Германияда сайлов: Фридрих Мерц бошчилигидаги блок ғалаба қозонди

Германия Федерал сайлов комиссияси бугун, 24 феврал, душанбага ўтар кечаси натижаларни эълон қилди. Маълумотларга кўра, Фридрих Мерц бошчилигидаги консерватив ХДИ/ХСИ блоки 28,6 фоиз овоз билан Бундестагга бўлиб ўтган навбатдан ташқари сайловларда ғалаба қозонди.

Ўта ўнг «Германия учун муқобил» (ГуМ) 20,8 фоиз овоз билан иккинчи, сўл марказчи Германия социал-демократик партияси (ГСДП) эса 16,4 фоиз овоз билан учинчи ўринни эгаллади. Тўртинчи ўринни «Иттифоқ-90/яшиллар»нинг сўл либераллари (11,6 фоиз овоз), бешинчи ўринни Сўл партия (8,8 фоиз) қўлга киритди.

Либерал эркин демократик партия (ЭрДП) ва сўл популист Сара Вагенкнехт Иттифоқи (СВИ) Бундестагга кира олмади. Сайлов комиссияси маълумотларига кўра, биринчиси бор-йўғи 4,3 фоиз, иккинчиси эса 4,97 фоиз овоз тўплаган, парламентга кириш чегараси 5 фоизни ташкил қилган.

Германиянинг амалдаги канцлери Олаф Шолц 23 феврал куни Фридрих Мерц ва ХДИ/ХСИ блоки билан коалиция тузиш бўйича музокараларни шахсан ўтказмаслигини ва янги ҳукумат таркибига қўшилмаслигини маълум қилди.

Фридрих Мерц 2025 йил 21 апрель, Пасхагача янги немис ҳукуматини тузишга ваъда берди. Сиёсатчи унга кимлар қўшилиши мумкинлиги ҳақида гапиришдан бош тортди, лекин унинг партияси ГуМ билан бирга мамлакатни бошқармаслигини таъкидлади.