Гагариннинг тошкентлик дўсти

(Эксклюзив суҳбат-очерк)
Асрлар давомида одамлар воқеликда биринчи бўлганларни ўрганди, иккинчи, учинчилар эса... кўпинча паналарда қолиб кетди.
– Космосга биринчи ким чиққан?
– Юрий Гагарин.
– Иккинчи бўлиб-чи?
– Эслолмадим...
Демак доим биринчи бўлиш керак.
Гагариндан кейин то бугунгача фазога юзлаб учоқлар учди, аммо фазогир уларнинг биринчиси эди.
Хуллас, Гагарин билан боғлиқ нимаики бўлса, инсониятга ҳамон қизиқ туюлади...
***
Илк косманавтни кўрганлар ер юзида саноқли қолгандир, аммо у билан бирга ўқиб, дўстлашиб юрганлардан бири... ҳозир ҳам тирик десам, биров ишонармикан? Агар у Тошкентда яшаётган бўлса-чи?
Уч фазогирнинг дўстона сурати неча кундирки мени ўйга толдиради. Улардан бири Борис Белахатюк – Тошкентда яшар экан. “Самарқанд дарвоза” атрофидаги маҳаллаларни кезиб юрар эканман, нуқул унинг манзилини сўраш учун бирор мўйсафидни қидираман. Тўғрида, ёшлар қаердан билсин.
Охири, маҳалла раиси бошчилигида уни топишга муваффақ бўлдим. Аввал “маҳаллаком”нинг ўзи гаплашди. Айтишича, суҳбатга рози бўлмабди.
– Бошқа бирор куни келинг, кайфияти яхши бўлса, хўп деб қолар... – деган илинж билан орқага қайтдим.
Тўрт-беш кун сим қоқавериб, раисни тинч қўймадим. Охири: – Келсангиз келинг, уйига олиб бораман. Хоҳласа гаплашади, бўлмаса йўқ, – дея масалага нуқта қўйди. Учиб бордим. Биргаликда кўҳна “дом”нинг биринчи қаватидаги хонадонга кирдик. Борис ака жиддий кутиб олди.
– Ичадими, – деди у маҳалла раисига мени ишора қилиб.
– Йўқ, – дея бош ирғидим.
– Унда интервью ҳам йўқ, хайр, – деди фазогирнинг дўсти.
Унинг овози йўғон, дубляж усталариники каби жарангдор эди. Бироз ўнғайсизланиб қолдим. Буни сезган Борис ака: – Хафа бўлмайсизлар, “принцип”им шунақа. 200 граммни ича олмаган одамга унча ишонгим келмайди.
“Маҳаллаком” “пиқ” этиб кулди. Фазогирнинг дўсти ва мен ўта жиддий қиёфада қолдик. Сал ўтмай, Борис ака стаканни тўлдириб қуйди.
– Суҳбатни бошлаймизми? – деди стаканга ишора қилиб дадил овозда. Негадир хўрлигим келди. Елкамдан оғир сўмкамни ечиб, ёнимдаги стулга қўйдиму, стаканни қўлга олдим. Суҳбатдошнинг кўм-кўк кўзлари менга қадалиб турди. Кўзимни чирт юмиб, энди ичишга чоғланганимни биламан, “стой” деди фазогирнинг дўсти.
– Ғужуринг ўлмаганини билишим керак эди. Дуруст. Майли, озгина гаплашамиз, фақат оозгина...
Юрий томон йўл
– 1955 йил. 10-синфни тугатишим билан, бизни армияга олиб кетишлари керак эди. Лекин мен унга қадар, яъни 9-синфда ўша пайтлардаги “ДОСААФ”(ҳозирги Мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти)нинг лётчиклар бўлимига ўқишга кирган эдим. Икки йил қатнадим. Бизни Сирдарёга олиб кетишди, учувчиликдан дарс олиб, ҳатто мустақил парвозни ҳам ўрганган эдик. Мактабни тугатишимиз билан “Пилот” деган диплом ва Оренбург ҳарбий учувчилик институтига йўлланма беришди. Бордик, синовлардан ўтиб, ўқишга кирдик.
