Ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш учун ўтказиладиган имтиҳонлар ҳақиқатга яқинми?

Ижтимоий тармоқларда ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш учун ўтказиладиган имтиҳонлар ҳақида тарқалган турли хил маълумотлар юзасидан ЙҲХББ расмий изоҳ берди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020-йил 7-декабрдаги «Давлат томонидан тартибга солинадиган соҳаларга хусусий секторни жалб этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори билан 2021-йил 1-апрелдан бошлаб автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолияти учун лицензияга эга тадбиркорлик субъектларига барча тоифадаги автомототранспорт воситаларини (троллейбус ва трамвайдан ташқари) бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонларни ўтказиш ҳуқуқи берилган эди.

Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2021-йил 4-майдаги «Автомототранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномаларини олиш учун имтиҳонларни ўтказиш соҳасига хусусий секторни жалб этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ВМҚ 272-сон қарори тасдиқланди.

Юқоридаги қарорлар асосида ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонларни ўтказиш ҳуқуқига эга бўлиш учун тадбиркорлик субъектлари зиммасига маълум бир талаблар белгилаб қўйилган. Бунда энг аввало, имтиҳонлар инсон омилисиз, тўлиқ автоматлаштирилган ҳолда амалга оширилиши, замонавий автодром мавжудлиги, махсус ҳимояланган дастурий таъминотлар комплексига эгалиги ҳамда имтиҳонлар жараёнида олинган маълумотларга ҳамда имтиҳон натижаларига ўзгартириш киритиш имкониятининг чекланганлиги ва бошқа шу каби талаблар ўрнатилган.

Ушбу талабларга тўлақонли жавоб берадиган имтиҳон тизими учун сармоя киритган исталган тадбиркорлик субъекти лицензия олиш учун ариза топшириши мумкин. Бунда ҳеч бир тадбиркорлик субъектига чеклов ёки тўсиқ йўқлигини маълум қиламиз.