпмизми? Статистик ҳисоботларга кўра, ҳозирги кунда сутка, яъни 24 соатлик вақт оралиғида ота-оналар фарзанди учун бор-йўғи 10 дақиқа вақт ажратаётган экан.
Ўзингизни алдашга уринманг. Шунчаки хулоса чиқаринг, тамом, вассалом!
Албатта, кимгадир ақл ўргатиш фикридан йироқмиз. Аммо шу топда Алишер Навоий олти ёшида шеър ёза бошлагани, Имом Бухорий тўққиз ёшида Қуръони каримни тўла ёд билганини қайд этиш ўринли. Қолаверса, Абу Райҳон Беруний ўн беш ёшида самони кузатиб, тадқиқ қилган, Ибн Сино ўн олти ёшида машҳур табиб бўлган.
Негалигига қизиқиб кўрганмисиз?
Маълумотларга кўра, аждодларимиз ўғил бола 12 ёшида балоғатга етишининг тадоригини кўрган. Яъни, шу ёшга етгунча унга жисмоний, руҳий камолоти учун кўмак берилган, илм олиши таъминланган. Бу ёшгача назокат билан тарбияланган фарзанд кейин хатога йўл қўйилса, қамчиланган.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳам ҳеч бир истиҳоласиз айни шу ёшида тахтни бошқаришни билгани ҳам шундан, дейишади.
Ўзингизга савол бериб кўринг
Одам боласининг ҳайвондан фарқли томонларидан бир шуки, қилаётган амалимиз ёки ҳаракатсизлигимизни ақл ва одоб тарозисида ўлчай биламиз. Бироқ таҳлилларга кўра, бугун айрим кишиларимиз бу юмушни унутяпти ёки удда қила олмаяпти.
Келинг, ўзингизга савол бериб кўринг: ўғлингиз ёки қизингиз турмуш қуриши олдидан у билан ўзбекона рўзғор тутуми, эр-хотинлик одоблари ҳақида неча соат суҳбатлашгансиз? Ёки уларга бу борада қанча нарса ўргатгансиз?
Таниш имомлардан бири айтадики, икки ёшнинг никоҳи ўқилаётганда иймон калимаси – “Ла илаҳа иллоллоҳ”ни ёддан айтиб бера олмайдиган ёшлар бор. Улар никоҳ муқаддас эканлиги, унинг дарз кетиши Аршни ларзага келтиришини билади, деб ўйлайсизми? Умуман, бундайлар Арш нималигини билишармикан?
Аслида, ота-она, ёши улуғлар юқоридаги қайд қилинган тушунчалар моҳиятини билиши, сўнгра уни ёшларга ўргатишлари зарур.
Сиз-чи, ўзингиз билишингиз КЕРАК, ШАРТ бўлган тушунча, масалалар борлигини, уларнинг моҳиятини биласизми? Афсуски, шунга дуруст жавобимиз бўлмаса-да, бугунги авлоддан Бухорийлар чиқмаяпти, нега Ибн Синолар йўқ, деб юрибмиз.
Савол туғилади, арзимас далиллар билан ўзимизни оқлаб, фарзандларимиз бизга омонат ва масъулият эканлигини ёддан чиқармаяпмизми?
Ёқубжон МАРҚАЕВ.