Негадир мен ўша онда Борис аканинг ҳар бир сўзини қанчалик мантиқли эканини текширишга уринардим. Унга ишонмаганимдан эмас, шунчаки инсон хотираси панд бериши, чалкашиши мумкин, деб ўйладим. Ахир орадан оз вақт ўтдими? Шунинг учун у айтган айрим фактларни аниқ манбалардаги далиллар билан таққослашга ҳаракат қилдим.
Факт: 1955 йилда Гагарин ҳарбий хизматга чақирилади. Уни Оренбургдаги Климент Ворошилов номидаги ҳарбий учувчилар тайёрлайдиган 1-авиация ҳарбий билим юртига жўнатишади.
– Бу йигитга Гагарин билан қандай танишганингизни айтинг, – газетага қизиқ-да... “Маҳаллаком” суҳбатни шу тариқа бўлиб қўйди. Фазогирнинг дўсти бироз сукут сақлади. Сўнг, андак жилмайиб: – Узр, ўшанга обораётгандим, – деб қўйди.
– Қисқаси, биринчи курс пайтим. Спорт майдончасида баскетбол ўйнаётган бир йигитга кўзим тушди, четдан кузатиб турдим, чаққон, ўзини катта спортчилардек тутади. Азбаройи баскетболга қизиққаним учун, у билан танишгим келди. Бориб исмини сўрадим.
– Юрий, – деди у.
– Фамилиянгчи?
– Гагарин...
– Мен Борис Белахатюк. Танишганимдан хурсандман.
Сизга ғалати туюлаётган бўлиши мумкин. Аммо у ўша пайтлар оддийгина Юрий Гагарин эди.
У мендан: – Баскетбол ўйнашга қалайсан, – деб сўради. Шундан сўнг жамоа йиғдик, тайёрланишни бошладик.
Курсантларга ўхшаб, бизнинг ҳам кун тартибимиз қатъий белгиланган эди: нонушта, жисмоний тарбия, тушлик, дарслар... фақат кечқурун бўш вақтимиз бўларди. Шу тариқа Гагарин билан икки йил дўстлашиб юрдик. У жуда масъулиятли ва чиниққан бола эди. Бизда Бекобод бор-ку, у Москванинг шунга ўхшаган жойида – пўлат қуйиш заводида ишлаган. Бизнинг “Ватанпарвар”га ўхшаган жойда ўқиган, ҳарбий тартиб бўйича жуда яхши спорт тайёргарлигига эга эди.
Факт: 1954 йилда Гагарин Саратовдаги Мудофаага кўмаклашувчи ташкилот қошидаги аэроклубга қатнай бошлайди. Бу ердаги бир йиллик таълим давомида у учувчилик сир-асрорларини ўрганади.
– Биз икки йил бирга ўқидик, Юрий ҳамма фанлардан яхши ўқирди, ниманикии сўрамайлик, тушунтиришдан эринмасди. 1957 йилда уни бошқа полкка кўчиришди. Бу полкда асосан битирувчилар жамланган бўлиб, улар самолётларда учишни машқ қилар эди.
Факт: 1957 йилда билим юртини аъло баҳолар билан тугатган сўнг Юрий Мурманскдаги 769 ва 122-авиация қирувчи полкларида ҳарбий учувчи сифатида хизмат қила бошлайди.
Ўшанда биз ҳаётнинг икки ирмоғидан кетдик. Мен шароит тақозоси билан Тошкентга қайтдим, у эса шимолга – Орхангелскка кетди. Бир йил ўша ерда ҳарбий қисмда учиш билан жиддий шуғулланди.
Эсимда, 1959 йилнинг охирларида военкоматга солдатларни танлаб олишга келишганидек, Юрий ўқиётган жойга ҳам “харидор”лар келишган. Улар 2000 нафар йигитдан 10 фоизини танлаб олишган. Улар ичида Гагарин ҳам бор эди. Номзодлар, 25-30 ёшда, бўйи 170 сантиметрдан юқори, 70-72 килограмм оғирликда бўлиши лозим эди. Балки ишонмассиз, Гагариннинг бўйи 1,64 см эди. Уни фавқулодда ақлий ва жисмоний ҳолати яққол кўзга ташланар, балки шунинг учундир, унга бу қолиплар мос келмас эди.
