"Гиннеснинг рекордлар китоби"га киритилган энг тор, энг қия ва энг қисқа кўчалар
Дунёда юз минглаб кенг ва чиройли кўчалар бор. Улар ҳамма жойда топилади. Негаки, ҳар қандай мамлакатнинг ҳар бир шаҳри ўзининг энг гўзал кўчасига эга. Шундай кўчалар борки, улар ғайриоддий ва бетакрор. Улар айнан ўзига хослиги туфайли "Гиннеснинг рекордлар китоби"га киритилган.
Бугун дунёдаги энг тор, энг қия ва энг қисқа кўчалар ҳақида сўз юритамиз.
Дунёдаги энг тор кўча
Ҳиндистоннинг муқаддас маркази ҳисобланган ва ҳинд зиёратчиларини ўзига жалб қиладиган Варанаси шаҳрида жуда тор, эгри-бугри, айлана кўчалар бор: бу кўчаларнинг ибодатхоналарга ўтиш жойларидаги муҳим қисми шу қадар қисқаки, улар орқали машина ёки мотоцикл билан ўтишнинг иложи йўқ ва баъзида у ерда икки киши тўқнашиб қолса, бири иккинчисига йўл беришига тўғри келади.
Лекин икки киши осонгина келишиб ўта оладиган бу ҳинд кўчалари Германиянинг Ройтлинген шаҳридаги Шпройерхоф штрассе билан солиштирганда хиёбон бўлиб кўринади.
Шпройерхоф штрассенинг кенглиги кўпи билан 50 сантиметрни ташкил қилади. Қандай қилиб у ерда юриш мумкин? Фақат якка кифтлабми? Унинг энг танг нуқтасининг кенглиги (агар кенглик дейишга арзиса!) 31 сантиметр. Ҳатто ёнламасига истаган ҳар бир киши у ердан ўта олмайди.
Кўча 1727 йилда ёнғин натижасида деярли бутунлай вайрон бўлган Ройтлинген шаҳрини қайта қуриш натижасида пайдо бўлган. Дастлаб, у фақат уйлар орасидаги ўтиш жойи эди ва 1820 йилда Шпройерхофштрассе расман шаҳар хариталарида пайдо бўлди.
Энг қия кўтарилган кўча
"Гиннеснинг рекордлар китоби"га кўра, дунёдаги энг қия кўтарилган кўча – Янги Зеландиядаги Данидин шаҳридаги Болдуин кўчаси. Кўча узунлиги 359 метр, сатҳ фарқи эса 80 метрни ташкил қилади.
Йўлларнинг қиялиги фоизда ўлчаниб, интернетда 19 дан 38 фоизгача маълумотлар берилган. Эҳтимол, бу кўчанинг турли қисмлари ҳар хил қияликка эгадир.
Болдуин кўчасидаги қоплама бетондан қилинган. Акс ҳолда Янги Зеландия қуёши остида асфальт пастга оқиб тушган бўларди.
Энг қисқа кўча
Эбенезер-плейс – Шотландиянинг Уик шаҳридаги кўча. 2006 йилда у "Гиннеснинг рекордлар китоби"га дунёдаги энг қисқа кўча сифатида расман киритилган. Кўчанинг узунлиги 2 метр, 6 сантиметр.
Бу кўча Маккейз меҳмонхонасининг бир қисми бўлган 1-рақамли бистрога кириш жойидир. Меҳмонхона 1883 йилда қурилган ва ўша пайтда Эбенезер-плейс кўчаси пайдо бўлди.
Эбенезер яҳудийча сўз бўлиб, меҳрибон, ғамхўр деган маънони англатади. Кўчага бу ном меҳмонхона эгаси – Синклерлар оиласи томонидан берилган. Хуллас, дунёдаги энг меҳрибон ва энг қисқа кўча мана шундай кўринишга эга.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.