Ҳарбий оркестр куйлари ёшларни ватанпарварликка чорлайди
Марказий ҳарбий округ Самарқанд горнизони маънавият-маърифат марказида ҳарбий оркестр жамоаси фаолияти йўлга қўйилган.
20 нафарга яқин санъатсевар, истеъдодли ҳарбий хизматчилар жамоага аъзо. Улар ҳарбийлар ва аҳоли иштирокида ўтказиладиган турли тадбирларда ўз чиқишлари билан иштирок этиб келади.
- Марказда жамоамизнинг тадбирларда иштирок этиш ва уларга тайёргарлик кўриш жараёнлари учун ҳам керакли шароит яратилган, - дейди жамоа аъзоси Нодирбек Азизов. - Мақсадимиз турли мусиқа садолари орқали ҳарбийларга жанговар руҳ бағишлаш, уларнинг мароқли ҳордиқ чиқаришларига кўмаклашиш. Шунингдек, чиқишларимиз ёш авлод қалбида ватанпарварлик туйғусини шакллантиришга, уларнинг ҳарбий хизматга бўлган қизиқишларини оширишга хизмат қилади. Шу кунларда ҳарбий оркестр жамоаси Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 32 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан 20 январга қадар давом этаётган “Ҳарбий ватанпарварлик ойлиги” доирасидаги тадбирларда фаол иштирок этяпти.
Самарқанд горнизони маънавият-маърифат марказида ҳарбий ансамбль ҳам ташкил этиш режалаштирилган.
Тўлқин СИДДИҚОВ,
Бахтиёр МУСТАНОВ (фото).