Гендер тенгликнинг нотенгликлари
Бундан икки йил аввал оммавий ахборот воситалари вакиллари учун гендер тенглик мавзуида йиғилиш ўтказилди. Йиғилишда гендер тенглик, унинг мамлакатимиздаги ҳуқуқий асослари, ушбу тушунча замиридаги ижобий ҳолатлар ҳақида сўз юритилди. Дунё миқёсида ва мамлакатимизда бу масалада олиб борилаётган ишлар ҳақида тўхталиб ўтилди. Ҳеч кимга сир эмас, бу каби йиғилишларда гендер тенглик деса, энсаси қотадиган кишилар ҳам ҳамма маълумотларни индамай эшитиб ўтиради. Аммо ич-ичида шу нарса бизга керакми ўзи, миллийлигимизга сираям тўғри келмайдику, деган хаёллар билан ўтираверади. Эркакларнику, қўйинг, ҳатто аксар аёллар ҳам шундай фикрда.
Хуллас, шу хаёллар билан ўтирган шекилли, оммавий ахборот воситаси ходимларидан бири йиғилиш сўнгида экспертларга савол билан мурожаат қилди:
-Хўш, гендер тенгликка эришмоқчи экансизлар, унда аёлларнинг иш вақтини қисқартиринг, қонунчилигимизга шунақа ўзгартириш киритилсин. Аёллар ишда камроқ меҳнат қилиб, уйдаги вазифаларни ҳам уддалаб қўйсин.
Тўғриси, иштирокчилар ҳам, экспертлар ҳам бу саволдан унчалик ҳайратланишмаганидан, аксинча, уни табиий, деб қабул қилганидан ҳайрон қолдим. Таклифингизни ўрганиб чиқамиз, дейишгани эса гендер тенглик ҳақида тушунтирувчидаям, тушунувчидаям етарли тушунча йўқлигини кўрсатиб қўйди. Ҳеч ким айтмадики, аёллар иш вақтининг ҳукумат томонидан қисқартирилиши бу уларнинг иш топишида қатор тушунмовчиликларни келтириб чиқаради ва бу биз ўйлагандан кўра кўпроқ муаммоларга олиб келади. Уйда эса эркак, аёл юмушларни тенг тақсимламасада, аммо биргаликда, елкама-элка амалга ошириши бу нормал ҳолатга айланиши лозим. Шундай бўлмас экан, бугун оиладаги мувозанат бузилаверади, бу эса оиланинг дарз кетишига сабаб бўлаверади.
Тўғри, минг йилдан бери қотиб, шаклланиб қолган тушунчаларимизга кўра, эркак кишининг, дейлик, идиш-товоқ ювиб ўтириши хаёлимизга сиғмайди. Баъзи аёлларнинг ўзи бу ҳолатдан дод, деб юбориши мумкин. Қишлоқ ҳудудларида эса ҳатто оғир иш бўлсада, эркак кишининг рўзғорга сув ташиб келтириши ҳам уятли ҳолатга айланиб улгурган. Нега? Рўзғорда аёл кишига ёрдам беришни, айниқса, қишлоқ ҳудудларида нега бунчалик иллат даражасигача тушириб қўйганмиз? Бу қайси мезонларга тўғри келади ўзи? Нега биз гендер тенглик деган тушунчадан, у аслида нимадан иборат эканини билмай туриб, бунчалик ҳайиқамиз?
Гендер тенглиги бу - эркаклар ва хотин-қизлар тенглиги, инсоннинг асосий ҳуқуқларидан бири ҳисобланади. Шунингдек, гендер тенглик иқтисодий ва ижтимоий тараққиётнинг ҳам негизи ҳисобланади. Миллий қонунчилигимизга «гендер» тушунчаси 2019 йил 3 сентябрдаги Ўзбекистон Республикасининг «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги Қонуни билан киритилган бўлиб, унга кўра, гендер — хотин-қизлар ва эркаклар ўртасидаги муносабатларнинг жамият ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида, шу жумладан, сиёсат, иқтисодиёт, ҳуқуқ, мафкура ва маданият, таълим ҳамда илм-фан соҳаларида намоён бўладиган ижтимоий жиҳати ҳисобланади.
