"Гольф" ўйини ўзимизнинг "Податўп"дан олинган

Ижодий жамоамиз билан бахши Фозил Йўлдош таваллудининг 150 йиллиги олдидан репортаж тайёрлаш мақсадида Булунғур тумани "Соҳибкор" маҳалласига борганимизда узоқдан шу сўзлар билан бошланадиган қўшиқ қулоғимизга чалинди.

Овоз келаётган томонга юрдик. Маҳалладан оқиб ўтувчи Булунғур ариғи бўйида фольклор жамоаси қарсак чалиб, куйларди. Тақвим бўйича қиш ҳали тугамаган бўлса-да, сой ёқасида баҳор нафаси уфуриб турибди. Қияликларда бойчечаклар қийғос очилган. Шу хушманзара ҳудудда жамоа аъзолари билан суҳбатлашдик.

Ариқ бўйида Наврўз нафаси

- Бу ерда “Чавқи” фольклор этнографик халқ жамоаси Наврўз байрамига тайёргарлик кўряпти, - деди бизни кутиб олган 2-сонли "Соҳибкор" маданият маркази раҳбари Маҳмуд Эрматов. – Ҳар йили сайилга шу қадимий ариқ бўйида тайёргарлик кўришни одат қилганмиз. Бу манзара санъаткорларимизга завқ бағишлайди, илҳом беради. 

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Сувонқул Абдуқодиров ташаббуси билан 1986 йилда ташкил этилган жамоа қисқа фурсатда элга танилган. 1987 йилда халқ ансамбли номига сазовор бўлган. Жамоанинг дастлабки аъзолари 60 ёшдан 90 ёшгача бўлган отахонлар бўлиб, кейинчалик онахонлар қўшилган. Бугунги кунга келиб эса жамоа аъзолари турли ёшдаги санъатсеварлардир. 

 

Ансамбль аъзолари оддий одамлар

Жамоа раҳбари Эшбек Нормуродов ёшлигида тракторчи бўлган. Истеъдоди, изланиши, тинимсиз меҳнати туфайли "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими" унвони, "Шуҳрат" медали соҳиби бўлди. Ансамблда 25 йилдан бери фаолият юритиб келаётган яна бир истеъдод эгаси Иқбол Соатмуродова аслида маданият марказида оддий ишчи – фаррош бўлиб ишлайди. Аммо унинг маҳорати ҳам ҳар қандай таҳсинга лойиқ.

- Боболаримиздан қолган айтишувларда, термаларда, қўшиқларда, миллий ўйинларда ҳикмат бор, - дейди И. Соатмуродова. – Жамоага аъзо бўлганимдан фахрланаман. Машғулотларимиз ёшларнинг нафақат вақтини мазмунли ўтказишга кўмаклашади, балки ҳар томонлама тарбияли, соғлом, зукко, топқир бўлиб камол топишига замин яратади.

“Чавқи” “ниҳоллар”ни ҳам парваришлаяпти

Жамоа нуфузли фестивалларда, байрам сайилларида қатнашиб келмоқда. Турли кўрик-танловларда юқори ўринларни эгаллаган. Бугунги кунда ансамблнинг тўртинчи авлоди шаклланиб келяпти. 

- Аҳамиятлиси, ансамблда устоз шогирд анъанасини яхши йўлга қўйилган, - дейди жамоанинг ёш аъзоларидан бири Мирзабек Исматов. - Биз учинчи авлод бўлсак, ука-сингилларимиздан иборат тўртинчи авлод шаклланяпти. Сабаби, жамоамиз қошида “Чавқи ниҳоллари” болалар фольклор ансамбли ҳам ташкил этилган. Унда қишлоғимизнинг иқтидорли болалари қизиқишлари туфайли ота-боболаримиздан қолган, оғиздан-оғизга ўтиб келаётган қўшиқларни, термаларни ўрганиб келмоқда. Бу ёш жамоа ҳам кейинги йилларда вилоятимизда ўтказиладиган танловларда биринчиликни қўлдан бой бермай келяпти.

Гольф ўйини податўпдан олинган(ми?)

Ансамбль репертуарида йўқолиб кетаётган податўп, чиллак, подачи, ҳаппак тош, ким кучли каби халқ ўйинлари акс этган саҳна кўринишлари ва қўшиқлар ўрин олган.

- Бу ўйинларни намойиш этишимиз қадим анъаналаримизни авлоддан-авлодга мерос қилиб қолдиришга, ёшларимизни миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қилади, - дейди бизни кузатишдан олдин маданият маркази раҳбари М.Эрматов. – Податўп гольф ўйинига ўхшаб кетади. Бу ўйинни чўпон йигитлар ўйлаб топган. Тўп туллаган молнинг жунидан ясалади. Чавгон эса чўпон таёғи. Тўп сиғадиган хандакча қазилади. Тўпни узоқроқ масофадан таёқ билан уриб ирғитиш ва хандакчага тушириш талаб этилади. Бу жуда қадимий ўйинларимиздан. Гольф ўйини податўпдан олинган бўлса, ажабмас.

Жамоанинг Наврўзга тайёргарлигини тасвирга олдик. Шу жараёнда ансамбль “Қойт, говмишим, қойт-қойт”, деб куйлаётган пайтда бир неча бош қорамол тасодифан сойликка тушиб кела бошлаганини сезмай қолдик. Жамоанинг ёш аъзоларидан бири ашула айтиш билан бирга операторларимизга, “Анави молларниям суратга олинглар”, дея ишора қилди. Тасвирчиларимиздан бири у кўрсатган томонга қараб югурди. Хуллас, тасодифий ҳолатлар Zarnews.uz сайтимиз учун қизиқарли видеолавҳа тайёрланишига сабаб бўлди. 

Мухбир: Тўлқин Сиддиқов,

Тасвирчилар: Бахтиёр Мустанов,

Азизбек Ражабов.