Футбол. Ўртоқлик учрашуви: Ўзбекистон терма жамоаси Уругвай жамоасига қарши майдонга тушади

Бугун 2026 йилда АҚШ, Канада ва Мексикада бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатига жиддий тайёргарлик кўраётган Ўзбекистон миллий терма жамоаси икки карра жаҳон чемпиони — Уругвай билан ўртоқлик учрашуви ўтказади.
Вакилларимиз Малайзиянинг Малакка шаҳрида Уругвай терма жамоаси билан куч синашади. Ўйин Тошкент вақти билан соат 17:45 да "Ханг Жебат" стадионида старт олади.
Бу ўйиндан олдин терма жамоамиз Қувайт жамоасини енгган бўлса (2:0), Уругвай Доминикан Республикасини 1:0 ҳисобида таслим қилди.
Беллашув олдидан кўплаб халқаро спорт нашрлари, жумладан “Soccer365” сайти жамоаларнинг ҳолати ва эҳтимолий натижалар бўйича таҳлил тайёрлади.
Унда ёзилишича, терма жамоамиз қарийб 11 ойдан буён мағлуб бўлмаяпти — 11 та учрашувдан буён ўз дарвозасига йўл бермаган. Охирги икки йил ичида фақат Қатарга қарши баҳсда (102-дақиқа) сўнгги лаҳзада мағлубият қайд этилган.
Қувайтга қарши ўйиндан кейин асосий ҳужумкор футболчи Аббосбек Файзуллаев жароҳати туфайли йиғинни тарк этди. Шунингдек, тажрибали ҳимоячи Фаррух Сайфиев ва ярим ҳимоячи Одилжон Ҳамробеков ҳам соғлиги сабаб жамоадан чиқарилди.
Каннаваро айрим чақирилган футболчиларни орқага қайтариб, улар ўрнига ҳужумчилар Руслан Жиянов ва Ҳусайн Норчаевни жалб этди.
Сўнгги уч ўйинда жамоа ўз дарвозасини дахлсиз сақлаб қолди. Умуман, сўнгги 11 учрашувдан 8 тасида гол ўтказилмаган. Шу билан бирга, Ўзбекистон охирги 13 баҳснинг фақат иккитасидагина рақиб дарвозасига йўл топа олмаган.
Бу серияда ўзбеклар жаҳон чемпионати йўлланмасини ҳам таъминлаб улгурди — БААдаги ҳал қилувчи ўйинда голсиз дуранг уларни мундиалга олиб чиққанди. Шундан бери жамоа 6 ўйиндан буён гол урмоқда.
“Soccer365” сайти тахминига кўра, бўлажак учрашув 1:1 ҳисоби билан дуранг натижа билан якунланиши мумкин.
Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, бу баҳс Каннаваро шогирдлари учун нафақат синов, балки жаҳон чемпионати олдидан ўз кучини халқаро даражада баҳолаш имконияти ҳам бўлади.