Ҳайдовчининг бошқарувни йўқотиши оқибатида икки киши ҳалок бўлди

Бухорода “Nexia” ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиши оқибатида икки нафар йўловчининг умрига зомин бўлди. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар берди.

2020 йилнинг 10 февраль куни тахминан соат 07:30 ларда 24 ёшли А.Р. бошқарувидаги “Nexia-2” русумли автомашинасида “Хоразм-Бухоро” А-380 автомобиль йўли бўйлаб Ромитан тумани ҳудудида ҳаракатланиб кетаётган вақтида бошқарувни йўқотиб, йўлнинг чеккасига чиқиб кетган ва бир неча марта айланиб, йўл-транспорт ҳодисаси содир қилган.

Ушбу йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида йўловчилар 49 ёшли У.М. ва 42 ёшли Д.А.лар ҳодиса жойида вафот этган. Ҳайдовчи ва 36 ёшли учинчи йўловчи Х.Ю. эса шифохонага мурожаат қилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Бухоро вилояти ИИБ ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми “а” банди (одамлар ўлимига сабаб бўлган транспорт воситасини бошқарувчи шахс томонидан транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.