Ғалати одатларга эга «ғаройиб» кишилар ёхуд фанга бошоғриқ бўлган «муз одам»
Ҳаётингиз давомида бирор марта кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ҳаракатларни амалга ошираётган инсонларни кўрганмисиз? Кўрмаган бўлишингиз мумкин, чунки дунёда улар саноқли. Телеграм каналимиз ва сайтимизни кузатиб боринг, сизларга айнан шундай ғаройиб қобилиятга эга одамлар ҳақида ҳикоя қиламиз. Дастлаб "муз одам" ҳақида.
Голландиялик Вим Хоф умуман совуқни ҳис қилмайди. Унинг танаси барча инсонлар танаси учун ҳалокатли бўлган жуда паст ҳароратда ҳам ўз хусусиятини йўқотмаслиги барчани лол қолдиради. Бу борада тўққиз марта жаҳон рекордини ўрнатган. 2000 йилда Вим Хоф Финляндиядаги кўллардан бирининг музлаган сувида 61 сония ичида 57,5 метр масофани сузиб ўтди. 2006 йилда эса Ғарбий Европадаги Альп тоғларида жойлашган энг баланд 4810 метрлик Монблан чўққисини битта енгил кийимда забт этди. Кейинги йили альпинистларнинг орзуси бўлган Жамолунгма чўққисига чиқди. Тепага кўтарилиши вақтида кутилмаганда оёқ бармоқлари музлай бошлади. Аммо, барибир чўққига чиқиб олди.
2007 йилда нидерландиялик «муз одам» барчани ҳайратда қолдириб биргина ички кийимда қор устида 21 километр масофани босиб ўтди. Бу сафар у Финляндиянинг Арктикага туташ қисмидаги ҳарорат 35 даража совуқ бўлган ҳудудида амалга оширди. 2008 йилда яна бир рекорд ўрнатди. Вим муз тўлдирилган идишга тушиб 73 дақиқа ўтирди.
«Муз одам» олимлар учун роса бошоғриқ бўляпти. Кўпчилик унинг хусусиятини туғма қобилият деб ўйламоқда. Хоф эса ўз интервьюларида ўз танаси ва руҳини фақатгина Непал монахлари фойдаланадиган Туммо тантри тизими бўйича шуғулланиб, чиниқтирганлигини таъкидламоқда. Шундай бўлса-да олиму мутахассислар нима учун унинг танаси қаттиқ совуқларга дош бераётганлиги сабабини айтиб беришолмаяпти.
Дилмурод Тўхтаев тайёрлади.