Гитлерни даҳшатга солган башоратчи

Машҳур башоратчи Волф Мессинг ҳақида турли афсоналар тўқилган ва бу бежиз эмас. Ақлбовар қилмас истеъдод эгаси башоратлари ўзининг рост чиқиши билан ҳамон инсониятни ҳайратга солиб келади.
Волф Мессинг 1937 йилда Варшава театрида бўлаётган томоша пайтида Гитлер агар Шарққа юриш қиладиган бўлса, муқаррар ҳалокатини башорат қилади. Буни эшитган Адольф Гитлер башоратчининг бошини келтирганга 200 минг марка мукофот эълон қилади. Мессинг жонини сақлаб қолиш учун мамлакатдан қочишга мажбур бўлади ва янги ватан сифати СССРни танлайди.
Чегаралар ҳушёр қўриқланаётган, ундан ўтишга ҳар қандай уринишлар учун ўлим жазоси тайин эди. Ҳамма томонда жосуслар изғиб юрганига қарамай чегарадан ўтишга журъат қилган Мессинг СССРда олқиш билан кутиб олинади ва унинг ҳаёти ёрқин саҳифаларга бой бўлади.
Унга уруш йиллари жанггоҳларда, фронт ортида, меҳнат коллективлари, кенг жамоатчилик ўртасида истеъдодини намойиш қилишга кенг имконият яратиб берилади. Шуниси диққатга сазоворки, буюк башоратчи пулига иккита қирувчи самолёт ишлаб чиқарилади. Волф Мессинг улардан бирини газетада ўқиб қолгани - катта лейтенант Константин Ковалёвга совға қилди. “Y.K-7” қирувчи самолёт биқинида “Совет иттифоқи Қаҳрамони К.Ф.Ковалёвга Волф Мессингдан совға” деган ёзув бор эди.
Урушдан кейин Мессинг Ковалёв билан дўстона муносабатга киришиб, бир-бирини тез-тез йўқлаб туришгани ҳақида тарихий китоблар, газеталарда мақолалар учрайди.
Т.Шомуродов тайёрлади.