Шунингдек, ушбу қонун билан гендер статистикаси - давлат статистикасининг жамият ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида хотин-қизлар ва эркакларнинг ҳолати тўғрисида ҳар бир жинс бўйича алоҳида кўрсатилган маълумотларни ўз ичига олган, ҳар хил жинсдаги шахсларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётнинг барча соҳаларидаги тегишли ҳолатини акс эттирадиган, гендер муаммоларини ва жамиятдаги муносабатларни ёритадиган қисми, гендер-ҳуқуқий экспертиза - норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ҳамда уларнинг лойиҳаларини хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатларини таъминлаш принципларига мувофиқлиги юзасидан таҳлил қилиш каби тушунчалар ҳам қонунчилигимизга киритилди.
Ушбу қонунда агар шахс ўзини жинс бўйича бевосита ёки билвосита камситишга дучор этилган деб ҳисобласа, ваколатли органларга ёки судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эгалиги, бунда жинс бўйича бевосита ёки билвосита камситишга дучор этилган шахсдан давлат божи ундирилмаслиги, хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги бузилганлиги тўғрисидаги ишларни судларда кўриш чоғида адвокатлар томонидан кўрсатиладиган юридик хизматларга ҳақ тўлаш қонунчиликда белгиланган тартибда, уларнинг хоҳишига кўра, давлат ҳисобидан қопланиши ҳам назарда тутилган.
Хабарингиз бор, яқинда Самарқандда илк бор Осиё хотин-қизлари форуми ўтказилди. Унда хотин-қизларни иқтисодий, ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш нафақат оилаларга, балки жамиятга йирик фойда келтирилиши таъкидланди.
Кўплаб тадқиқотлар шуни кўрсатадики, тинчлик жараёнларида аёллар ва эркаклар тенг вакил бўлгандагина барқарор тинчликка эришиш мумкин, - деди ўз нутқида БМТнинг Женевадаги бўлими бош директори Татяна Валовая. - Шунинг учун дипломатияда гендер тенглиги фақат адолат масаласи эмас, янада кенг қамровли ва барқарор тинчлик келишувларига олиб келади.
Гендер тенглиги, шунингдек, иқтисодий ўсиш ва барқарор ривожланишнинг муҳим омили бўлиши мумкин, яъни аёллар таълим, бандлик ва ресурслардан фойдаланиш имкониятларига эга бўлса, бутун иқтисодиёт ривожланади. Жаҳон банки маълумотларига кўра, агар гендер бандлиги тафовутлари бартараф этилса, аҳоли жон бошига тўғри келадиган узоқ муддатли ялпи ички маҳсулот деярли 20 фоизга юқори бўлар эди. Аёлларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтиришга сармоя киритиш шунчаки тўғри иш эмас, бу - ақлли иқтисодий стратегия.
Бироқ дунёда аёллар ва қизлар муваффақиятсизликка учрамоқда ва 2030 йилги кун тартиби хавф остида. Аёллар ва қизларга нисбатан чуқур илдиз отган дискриминация сақланиб қолмоқда, бу тизимли тенгсизликка олиб келади, айниқса, сиёсий иштирок, иқтисодий имкониятлар ва ҳуқуқий ҳимоя соҳаларида.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг " Гендер Снапшот - 2023" ҳисоботида айтилишича, ҳозирги ривожланиш суратида гендер тенглигига тўлиқ эришиш энди қарийб 300 йил давом этиши мумкин.
Ушбу форум ҳақида ахборот тайёрлаб, сарлавҳасига унда билдирилган битта фактни мисол тариқасида келтирдим: “Дунёдаги ҳар учинчи аёл зўравонликка учрамоқда”. Баъзи ҳамкасбларим "бизда ундай эмас, бу статистикага қандай қўшиламиз", деб эътироз билдирди.
Уйида тарсаки еб, кўчага жилмайиб чиқадиган аёллар бизда қанча эканлигини сиз биласизми? Бунинг ҳисобини юрита оласизми? Бу тарсакига ҳам ўзим айбдорманда, деб эртаси куни унутворадиган, “эринг урадику”, деса, ким айтди, дея ёқасидан оладиган аёллар камми? Улар бизнинг орамиздаку ахир?! Наҳот уларни кўриш қийин бўлса?
Хуллас, ушбу форум доирасидаги хаёллар билан уйга келиб, беихтиёр оилавий дастурхон атрофида ҳам шу ҳақда гаплаша бошладим. Аслида гендер тенглик тушунчаси қўрқинчли эмаску, нега уни қабул қилишимиз бунчалик қийин, дея жон койитган бўлдим.
- Бўлди, овозингни ўчир, бу ҳақда мақолангда айтасан, менга эмас, - деган жавобни эшитдим. Шу билан гап tugadi...
Гулруҳ МЎМИНОВА.