“Ҳар бир ўқувчининг ўз гули бўлсин!” акцияси доирасида мактабларга 70 мингдан ортиқ гул ва уларнинг уруғлари совға қилинди

Бир неча йиллардан буён “Самарқандни гулга буркайлик! 1+10” акцияси ва “Ҳар бир ўқувчининг ўз гули бўлсин!” ёш гулсеварлар ҳаракати доирасида Ориф Гулханий уй-музейи боғида тувакларда етиштирилаётган хонаки, анвойи гуллар, боғ чечаклари ва ўсимликлари, уларнинг уруғлари вилоятдаги корхона, ташкилот ва муассасалар, гулсевар инсонларга туҳфа қилиб келинмоқда.

Ўтган муддат ичида “Яшил макон” тадбирлари асосида “Боғи Гулханий”да парвариш қилинган 800 мингга яқин гуллар тарқатилди.

Бугун Ориф Гулханий уй-музейи таъсисчиси Муқимжон Орипов Самарқанд шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлимига мактабларига тарқатиш учун 70 812 дона флора вакиллари ва уларнинг уруғларини совға қилди. Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари Ҳусан Тўхтаев, Олий Мажлис Сенати аъзоси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Фармон Тошев, таълим соҳаси вакиллари, шоир ва ёзувчилар қатнашди.

Тадбирда Ҳ.Тўхтаев вилоят ҳокими Эркинжон Турдимовнинг миннатдорлик хатини ўқиб берди. Унда Муқимжон Ориповнинг ушбу акциясини қўллаб-қувватлаш ва бундай хайрли ишларда бардавомлик таъкидлаган.

- “Яшил макон” тадбирлари доирасида бир неча йилдан бери Муқимжон ака мактабларга гул кўчатлари тарқатяпти, - деди Олий Мажлис Сенати аъзоси Ф.Тошев. – Ушбу уй-музей боғида етмишдан ортиқ давлатдан келтирилган юздан ортиқ гул навлари бор. Биз бугун мана шу тажрибани оммалаштиришимиз керак.
- Мен мактабда ўқувчиларга табиатни асраб-авайлаш, бизга тоза кислород етказиб берадиган яшил ўсимликларни севиш, уларни парваришлаш ҳақида дарслар ўтаман, - деди Самарқанд шаҳар 39-умумий ўрта таълим мактаби биология фани ўқитувчиси Феруза Музробова. – Мактабимиз гулларга бурканган, болалар яшил табиатга дўстона муносабатда бўлади. Бугунги акция доираси ҳам чиройли гуллардан олиб кетяпмиз. Бунинг учун ташкилотчиларга миннатдорчилик билдираман.
Акция ёшлар қалби, онгу шуурида Ватанга, она табиатга, гуллар ва ўсимликлар оламига меҳр-муҳаббат туйғуларини уйғотиш, ўзи яшаб, ўқиб, ишлаб турган муассаса, масканларни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ҳамда гулзорлар барпо этишга ҳавас уйғотиш мақсадида ташкил этилди.
Хуршида ЭРНАЗАРОВА.