Франциялик фермерга туман ҳокими ким эканлиги аҳамиятсиз, Швецияда ҳокимга бирорта ташкилот бўйсунмайди

Зоир Зиётов – олим, пахтакор. Билим ва салоҳияти туфайли 25 ёшида Иштихон туманидаги «8-март» колхозида раис бўлиб, донгдор раҳбар сифатида танилган. Олим Европанинг қатор ривожланган давлатларида бўлган ва қишлоқ хўжалигининг илғор тажрибаларини ўрганган. Қуйида олимнинг қатор давлатларда кўрганлари ҳақида ўқийсиз.

Фермернинг кичик корхонасида 5 минг долларлик вино

Ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллари охирларида Султонов бошчилигидаги хукумат делегацияси самолёти ярим тунда Париж аэропортига қўнди. Эрталаб сенат йиғилишида қатнашдик, унда кун бўйи иштирок этдик. Кейин гуруҳларга бўлиниб, француз ишбилармонлари билан музокаралар бўлди. Учинчи куни Франция томони нимани кўришга иштиёқимиз борлигини сўради. «Қишлоқ хўжалигига алоқадор, Париждан узоқроқ жойлардаги бирорта фермер хўжалигини кўрсак», деб ташаббус кўрсатдим. Рози бўлишди.

Бизлар ташриф буюрган фермер хўжалигининг 80 гектар узумзори ва йилига 1 миллион бутилка вино ишлаб чиқарадиган заводчаси бор экан. Улар билан обдон танишдик, делегация келишига махсус тайёргарлик кўрилмагани аниқ, чунки таклифни бизлар тўсатдан киритгандик. Танишувдан сўнг бизни ертўлага олиб тушди, бу ерда 100 йиллик винолар ҳам бор экан, меҳмонлар шарафига тахминан 5000 доллар эквивалент баҳосига тўғри келадиган бир бутилка вино очилди. Винони таъмини тотиб тушунмасак ҳам зўр, деб мақтадик, мезбонлар хурсанд бўлишди. Лекин ич-ичимизда 5000 долларлик винога ачиндик, уни бизларга очгандан кўра сотганда бундайроқ машина бериши мумкинку, деб ўйладик. 

Фермер 80 гектар узумзордан 80 центнердан ҳосил оларкан... 90 центнер ҳам, 60 центнер ҳам эмас. Акс холда бўлажак винонинг маркаси бузиларкан ва айнан шу марка винога бўлган талаб йўқоларкан. Бу хўжалигининг инқирозга учрашидан дарак экан. Фермернинг ҳикоясини биз, делегация аъзолари эртак эшитгандек тингладик. Делегациямиз таркибида бир неча нафар туман ҳокимлари ва ҳатто икки нафар вазир ўринбосари ҳам бор эди. Дарвоқе, сафимизда марҳум Бахтиёр Тўхтабоев (ёзувчи Худойберди Тўхтабоевнинг ўғли) ҳам бор эди. 

Камина фермерга бир неча савол билан мурожаат қилдим.

- Фирмада неча нафар ёлланма ишчи ишлайди?

Унинг айтишича, бир нафар ҳисобчи муҳандис доимо ишларкан. Мавсумда эса заводга вақтинчалик ишчилар ёлланаркан. Узумни парвариши билан боғлиқ барча юмушлар (масалан, ўғитлаш, зараркунандаларга қарши курашиш, бошқа ишловлар қилиш) махсус хизмат кўрсатиш ташкилотлари томонидан шартнома асосида ўтказилади. Шартноманинг талаби жуда қаттиқ, уни бажара олмай қолганда ўша ташкилот катта жарима тўлайди. 

- Фирмангизга туман ҳокими келиб ишларингиз билан танишиб, йўл-йўриқ кўрсатиб ёки камчиликларингизни танқид қиладими?

