Гўштнинг нархи тушдими?

Аҳолини асосий турдаги озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан кафолатли таъминлаш ҳамда нарх-наво барқарорлигига эришиш учун вилоятимиздаги деҳқон бозорларида 19 та арзонлаштирилган савдо ярмаркалари ташкил этилган.
Ушбу савдо ярмаркаларида аҳолига 32 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари муқобил нархларда етказиб берилмоқда. Асосий эътибор аҳолини арзонлаштирилган гўшт билан таъминлаш, нарх барқарорлигини сақлаш бўлмоқда.
Самарқанд шаҳридаги “Темирйўл деҳқон бозори” энг кўп гўшт маҳсулотлари сотиладиган бозорлардан ҳисобланади. Мазкур бозорда кунига ўртача 3 тоннага яқин гўшт маҳсулотлари сотилади. Мустақиллик байрами арафасида ташкил этилган арзонлаштирилган маҳсулотлар савдо ярмаркасида бозорга Оқдарё, Тойлоқ ва Паст Дарғом тумани деҳқонлари 26 турдаги маҳсулотни арзон нархда шаҳар аҳолисига етказиб бермоқда. Арзонлаштирилган ярмаркада чорвадорларимиз келтирган янги сўйилган гўшт маҳсулотларининг килограми 90 минг сўмгача сотилмоқда.
- Жорий йилнинг 1 августидан Тошкент шаҳридаги “CHOP” масъулияти чекланган жамияти томонидан Ҳиндистондан келтирилган музлатилган гўшт арзон нархда, килограми 55 минг сўмдан 80 минг сўмгача сотилмоқда, - дейди “Темирйўл деҳқон бозори” 3-сон ветеринария лабораторияси ветеринария врачи Жамила Болтаева. – Аслида бизга келган маълумотга кўра, Ҳиндистон, Покистон ва Беларусь давлатларидан музлатилган гўшт келиши керак, лекин ҳозирча фақат Ҳиндистондан импорт қилинган гўшт келтириляпти. Аввалига одамлар музлатилган бу гўштдан харид қилишмади, харидор йўқлигидан гўштни қайтариб олиб кетишди ҳам, лекин кейинги 3-4 кундан буён бу гўштга ўрганиб, харид қилувчилар кўпайди. Музлатилган ҳолда импорт қилинаётган гўшт маҳсулотлари касалликдан ҳимояланган, сертификатлари бор, божхонада текширилган ҳужжатлар билан келяпти. Қолаверса, “Ҳалол” сертификати ҳам бор. Аксарият умумий овқатланиш масканлари улгуржи гўшт етказиб берувчилардан импорт қилинган гўшт харид қилиб фойдаланишмоқда.
“Сиёб деҳқон бозори” жойлашуви ва транспорт йўналишлари боис энг кўп харидор келувчи қадимий бозор ҳисобланади. Нафақат шаҳар аҳолиси, балки туманлардан келувчиларнинг аксарияти керакли маҳсулотларини шу бозордан харид қилади. Мазкур бозорда 8 та гўшт дўкони ва 10 та гўшт растаси бор. Бу ерда кунига 1,5-2 тоннагача мол гўшти ўртача 100-130 минг сўмдан, қўй гўшти 110-140 минг сўмдан сотилади.
- Байрам арафасида ташкил этилган арзонлаштирилган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ярмаркасида Жомбой, Булунғур, Самарқанд тумани деҳқонлари ўз маҳсулотларини харидорларга сотишмоқда, - дейди “Сиёб деҳқон бозори” масъулияти чекланган жамияти иқтисодчиси Асрор Ҳасанов. – Шунингдек, аҳолини арзонлаштирилган гўшт маҳсулотлари билан таъминлаш учун Ҳиндистон, Мўғулистон давлатларидан импорт қилинган гўшт маҳсуотлари савдоси йўлга қўйилган. Масалан, Ҳиндистондан келтирилган қорамол гўштининг килограми 55 минг сўмдан 80 минг сўмгача сотилмоқда. Мўғулистондан келтирилган қўй гўштининг килограми 70-85 минг сўм. Харидорнинг истагидан келиб чиқиб, маҳаллий чорва молларининг янги сўйилган гўшти килограми 90 минг сўмгача сотилмоқда.
- Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармаси ташаббуси билан Наманган вилоятида рўйхатдан ўтган “CHARTAK FIDANI", "PLATINUM MEATS CORP" ва Тошкент шаҳрида рўйхатдан ўтган “CHOP” МЧЖлар томонидан вилоятимиз аҳолисига арзон нархда музлатилган гўшт етказиб берилмоқда, - дейди бошқарма ходими Самар Азимов. – Бунинг учун Паст Дарғом, Каттақўрғон, Оқдарё, Пайариқ, Булунғур, Ургут, Нарпай туманлари ҳамда Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳарларида арзонлаштирилган гўшт маҳсулотлари савдо расталари ташкил қилинди. Ушбу расталарда Покистон, Ҳиндистон ва Беларусь давлатларидан импорт қилинган музлатилган ва совутилган гўшт маҳсулотларининг килограми 85 минг сўмгача сотилмоқда. Ҳозиргача ушбу давлатлардан 2200 тоннадан ортиқ музлатилган гўшт маҳсулотлари импорт қилиниб, вилоятимиз бозорларида савдога чиқарилди. Шу билан бирга, вилоятимиздаги маҳаллий гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи “Акмал Тошпўлатов” фермер хўжалиги, “Оқдарё Моний чарвадор” ва импортёр "ПЛАТИНА МЕД" МЧЖлар томонидан Тойлоқ, Жомбой ва Иштихон туманлари аҳолисининг арзон гўшт маҳсулотларига бўлган талаби қондириб келинмоқда. Шунингдек, Тошкент шаҳрида рўйхатдан ўтган “Union Meet” МЧЖ билан музокаралар олиб борилиб, Самарқанд шаҳридаги “Сиёб деҳқон бозори” ҳудудидан ер участкалари ажратилиб, енгил конструкцияли гўшт расталари қурилмоқда.
Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.