Ғилдирак ичидаги олмахон ёки нафснинг чексиз йўли
Биринчи воқеа: Бир дона бошоқни топиб олган чумоли уни минг машаққат билан уйига судраб бораётиб, йўлда каламушни учратиб қолибди.
– Ҳа, оч қолдингми, меникига бормайсанми, бунақа донлардан бир нечтасини бериб юборардим, - дебди у чумолига.
– Менга шу бир бошоқ дон ҳам етади. Чунки мен яшаш учун овқатланаман, сенга ўхшаб қорин тўйдириш учун яшамайман, - деб жавоб берибди чумоли.
Иккинчи воқеа: Отақул Жумаев қишлоқнинг олд йигитларидан эди. Нима бўлди-ю, бир гуруҳ қишлоқдошларини олиб Россияга ишга кетди. Ўша ерда қурилиш ишларида одамларни ишлатиб, даллоллик қилиб анчагина сармоя тўплади. Жамғарган пуллари эвазига қишлоқдан данғиллама иморат қурди, қўша-қўша машина олди.
Аммо бу ишларнинг “миси” чиқди. Уйига қўшни қишлоқлардан бир гуруҳ йигитлар келиб, хорижда ишлаган пулларини талаб қилишди. Аниқланишича, Отақул мусофир юртда юртдошларининг ҳалол меҳнат, минг машаққат билан топаётган пулларига кўз олайтирган, уларни ўз манфааати йўлида ишлатиб юборган экан.
Жанжал нима билан тугаганлиги номаълум. Фақат эндиликда Отақул инсульт олганлиги туфайли бир оёқ, бир қўли ишламайдиган, зўрға гапирадиган ногирон бўлиб қолган. Ҳашаматли дарвозаси олдида кўчадан ўтаётган одамларга қараб, ўйга чўмиб ўтирганини кўп кўраман.
Учинчи воқеа: Яқинда жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судида шов-шувларга сабаб бўлган бир иш кўриб чиқилди. Бу гал қора курсида ўтирганлардан бири – уюшган жиноий гуруҳ бошлиғи, ички ишлар ходими, яъни профилактика нозири эди. Маълум бўлишича, профилактика инспектори 2017 йилнинг август ойидан 2018 йилнинг июнь ойигача жиноий шериклари билан олдиндан тузилган режа асосида бировнинг номусига текканлик айбини қўйиш орқали фуқароларга таҳдид қилиб, мунтазам равишда таъмагирлик билан шуғулланиб келган.
Суд ҳукмига кўра, собиқ ички ишлар ходими 11 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди.
Чумоли ва каламуш, Отақул даллол ҳамда зинокор гуруҳнинг бир-бирига нима алоқаси бор экан, дерсиз.
Ҳа, баракалла, тўғри пайқаганингиздек, юқоридаги воқеаларни бир-бирига “нафс” деган балои азим боғлаб турибди. Ҳозир айрим одамлар молпарастлик, истеъмолчилик кайфиятининг қули бўлиб қолган, “яхши яшаш - тўйиб ейиш ва пўрим кийиниш, шоҳона уй, қўша-қўша машинадан иборат” деган бемаъни ва поёни йўқ ғояга кўр-кўрона сиғинмоқда.
Ана шу интилиш эса уларнинг қалбида пул топиш, топганда ҳам кўпроқ топиш васвасасини келтириб чиқаряпти. Айтайлик, олийгоҳ муаллими пул топиш учун бадавлат оилалардан чиққан талабаларни имтиҳонларда “қийнамай”, пулини олиш илинжида бўлади. Шифокор операция столида ётган беморни эмас, у қанча пул беришини ўйлайди. Туғруқхона ҳамшираси қувончдан эсанкираб қолган отани шилиш пайида бўлади. Мактаб муаллими эса болаларнинг ота-оналарига синфга ҳали уни оламиз-ҳали буни оламиз, деб “чопар” жўнатади.
Пул топиш учун баъзи бировлар ҳеч нарсадан тап тортмайдиган, ҳалол ва ҳаромни ажратмайдиган, гуноҳлардан қўрқмайдиган бўлиб боряпти. Пул топиш дарди уларни китоб ўқишдан, маърифатдан узоқлаштирмоқда. Бундан ташқари, бундай истеъмолчилик кайфиятига зўр бериш орқали инсон онгини ҳар мақомга солиш имкони пайдо бўлади. Чунки жоҳил, нодон, қолоқ ва оми одамларни алдаш ҳам, бошқариш ҳам осон кечади.
Шу ўринда цирк майдонида ғилдирак ичида чопаётган олмахон беихтиёр хаёлга келади. Эътибор қилган бўлсангиз, олмахон манзилига етиш мақсадида тинимсиз чопаверади, аммо ғилдиракнинг охирги чегараси бўлмагани сабабли олмахон асло мақсадига етолмайди. Чунки ғилдирак яна айланиб унинг оёқлари тагидан ўтаверади. Юқоридаги кишиларнинг фикри-зикри ҳам ҳозирда ана шу ғилдирак ичида чопаётган олмахон каби “яхши яшаш”, бунинг учун кўпроқ пул топиш, пул топиш учун эса маънавий дунёни бой бериш каби беҳуда пойгада ғолиб чиқиш бўлиб қолган.
Дарвозаси ёнида одамлар оқимини кузатиб ўтирган Отақулни, бир дона бошоқни судраб кетаётган чумолини кўрсам ёки нафс гирдобига тушиб қолган одамлар ҳақидаги гапларни эшитсам хаёлимга негадир ғилдирак ичидаги олмахон келаверади, келаверади...
Ёрмамат Рустамов.