Ҳарбийларнинг қудрати – маънавий етуклигида
Марказий ҳарбий округда Мудофаа вазирлиги қошидаги жамоатчилик кенгаши Самарқанд вилояти ҳудудий бўлинмасининг йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 августда “Ўзбекистон Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларининг маънавий-маърифий савиясини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорининг жорий йил ўтган даврида вилоятдаги ижроси муҳокама этилди.
Вилоят ҳокими ўринбосари Р.Қобилов, Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони ўрнбосари У.Дўсматов ва бошқалар мазкур қарор ижроси юзасидан вилоятдаги ҳарбий қисмларда давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда кенг кўламли маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилганини таъкидлади. Қуролли Кучлар тизимида ҳафтанинг жума куни “Маънавий юксалиш ва ватанпарварлик куни” деб эълон қилиниб, мунтазам маънавий тадбирлар ташкил этилди. Ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари иштирокида 1100 дан ортиқ маданий тадбирлар, спорт мусобақалари уюштирилди. Хусусан, “Армия ва халқ – бир тану бир жон”, “Хотира – азиз, қадр – муқаддас”, “Оила ва никоҳ” тадбирлари кенг кўламда ўтказилди. Барча ҳарбий қисм ва муассасалардаги кутубхоналар моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, янги адабиётлар билан таъминланди.
Ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари бандлигини таъминлаш ва уларни тадбиркорликка кенг жалб этиш мақсадида вилоят бандлик бошқармаси билан ҳамкорликда бўш иш ўринлари ярмаркалари ўтказилди. Қуролли Кучлар сафидан заҳирага бўшатилган 1168 нафар пенсионерларнинг ҳаётий тажрибасидан фойдаланиш мақсадида улар таълим муассасалари, маҳалла фуқаролар йиғинларига ишга жойлашди. Муддатли ҳарбий хизматни ўтаб келган йигитларнинг 317 нафари бандлиги таъминланди, 75 нафари Қуролли Кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига ишга қабул қилинди.
Йиғилишда кенгаш аъзолари, ҳамкорлик ташкилотлар вакиллари сўзга чиқиб, мазкур йўналишдаги ишларни янада такомиллаштириш юзасидан ўз таклифларини билдирди.