Ҳарбий хизматчиларга уй берилди
Ватан ҳимоячиси! Бу шарафли ва масъулиятли касбга умрини бағишлаган ҳарбий хизматчилар зиммасидаги вазифасини бекаму-кўст бажариши учун, аввало, унинг оиласидан кўнгли тўқ бўлиши зарур.
Шу боис, юртимизда ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қуватлаш, турмуш шароитини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Натижада сарҳадларимиз дахлсизлиги, осойишталигимизни таъминлашни ўз зиммасига олган ҳарбий хизматчилар учун барча шароитларга эга замонавий турар-жойлар қуриб берилмоқда.
Мамлакатимиз мустақиллигининг 32 йиллиги шодиёнаси арафасида Оқдарё туманининг Даҳбед шаҳарчасида бунёд этилган иккита 5 қаватли турар-жойдан 70 га яқин хонадон Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчиларига топширилди.
Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонининг биринчи ўринбосари Қаҳрамон Очилов, Оқдарё тумани ҳокими Шерзод Қудратов ва жамоатчилик вакиллари иштирок этиб, Қуролли Кучлар салоҳиятини ошириш, ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзолари яшаш шароитини яхшилаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўз юритдилар. Бунинг самарасида ҳарбий хизматчилар замон талабларига мос яшаш шароитларига эга бўлиб, мамлакатимиз мудофааси қудратини мустаҳкамлашга ҳисса қўшмоқда.
– Йигирма йилдан бери Ватанимиз мудофаасини таъминлашдек шарафли вазифада хизмат қилиб келмоқдаман, – дейди иккинчи даражали сержант Сафар Ҳакимов. – Бу вақт оралиғида юртимизнинг турли ҳудудларида, баъзида шароити бор, баъзида йўқ жойларда яшашга тўғри келди. Ҳарбий хизматчи ҳар қандай шароитда ўз онтига содиқ бўлиб, вазифасини бажариши шарт бўлганидек, оиласи ҳам шундай шароитларга кўникишга мажбур экан. Яратганга шукур, мана энди бизни ҳам ўз уйимиз — 3 хонали хонадонимиз бор. Бундан фарзандларим жуда ҳам хурсанд. Бизга мана шундай шароитларни яратиб берган давлатимиздан миннатдорман.