Гўшт етарли, фақат уни тақсимлашда жиддий ёндашув, тартиб ва интизом керак

Расмий статистик маълумотларга кўра, бир йилда мамлакатимизда тирик вазнда 2,5 миллион тонна гўшт етиштирилади, сўйилган ҳолда бу 1,4 миллион тонна маҳсулот дегани. Унинг 1,1 миллион тоннаси чорва ва 0,3 миллион тоннаси парранда гўштидан иборат. Ҳозирги нархларда бу тахминан 7,5 миллиард АҚШ долларига тенг ҳисобланади ва бунинг устига 10 миллион тонна миқдордаги сут ва 8 миллиард дона тухум қийматини қўшсак, умумий сумма 13 миллиард долларга етади. Бу мамлакатимиз аҳолиси ялпи пуллик даромадларининг 40 фоизи дегани.

Агар бунга нон, чой, мой, ширинликлар, мева-сабзавот ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олишга кетадиган харажатларни қўшсак, ушбу нисбат (кўрсаткич) 75 фоизга етади. Энди ўзингиз тасаввур қилинг. Фақат озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармон сотиб олиш ва коммунал тўловларга аҳоли пуллик даромадларининг 80 фоизи сарфланса, ноозиқ-овқат маҳсулотлари, уй-жой қурилиши, алоқа ва транспорт, таълим ва тиббий хизматларга бўлган эҳтиёжларни қондириш қай даражада бўлишига баҳо бериш қийин кечмайди. Ачинарлиси, аҳоли истеъмоли жараёнида вужудга келган салбий тенденция давом этмоқда ва бунинг исботи сифатида қуйидаги мисолни келтириш мумкин. Январ ойида озиқ-овқат маҳсулотларининг нархлари 1,3 фоизга ўсди, бу эса йиллик ўсиш 15 фоиз даражасида дегани. Ишониш қийин, аммо расмий статистикадаги ҳолат айнан шунақа. Таажжубланарлиси шуки, шу пайтгача бирон-бир давлат мулозими ёки иқтисодчи- олимларимиз шунчалик чигал бўлиб кетган номутаносибликка жиддий эътибор қаратмаган, унга нисбатан атрофлича фикр-мулоҳаза юритмаган, иқтисодий-ижтимоий муаммо сифатида кўтариб чиқмаган. Менинг ўзимга келсак, бу масалани уч-тўрт йил илгари “Ўзбекистон овози” ва “Экономическая газета” газеталари саҳифаларида ёритган эдим, аммо берилган таклифларимга нисбатан ўша пайтда ижобий ёндашув (акс-садо) сезилмади. Ҳозирги кун нуқтаи назаридан таъкидлаш жоизки, ўтган давр мобайнида ушбу муаммо анчагина мураккаб ҳолга келди ва ечими ҳам шунга яраша қимматроққа тушиши аниқ.

Энди чорвачиликни ривожлантириш масаласига қайтсак.

Яқин иқтисодий тарихимиздан  биламизки, бир кишининг йил давомида рационал овқатланиши учун 36 килограмм гўшт талаб этилади. Демак, Ўзбекистон аҳолисини илмий асосланган меъёрлар асосида гўшт билан таъминлаш учун 1 миллион 260 минг тонна гўшт кифоя қилади. Меҳнат муҳожирлари ҳамда ёш болаларни инобатга олсак, ушбу миқдор муайян даражада камаяди. Бундан биринчи хулоса шуки, мамлакатимизда ялпи талабга нисбатан анча кўпроқ гўшт етиштирилар экан. Маълумки, аҳоли даромадлари муайян даражада табақалашган ва муайян оилаларнинг меъёр даражасида гўшт сотиб олиш имкониятлари тўловчанлик қобилияти нуқтаи назаридан чекланган. Ижтимоий тармоқларда пойтахт аҳолиси қанча гўшт сотиб олишига доир сўровлар ўтказилганига кўзим тушган эди. Ўзим ҳам маркетолог сифатида вақт-вақти билан ушбу жараённи ўрганишга ҳаракат қилиб келяпман ва 4-5 кишидан иборат оилаларнинг салмоқли қисми бир ойда 3-4 килограммдан кўп бўлмаган миқдорда гўшт сотиб олишини жуда яхши биламан.

Энди табиий савол туғилади: агар мамлакатимиз аҳолисининг гўштга нисбатан тўловчанлик қобилияти 1 миллион тонна доирасида чекланиб қолаётган бўлса-ю, талабга нисбатан тахминан 400 минг тонна зиёд (кўпроқ) маҳсулот етиштирилаётган бўлса, қайси мақсадда ва қайси иқтисодий таҳлил ва маркетинг тадқиқотлари асосида чорвачилик ва паррандачилик соҳалари ривожига бундай мисли кўрилмаган даражадаги қизиқиш вужудга келди? Бунга қандай асослар бор?

Шубҳасиз, соҳани такомиллаштирмасдан туриб гўшт ва сут нархларини барча аҳоли учун чўнтакбоп қила олмаслигимиз аниқ. Гап шундаки, шу пайтгача чорвачилик соҳасини ривожлантиришга қаратилган қарорлар фақат унинг ташкилий сектори манфаатларини кўзлаб амалга оширилган, ваҳоланки қорамолнинг 93 фоизи индивидуал секторда боқилади. Сир эмас, охирги йилларда пахта ва ғалла жойлаштириладиган майдонлар қисқартирилди, бу эса озуқа базаси балансига салбий таъсир кўрсатди. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, агар 200 минг гектар суғориладиган ерларда алмашлаб экиш йўли билан озуқабоп экинлар жойлаштирилса, гўшт ва сут етиштириш ҳажми ўз-ўзидан сезиларли даражада кўпайишни, нархлар эса пасайишни бошлайди. Натижадорликка эришиш учун зудлик билан, бир кун ҳам кечиктирмасдан озуқабоп экинлар жойлаштириладиган майдонларни вилоятлар ва туманлар кесимида аниқлаб олиш ва жараёнга тааллуқли барча ташкилий, молиявий, моддий-техник ва бошқа омилларни рўёбга чиқаришни амалга ошириш керак. Энг катта ва мураккаб вазифалардан бири - бу 4 миллион бирликдан иборат индивидуал сектор тадбиркорларини бугунги куннинг энг долзарб  муаммоси ечимига тўлақонли тарзда ва ақл-идрок билан жалб қила олишдан иборат. Гап шундаки, узоқ йиллар давомида Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги соҳасини рўйхатдан ўтказиш жараёнига иккинчи даражали иш сифатида ёндашилган ва индивидуал секторда тўпланган муаммоларга аниқлик киритиш учун жуда кам вақт қолмоқда.

Юқорида келтирилган рақамлардан кўриниб турибдики, мамлакат аҳолисининг турмуш фаровонлиги чорвачилик соҳасининг самарали фаолият кўрсатишига чамбарчас боғлиқ. Шу нуқтаи назардан ушбу миллий иқтисодиётимиздаги энг долзарб ва ўта муҳим амалиётга жамиятимизнинг ҳар бир аъзоси имкон қадар ўз ҳиссасини қўшиши керак.

Илҳом Вафоев,

СамИСИ бўлими бошлиғи, иқтисодий шарҳловчи.