Бу саволим, аввало, делегация аъзоларини сергаклантирди. Саволни таржимонимиз - кореялик Лиля узоқ тушунтиргач, улар ҳайрон бўлишди. Фермер ўғли билан саволни узоқ муҳокама қилгач, қуйидагилар маълум бўлди: аввало, туман ҳокими ким эканлигини узоқ музокарадан сўнг аниқлашди, ота-бола иккаласи уни танимас экан, қолаверса ўша ҳоким ҳам булар қатори фермер, даромади шундан. Ҳокимлиги ойлик маошсиз лавозим, у туманнинг ижтимоий соҳалари, маданият ишлари билан шуғулланаркан. Умуман, ҳеч қандай ишлаб чиқариш масалаларига тумшуғини тиқишига зарурият бўлмас экан. Хўп, ахир фермер ишларини текширишга кимдир келадими, деган саволимга бир йилда бир марта фермерга бириктирилган солиқ бўйича мутахассис келиб, солиқлар тўланганини хисобчи билан таққослаб, далолатнома тузиб кетаркан. 

Фермерни сўроққа тутишда давом этдим.

- Фермер жаноблари, ноёб виноларингизни кўриб ҳайратга тушдик. Туманга ҳар жойдан меҳмонлар келиб туриши аниқ, шу меҳмонлар учун туман раҳбари одам юбориб «Бир-икки ящик виноларингиздан бериб юборинг», деб мурожаат қилдими?

Очиғи, у бу саволимдан ҳайратланди: «Нега энди?.. Нега беришим керак? Мен ундан қарзмидим?..». 

Бизда-чи? Мустақил давлат бўлганимизга ўттиз йил бўляпти, лекин ҳамон ҳоким фермердан нимадир кутади, улар ишига аралашади. Хўш, нега аралашади? Аралашмаса нима бўлади? Фермерлар ишига ҳозирги шароитда ҳоким ра ҳбарлик қилмаслиги имконсиз. Нега? Бунинг учун фермерлар учун бошқа муҳит пайдо бўлиши лозимми? Ҳукуматнинг ҳозирги ҳаракатлари шунга қаратилгандек кўринади менга. Лекин гап фақатгина хукуматнинг интилишидами? Одамлар тафаккурида ҳам кескин ўзгаришлар бўлиши зарур эмасми? Бу ўзгаришлар кимлардан бошланиши лозим? Чақалоқлигиданми?..

Инсон онгини тарбиялашни чақалоқликдан бошлаш керак, демоқчийдим. Бизларда, хусусан, Иштихонда чақалоқларни юпатиш учун бужи келди, деб қўрқитишади. Чақалоқ сал катта бўлгач, оналар уни "Ана милиция келди, ҳозир бериб юбораман" деб қўрқитишади. Тамом, шу билан болалар онги деформацияга учрайди, катта бўлганда у биладики онаси йўқ бужи билан қўрқитиб алдаган экан. Демак, ёлғон гапириш мумкин, милицияга эса у ҳам қўрқув, ҳам нафрат билан қарайдиган бўлади. Улғайган бола катта бўлгач, қўрқув билан яшашга мажбур. У энди эркинлигини бутунлай йўқотган одамга айланади...

Ука пиво ичган акани полицияга берди, аммо ака хафа эмас

Швециянинг Стокгольм шаҳридамиз. Ҳаммамиз – болалар, неваралар тўпланганда бир хонага сиғмаймиз. Шундай тўпланганларимизнинг бирида икки ёшли Амирбек хархаша қилиб, катталарнинг гапини бир-бирига қовуштирмай турганда Ирода неварамизга аяси "Ирода, тур, болам, Амирбекни алдаб-сулдаб пастга олиб тушиб, бассейнга олиб бор" деди. Иродани юзида ҳам ҳайрат, ҳам саросима пайдо бўлди, қолганлар ҳам аянинг нотўғри топшириқ берганини дарҳол сезди. Ирода "Ая, тушунмадим, нега Амирбекни алдашим керак, ахир бу нотўғри-ку" деди. Кейин аяси хатосини тузатиб тушунтиришга тўғри келди. 

Болалар онгини тўғри тарбиялаш, болаларни эркин инсон бўлиб вояга етишиши учун швед давлати бор кучини сарфларкан, бошқача айтганда, бола тарбияси, унинг ҳимояси биринчи ўринда, кейин ҳайвонлар, кейин хотин-қизлар, кейин бошқалар... Инсон табақаларга бўлинмай ҳимоя қилинади бу юртда.

