Ҳақиқат изидан: Инсон тақдири ва адолат масъулиятини елкасида кўтарган терговчи

Терговчилик фаолияти жиноят ишларини очиш, ҳақиқатни аниқлаш ва адолатни қарор топтириш билан чамбарчас боғлиқ. Бу масъулиятли касб фақат билим ва малакагина эмас, балки сабр-тоқат, ҳалоллик ва инсонпарварликни ҳам талаб этади. 

Каттақўрғон тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси терговчиси, катта лейтенант Маъмур Рўзимуродов устозларидан ўрганганларини амалиётда қўллаб, қонунийлик ва адолатни таъминлаш йўлида хизмат қилмоқда. 

У тергов жараёнларида ҳар бир ҳолатни чуқур таҳлил қилади, далилларни пухта ўрганади ва ишга холис ёндашади. Шунинг учун унинг иштироки билан кўплаб жиноятлар ўз вақтида очилиб, ҳақиқат қарор топган. 

2018 йилдан бери ички ишлар тизимида хизмат қилиб келаётган Маъмуржон отаси Рўзимурод Жўраэвга ҳавас қилиб шу соҳани танлаган. 

- Биринчи устозим дадам, у кишидан соҳага доир кўп нарсани ўрганаман, бой тажрибалари менга жуда асқотяпти, - дейди Маъмуржон. 

2024 йилнинг октябрь ойи. Абдулла Бобомуродов (исм-шарифлар ўзгартирилган) ўзганинг мулкини яширин равишда талон-торож қилиш мақсадида қариндоши Ҳафиз Муродовнинг уйига ўғирликка тушади. Хонадонда ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилиб, калит танлаш йўли билан кириб, уйни электр энергиясидан узади ва жиноят изларини яширишга уринади. Яъни, хонадонга ўрнатилган видеокузатув мосламаси хотира картасига шикаст етказиб, яроқсиз ҳолатга келтиради ва уни қудуқ ичига ташлаб юборади. Уйдан 65 минг АҚШ доллари миқдоридаги пулларни ва оғирлиги 700 грамм бўлган аёллар тилла тақинчоқларини олиб кетади. 

Мазкур ҳолатни яширишга, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларини чалғитишга уринмасин, Абдулла Бобомуродовнинг қинғир иши Маъмур Рўзимуродовнинг синчковлиги ва ҳар бир кичик деталга ҳам алоҳида эътибор қаратиши натижасида тезда фош этилди. Воқеа жойида қолган излар калаванинг учини топишга ёрдам берди. У дарҳол тергов гуруҳини чақирди. Ҳужжатлар, фотосуратлар ва таҳлиллар ҳаммаси бир нуқтада ту­ташди. Ўрганишлар ва суриштирувлардан сўнг жиноятни содир этган шахс ушланди. 

- Терговчи учун инсоннинг сўзидан кўра, унинг қараши кўп нарсани айтади, нигоҳлар яширин сирларни ошкор қилади, – дейди М.Рўзимуродов. – Устозим – Каттақўрғон туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими бошлиғи, подполковник Наби Эгамбердиевнинг бу сўзларига хизматим давомида қатъий амал қилиб янглишмаяпман. 

Маъмур учун жиноятни фош этиш фақат айбдорни топиш эмас, ҳақиқатни тиклаш, жабр кўрган инсоннинг адолатга бўлган ишончини қайтаришдир. 

Умида Мамадалиева.