Форс кўрфазида АҚШ ва Эрон ўртасида юзага келган кескин вазият қанчалик жиддий?

Дастлаб АҚШ Президенти Дональд Трамп Форс кўрфазида Америка кемаларига яқин келган Эрон кемаларини йўқ қилишни буюрди. Унга жавобан Теҳрон ҳам АҚШ харбийлари ҳужумга ўтса, жим қараб тўмасликларини маълум қилди. Нима сабабдан ҳозирги оғир вазиятда икки мамлакат вазиятни кескинлаштирмоқда?

Апрель ойининг бошларида Эроннинг ҳарбий денгиз кемалари бир неча бор АҚШ денгиз ҳарбий кучлари (ДХК) кемаларига яқин масофага келган ва кетишлари тўғрисидаги талабни бажаришга шошилмаган. Бир неча ҳафтадан сўнг Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпусига (ИИҚК, Эрон ҳарбий кучларининг етакчи бўлинмаси) тегишли бўлган катерлардан бири АҚШ эсминц кемаси ёнгинасида бир соатдан ортиқ қолиб, турли қилиқлар қилган ва америкаликларнинг асабига теккан.

Бу воқеадан сўнг Трамп АҚШ кемалари ёнига яқинлашган ҳар қандай Эрон кемасини йўқ қилишни буюрди.

Расмий Теҳроннинг фикрига кўра, АҚШ кўрфазда ноқонуний жойлашиб олган ва денгиз ҳуқуқлари қоидаларини бузмоқда. “Улар биздан жиддий жавоб олди”, деди Эрон контр-адмирали Алиреза Тангсири Трампнинг таҳдидига жавобан.

Вазият оғзаки таҳдидлар билан чегараланмади. ИИҚК раҳбарияти Форс ва Уммон кўрфазларида Америка авиаташувчиларига қарши учиш масофаси узоқлаштирилган ракеталар жойлаштирилишини маълум қилди.

“Илгари уларнинг таъсир радиуси 45 километрдан ошмаган бўлса, айни вақтда бизда 700 километргача бўлган масофани босиб ўтишга қодир ракеталар тури мавжуд”, деб қўшимча қилди Тангсири.

Бироқ Эрон эришган энг асосий ютуқ – бу фазога учирилган дастлабки “Нур” номли сунъий йўлдош. “Яратганнинг марҳамати билан Эрон фазовий мамлакатга айланди. Ускуна хорижий мамлакатлар ёрдамисиз ва АҚШнинг санкцияларига қарамасдан бунёд этилди”, деди муваффақиятли амалга оширилган парвоздан сўнг ИИҚК командири Хосейн Салами.

Вазиятни кузатиб турган мутахассис Андрей Баклицкийнинг фикрига кўра, Трампнинг Эрон кемаларини ўққа тутилиши тўғрисидаги буйруғи ижро этилмайди. “Оқ уй раҳбарининг ижтимоий тармоқлардаги сўзлари ҳар доим ҳам вазиятни тўғри ёритмайди. Журналистлар томонидан “Трампнинг буйруғидан кейин нима ўзгаради” деган саволга америкалик ҳарбийлар узоқ ўйланиб қолди ва ҳозирча ҳеч нарса дея жавоб бермадилар”, дея тушунтирди мутахассис РИА Новости нашрига.

Баклицкийнинг сўзларига кўра, агар Эрон катерлари ҳақиқатдан ҳам АҚШ ДХК таҳдид солганларида уларни шунчаки чўктириб юборишарди.

“Америкаликлар турли кескинликларга боришни истамайди. Шундоқ ҳам улар ҳозир оғир аҳволда. “Теодор Рузвельт” авиаташувчи кема экипажи аъзолари коронавирус инфекциясини юқтириб олдилар. Айни вақтда Форс кўрфазида бошқа авиаташувчи крейсерлар ҳам мавжуд. Бироқ улар бошқа йўналишларни ҳам назорат қилишлари зарур. Асосий масала – Хитойга босим ўтказиш бўлиб турипти. Шу сабабдан ҳам АҚШ денгиз флоти Эрон қирғоқларига қўшимча кучларни юборишдан манфаатдор эмас”, деб тахмин қилди сиёсатшунос.

Баклицкийнинг таъкидлашича, Эрон ҳукумати ҳам жанг қилиш иштиёқида эмас. Барчага молиявий йўқотишларсиз тўқнашув давом этаётганини кўрсатиш муҳим.

“АҚШ ва Эрон қарама-қаршилигида вақт АҚШга қарши ишламоқда. Вашингтон санкциялар жорий этди, Эрон кемаларини ўққа тутди, ҳатто Сулаймонни ўлдиришгача борди. Аммо Теҳрон ракеталар учиришни давом эттирмоқда ва умуман америкаликларнинг ғашига тегишда давом этмоқда”, - таъкидлади Баклицкий.

“Трампнинг Президентлиги биринчи муддати якунига етмоқда. Ташқи сиёсатдаги муҳим вазифалардан бири – Эронни жазолаш амалга оширилмади”, дея фикрига якун ясади мутахассис.