Ғайриихтиёрий сув париси: аёл 20 йилдан бери сув ичида яшайди
Ҳатто олимлар ҳам бунинг сабаби нимада эканлигини тушунтира олишмаяпти.
Ғарбий Бенгалиялик ҳиндистонлик Патаруни Гош камдан-кам учрайдиган касалликдан азият чекиши туфайли 20 йилдан ортиқ вақтдан бери кўлда яшайди. 65 ёшли аёл ҳар куни қуёш ботишигача кўлда сузади, у ерга у тонг отганда келади. Гош номаълум касаллик туфайли қуёш вақтида ташқарида бўла олмайди. Ягона нажот - бу оқар сувда кўп соатлаб сузиб юриш.
Акс ҳолда, унинг териси қизариб кетади, шишлар билан қопланади ва чидаб бўлмас даражада ачишади. Сув омборида ҳинд аёли энг ками 12-14 соат вақтини ўтказади. Кеч тушгач, у уй юмушларини бажаришга киришади, шундан сўнг ухлаб қолади.
Тақдир аёлга ақлбовар қилмайдиган синовларни тайёрлади. 1998 йилда Гош илм-фанга номаълум тери касаллигига чалинди. Унинг касаллик тарихи билан танишиб чиққан мутахассислар аёлда кузатилган касаллик унга генетик тарзда ўтгани ҳақида гапиради. Лекин нима учун касаллик аёл 40 ёшдан ошганида ўзини намоён қилган?
Аёлнинг аҳволи ҳақидаги кўплаб саволларга жавоб бериш қийин, чунки Патарунининг оиласи жуда камбағал ва чекка ҳудудда яшаши туфайли улар шифокорга мурожаат қила олмайди. Бечора аёлнинг кечқурун сувдан чиқиб, одатдаги уй юмушларини ўз зиммасига олишидан бошқа иложи йўқ.
Баъзида касаллик Гошни кеча-ю кундуз кўлда ўтиришга мажбур қилади. Аёл доимий равишда бундай турмуш тарзини олиб бора бошлаганида, унинг иштаҳаси пасайди, тўйиб олиши учун у ойига бир неча марта овқатланиши кифоя. Ҳиндистонлик аёл ўзини юқори калорияли овқатлардан тийиб, фақат гуруч ва сабзавотларни истеъмол қилади.
Гошнинг яқинлари у ўзини ёлғиз ҳис этмаслиги учун, кўлмак олдига келиб, ундан хабар олиб туришади. Оила бир кун келиб аёл ҳақиқатан ҳам сув парисига айланиб қолишидан қўрқади. Хурофотли қишлоқ аҳолиси эса бир кун келиб Гош кўлнинг руҳига айланиб қолишига ишонишади. Лекин унинг оиласи эртами-кечми аёл шифокоргача етиб бориши ва тузалиб кетишига умид қилади.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.