Буларнинг ҳаммасининг заминида қонунга оғишмай бўйсуниш тушунчаси ётади, шоҳ ҳам, гадо ҳам қонунга бирдек оғишмай бўйсунади. 

Айтайлик, бола бетоб бўлиб қолса унга ота-онаси дорини мажбурлаб беришга, алдаб-сулдаб беришга хақи йўқ. Шу дорини ичиши зарурлигига болани ишонтиришга мажбур, ишонтира олмаса дорини ичмайди, тамом-вассалом. Борди-ю мажбурлаб ичкизса, бола боғчага боргач, буни айтиб бериши мумкин. Бунинг оқибатида бола оиладан олиб қўйилиши ҳеч гап эмас. 

Бир куни Швеция қироли машинасида хотини билан шаҳарга сайр қилгиси келиб қолди ва машинасини тўхтатиш мумкин бўлмаган жойга қўйди. Бир зумда қирол журналистлар қуршовида қолди... Бу хатоси учун у халқидан бир неча кун кечирим сўради. 

Ака уканинг уйига меҳмонга борди. Ака меҳмонда ётиб қолиши маълум бўлгач, пиво ичишга қарор қилишди. Лекин бироз ўтиб ака кетгиси келиб қолди, ука уни пиво ичганлиги учун машина ҳайдаб кетишга ҳақи йўқлигини тушунтирди. Аммо ака барибир машинасида кетди. Ука шу заҳоти полицияга қўнғироқ қилди. Ака 15 кунга қамалди, бироқ укадан хафа бўлмади. Чунки ука бу иши билан уни бирор кўнгилсизликдан сақлаб қолгандир... 

Швеция одамларнинг ҳаёт тарзини ўрганиб бир нарсага амин бўлдим: шахс менталитетини, бутун бир халқнинг менталитетини қонун орқали ўзгартирса бўларкан. Шведлар аввалдан урушқоқ халқ эди, руслар билан уч юз йил тинимсиз урушиб келган халқ, фашистлар Германиясига Иккинчи жаҳон урушида, юмшоқ қилиб айтганда, хайрихох бўлган. Қандай қилиб бутун халқ ёппасига бағрикенг одамларга айланиб қолди экан. Борди-ю Швецияга бориб қолсангиз қўлингизни кўтариб саломлаша кўрманг, у фашистларнинг саломлашиши деб тушунилади ва сизда қонун олдида муаммо пайдо бўлиши мумкин.

320 гектар ери бўлган фермернинг йиллик даромади - 2 миллион доллар

Швеция шимолий давлат, етмишинчи йилларда буғдой юз фоиз четдан олиб келинарди. Ҳатто маккажўхори дони ҳам пишмайди бу иқлимда. Бугун Швеция ўзини буғдой билан таъминлашдан ташқари уни экспорт ҳам қилаётир. Қандай қилиб эришди бунга? Умуман, қандай қилиб бой давлатга, халқини кучли ижтимоий химоя қиладиган мамлакатга айланди? 

Шуларни ўйлаб, Швециянинг қишлоқ хўжалиги ютуқлари, фермерлар ҳаётини ўрганишни мақсад қилдим. Бунинг учун бир пайтлар Иштихонга борган танишим, қишлоқ хўжалиги бўйича мутахассис Валдема р билан боғландим.

Валдемар машинасида келди-ю жанубга - Дания томонларга боришимизни маълум қилди. 

Йўл-йўлакай мен ўзимни унга яқинроқ таништирдим, серфарзанд эканлигимни, олти нафар қизим, бир нафар ўғлим борлигини айтиб. Гапларимни табассум билан эшитди-ю ҳайратланмади, бу шведларга хос менталитет, улар умуман эҳтироссиз одамлар. Нимадандир жуда ҳам хурсанд бўлиб кетган битта ҳам шведни кўрмадим.