Факт: 1959 йил 5 январда КПСС Марказий қўмитасининг 22-10-сонли, 22 майда Министрлар Советининг 569-264-сонли “Биринчи космик парвоз учун космонавтлар танлаб олиш ҳақида”ги қарорлари чиқади. 1959 йил 9 декабрда космонавтликка номзод сифатида рўйхатга олишларини сўраб илтимоснома ёзган Гагаринни Москвага тиббий кўрикдан ўтиш учун чақиришади. У кўрикдан муваффақиятли ўтади ва номзодлар сафига қўшилади.
Борис ака мени қизиқтириш учун Гагариннинг бўйини 1,64 см деб айтаяпти деб ўйладим бошида. Аммо у деярли ҳақ бўлиб чиқди. Учувчи ҳақида ёзилган рус манбаларининг бирида шундай ёзилган:
Факт: Учиш мактабида ўқиётганда Гагаринда самолётни қўндиришда муаммолар кузатила бошлайди. Бошқа фанлардаги яхши натижаларига қарамай, мактаб маъмурияти ҳатто уни ўқишдан четлаштирмоқчи ҳам бўлади. Аммо, кейинчалик, мактаб директори Гагариннинг бўйи (165 см) туфайли мазкур муаммолар келиб чиқаётган бўлиши мумкинлиги ҳақида ўйлаб қолди. Кейинги парвоз пайтида бўлажак фазогирнинг ўриндиғига қалин ёстиқ қўйилди ва у ҳеч қандай муаммосиз самолётни қўндиришга муваффақ бўлди.
Фазогирнинг дўсти суҳбатни давом эттирди:
– Илк фазогирликка саралаш қаттиқ кечган. Номзодларни ярим йилча ўқитишиб, машқлар қилдиришгач, 200 та боладан яна 10 фоизини танлаб олишган, яъни атиги 20 нафарини. Кейинги 6 ойлик тайёргарликдан сўнг номзодлардан 6 нафар йигит танлаб олинган. Улардан биттасигина учиши керак эди.
Кабинага биринчи бўлиб Гагарин кирган. Чунки у шуни қаттиқ хоҳлаган. Оёқ кийимини ечиб, креслога ўтириб олган. Капсула кабинаси худди унинг учун ясалгандек эди.
Иккинчи бўлиб кабинага Герман Титов чиққан, у Юрийдан гавдалироқ бўлгани учун бироз қисилгандек бўлган.
Борис ака жилмайиб қўйди. – Худди олам бир инсонни ўз бағрига парвоз қилишга тайёрлаётгандек, у эса Гагарин эди. Бўлмаса унинг отаси столер, онаси уй бекаси эди. Германнинг ота-онаси эса зиёлилар бўлиб, ҳатто Титов кучли ақл соҳиби ҳам эди.
Режага кўра, илк парвозда СССР Министрлар Советининг алоҳида конструкторлик бюроси бошлиғи Сергей Королёв учиши лозим эди. Аммо, номзодлар орасида фавқулодда истеъдодлиларни кўрган Королёв кескин қарорлар қабул қилишни бошлади. Королёв шахсан Гагаринга овоз берди.
Парвозга яқин қолаётган бир пайтда Гагарин рафиқаси Валяга хат ёзади. Дарвоқе, Юрий Валя билан ўқиш пайтида танишган, сўнгра оила қуришган, икки қизи бор эди. Низом бўйича парвозга бўйдоқлар танлаб олиниши керак эди, лекин у оилали, фарзандли бўлса ҳам барибир уни танлашди.
1961 йил 12 апрель куни Москва вақти билан соат 09:07 да «Бойқўнғир» космодромидан ичида Юрий Гагарин ўтирган «Восток» космик кемасининг учишига старт берилади.
– Мен бу хабарни газеталардан сонма-сон ўқидим, эски қадрдонимни суратини кўриб, бениҳоя севиндим.
