Ҳар жума куни зотдор чорва молларини кўпайтириш ва бўрдоқичилик хўжаликлари фаолияти таҳлил қилинади
Бу ҳақда Самарқанд вилоят ҳокимлигида ўтказилган йиғилишда айтилди.
Гап шундаки, Президентимиз ўтган йилнинг 26 июлида вилоятимизга амалга оширган ташрифи чоғида ички бозорда гўшт ва гўшт маҳсулотлари нархининг барқарорлигини таъминлаш мақсадида ҳар бир туманда камида иккитадан бўрдоқичилик хўжаликларини ташкил этиш юзасидан зарур вазифалар белгилаб берган эди. Шу асосда вилоятимизда бўрдоқичилик йўналишида ихтисослашган хўжаликлар ташкил этиш режаси ишлаб чиқилди ва унга кўра, вилоятда 27 та бўрдоқичиликка ихтисослашган йирик чорвачилик хўжаликлари ташкил этилиши белгиланди.
2019 йилги дастурга асосан Булунғур ва Жомбой туманларида 3 та хўжалик ташкил этилиб, Германия ва Беларусь давлатидан бўрдоқига боқиладиган зотдор қорамоллар боқуви йўлга қўйилган. 2020 йилги дастур асосида эса 6 та йирик чорвачилик хўжалигига Қозоғистондан зотдор қорамоллар келтирилиб, боқиш бошланган, холос.
Бироқ бу борада Оқдарё, Каттақўрғон, Паст Дарғом, Тойлоқ, Пайариқ туманларида ҳалигача бирорта лойиҳа бўйича зарур чора-тадбирлар белгилаб олинмаган, амалий ишлар деярли бошланмаган.
Йиғилишда вилоят ҳокими Э.Турдимов вилоятда гўшт ва гўшт маҳсулотлари нархи барқарорлигини таъминлаш долзарб вазифа эканини таъкидлаб, мутасаддилар олдига бўрдоқичилик йўналишида ихтисослашган хўжаликларни ташкил этиш бўйича мавжуд муаммоларни ҳал этиш, четдан наслли қорамоллар келтириш, сунъий уруғлантиришда зарур ишларни амалга ошириш бўйича топшириқлар берди. Шунингдек, ҳафтанинг жума куни зотдор чорва молларини кўпайтириш, бўрдоқичилик хўжаликлари фаолиятини таҳлил қилиш, чорвачилик билан шуғулланаётган фермер ва тадбиркорларнинг бу борадаги муаммоларини тинглаш ва ҳал этиш чораларини кўриш бўйича аниқ вазифалар берди.