- Жаноб Зиятов, шведлар ҳам сизлар каби оилапарвар одамлар, аксарияти болажон. Ўртача икки, уч нафар фарзанд - норма. Менинг икки нафар ўғлим бор. 

- Невараларингиз ҳам бордир.  

- Йўқ, ҳали ўғилларим уйланмаган. 

- Улар неча ёшда? 

- Бири 38, иккинчиси 36 ёшда. Ҳайрон бўлманг, Швеция учун бу ҳам норма... Бизда ёшлар ўз уйига, даромад қилиб ўзини боқа олиш даражасига етмаса оила қуришмайди. 

…Стокгольмдан жанубга 300 километрча юриб, бир фермер хўжалигига келдик. Валдемар бу фермер хўжалиги ҳақида қисқача ҳикоя қилиб берди: хўжаликнинг 320 гектар ери бўлиб, уруғлик учун буғдой ва сули экилар экан, йиллик даромад - 2 миллион долларга яқин. Ёлланма бир нафар ишчиси бўллиб, йилига 60 минг доллар маош бераркан. Яқинда шунча пулни бекорга харажат қиламизми, деб унга ҳам жавоб беришибди. 

Фермернинг айтишича, ҳукумат селекционерларни маблағ билан таъминлаб, қисқа муддатда тезпишар навлар яратилишини рағбатлантирибди. Натижада ўнлаб илғор уруғчилик хўжаликлари пайдо бўлибди ҳамда улар ўртасида юқори ва сифатли ғалла уруғи яратиш бўйича соғлом рақобат пайдо бўлибди. Ўн-ўн беш йилда бу кутилганидан ҳам кўпроқ натижа берибди. Бугунги кунда Швеция буғдой билан ўзини таъмилашдан ташқари уни экспорт қилаётир. 

Қизиғи шундаки, фермернинг ўзи ҳам, ўғиллари ҳам уруғчилик корпорациясида ишларкан. Турмуш ўртоғи - ўқитувчи, у хўжаликни ҳисоботини ҳам юритаркан. Ерни ҳайдаш, экинни экиш ва йиғиштириб олишни ота-болалар асосий ишидан таътилга чиқиб амалга ошираркан. Трактор спутник орқали одамсиз бошқариларкан. Тракторга миниб, спутник бошқарувида бориб-келиб, ўзим ҳам бунга иқрор бўлдим.

Чорваси ҳам ўрганишга арзигулик: плёнкага ўралган сенаж (суратда), унинг ичидан ҳавоси сўриб олинган, швед моллари ёзин-қишин янги ўрилгандек ўт истеъмол қилади, сигир-у қўйларга умуман қуруқ хашак берилмайди. 

Фермер билан бошқа хўжаликларнинг ерлари билан ҳам танишдик. Қўшни фермернинг бири асаларичиликка ихтисослашган, 80 гектар ери бор, эгаси 85 ёшдаги киши бўлиб фермерлигини сотувга қўйибди. Чунки ўғилларининг шаҳарда бошқа безнеси бўлиб, ерга эгалик қилишдан воз кечишибди. 

- Ерини сота олмаса нима бўлади, туман ҳокимлиги ерни давлат захирасига оладими? – деб сўрайман.

- Йўқ, туманга тегишли давлат захирасидаги ер мавжуд эмас, - дейишди. - Ҳокимлик билан фермер хўжалиги орасида муносабат йўқ, туман хокимининг фермер ишига аралашадиган бирорта сабаби ҳам йўқ. 

- Ахир, табиий офат ёки шунга ўхшаш фавқулодда бўладиган ишларда ёрдам бермайдими ҳоким? 

- Нимаси билан ёрдам бериши мумкин, ҳокимнинг бирор ресурси бўлмаса, бирорта ташкилот унга бўйсунмаса. 

- Умуман, ҳукумат фермернинг ерини маълум бир сабабга кўра олиб қўйиши мумкинми?

- Ундай тушунча йўқ бизда, чунки ер хусусий. Хусусий мулкни тортиб олиш қонунга зид, мамлакатда ҳамма қонуннинг ҳар бир ҳарфига итоат қилади.

Зоир Зиётов.