Гагарин билан бирга ўқиганимни билган телестудиядагилар мени кўрсатувга таклиф қилишди. Ушбу кўрсатув Гагарин космосга учганининг иккинчи кунида эфирга кетди.
Юрий Ерга осмон қадар машҳурлик билан қайтди. Юзлаб давлатларга саёҳат қилди. Ҳамма унга само кишиси сифатида қарар эди. У ҳақдаги қолган воқеаларни мен айтмасам ҳам кўпчилик билади.
Косманавтнинг бевақт фожеали ўлими кўпчилик қатори мени ҳам чексиз қайғуга солди. Уни Кремлга қўйишди. Ҳар гал Москвага борганимда гуллар олиб бораман. Негадир қабрига ҳеч кимни йўлатишмайди. Мен эса милиционерлардан илтимос қиламан, Юрий билан бирга ўқиганман, деганимдан сўнг аранг қўйишади, Гагарин деб ёзилган тахтача олдига бориб, гулларимни қўяман.
Икки-уч йил бирга ўқиб, еб-ичиб, яқин бўлиб қолган одамингни қабрига гул қўйиш жуда оғир бўлади.
Негадир ўшанда биринчи курсда назарий дарслардан кейин амалий учиш машғулотларидаги тайёргарликларимиз ёдимга тушади. Ўшанда Сергей исмли курсдошимиз парвоз вақтида самолёти урилиб, вафот этган эди. Ўшанда Юрий билан овқат устида кайфиятсиз ўтирардик. Сергейнинг жойи бўш. Гагарин қабрини кўрганимда ўшанда ҳис қилганларим ёдимга тушди.
Дарвоқе, Гагарин Ўзбекистонга келган эди, афсус, уни олдига яқин қўйишмаган, у билан гаплашолмагандим ўшанда. Чунки унинг ҳар дақиқаси ҳисобли эди. Аммо бирга ўқиганимизда ота-оналаримиз бизни кўргани келиб туришарди. Эсимда, ўзбек курсантларининг оиласи доим ош олиб келишарди. Бир гал Гагаринни ош ейишга олиб боргандим. Дастурхонда бизнинг узум, нонларимиз бор эди. Ўшанда Юрий ош ейиш учун қошиқ сўрагани ҳеч ёдимдан чиқмайди. Мен унга ош қошиқ билан эмас, қўл билан ейилса мазалироқ бўлишини тушунтиролмаганман. Ҳатто кафтимда ош олиб, унга едиришга ҳаракат қилганман. У эса нуқул “қўйсангчи, Борис, қўйсангчи”, дерди. Роса кулишгандик ўшанда.
Хуллас, мен шундай инсон билан дўст эканимдан фахрланаман. Мен ҳақимда бирор маълумот ёзишингиз муҳим эмас, менимча. Сизга ишонч билан айта оламанки, Юрий катта фазогир эди. Мен эса унинг оддий бир дўсти – Борис Белахатюк эдим холос...
Хулоса ўрнида.
Ойдан тушган Юрий Гагаринга дунёнинг тўрт томонидан хатлар оқиб кела бошлайди. Уларнинг аксариятида учувчининг Ойда Худони кўрган ёки кўрмагани ҳақида сўровлар бор эди.
Халқ орасида эса Гагариннинг Хрушчёв ва Рим Папаси билан бўлган мулоқоти ҳозиргача тез-тез тилга олинади. Яъниким, парвоздан кейин Хрушчёв Гагариндан фазода худони кўрган ёки кўрмагани ҳақида сўрайди.
“Кўрдим”, – дейди ҳазиллашиб космонавт.
“Унда бу ҳақида ҳеч кимга айта кўрма”, – дейди у.
Рим папаси ҳам учрашувда фазогирга худди шу саволни беради.
Аммо бу сафар Гагарин Рим Папасига “Кўрмадим”, – деб айтади.
“Унда бу ҳақида ҳеч кимга айта кўрма”, – дейди у.
Бобур ЭЛМУРОДОВ суҳбатлашди.