Ҳайит байрамлари одоблари

Мана кун сайин улуғ байрамлардан бири Рамазон ҳайити яқинлашиб келмоқда. Ҳайит байрамларида  ёшу-қари, жамият вакилларининг барчалари шоду-хуррам бўлишиб, бир-бирларига хурсандчилик изҳор қиладилар. Бу улуғ байрамларидан бири Рамазон рўзаси тугаганидан сўнг, иккинчиси эса ҳожилар Арафотда турганларидан сўнг нишонланади.

Мусулмонлар ҳамиша орзиқиб кутадиган ушбу икки ҳайит байрамларига тааллуқли бир қанча одоблар бўлиб уларга амал қилиш бу байрамлардаги хурсандчиликлар тўлиқ бўлишига ва энг муҳими кўплаб ажру савобларга ҳам эга бўлишга сабаб бўлади. Ҳайит байрамларининг одоблари деганда асосан қуйидаги одоблар тушунилади: 

Биринчи одоб: яхши ният қилиш

Мусулмон киши барча ишларида бўлгани сингари ҳайит байрамларида бажарадиган барча ишларини ҳам яхши ниятлар билан адо этиши лозим.

Иккинчи одоб:  Ғусл қилиш

Ҳайит байрамига таёргарликлардан бири намозгоҳга ғусл қилиб, тоза-озода бўлиб чиқиш ҳисобланади.

Учинчи одоб: Хушбўйланиш

Ювиниб тоза-озода бўлганидан сўнг ширин мушк ва атирлар билан хушбўйланиб чиқиш ҳам бу куннинг одобларидан саналади.

Тўртинчи одоб: Яхши кийимлар кийиш

Ҳайит кунида имкони бор киши янги кийим кийиши мустаҳаб бўлади. Чунки бу иш Аллоҳ таолонинг бандасига берган неъматларини изҳор этиш, шоду-хуррамлигини намоён қилиш  бўлади.

Бешинчи одоб: Рамазон ҳайитида намоздан олдин “садақаи фитр”ни адо этиш

“Садақаи фитр” рўзадан чиқиш муносабати билан бериладиган садақа ҳисобланади.

Олтинчи одоб: Рамазон ҳайитида намозга чиқишдан олдин бир нечта хурмо еб олиш

Рамазон ҳайити байрамида намозгоҳга чиқиш олдидан бирор ширинлик тановул қилиш суннат ҳисобланади.

Еттинчи одоб: Қурбон ҳайитида қурбонлик қилишдан олдин ҳеч нарса емаслик

Қурбон ҳайитида Рамазон ҳайитининг акси ўлароқ то ҳайит намозини адо этилгунича таомланмаслик, балки сўйган қурбонлигининг гўштидан ейиши суннат ҳисобланади.

Саккизинчи одоб: Ҳайит намозига эрта бориш

Ҳайит куни агар касаллик, узоқлик ва қору-ёмғир сингари бирор узр бўлмаса намозгоҳга пиёда юриб бориш суннат ҳисобланади.

Тўққизинчи одоб: Масжидга пиёда юриб бориш

Ҳайит куни агар касаллик, узоқлик ва қору-ёмғир сингари бирор узр бўлмаса намозгоҳга пиёда юриб бориш суннат ҳисобланади. Бизнинг ҳанафия мазҳабимизда аёлларнинг ҳайит намозларига чиқишлари макруҳ саналади. 

Ўнинчи одоб: Масжидга боргунича овозини чиқариб таҳлил ва такбир айтиб бориш

Ҳайит намозини ўқиш учун уйдан чиқилган пайтдан то намозгоҳга етиб боргунча “Ла илаҳа иллаллоҳ” ва “Аллоҳу акбар” ларни айтиб бориш ҳам суннат ҳисобланади. Ушбу суннатни адо этиш Ислом шиорини изҳор қилиш ва ҳайит байрами келганидан шодланиш ифодаси, ҳамда ушбу куннинг олдинги ва кейинги кунлардан фарқли кун эканини барча инсонларга билдириш ҳисобланади.

Ўн биринчи одоб: Ҳайит намозидан олдин бошқа бирор нафл намоз ўқимаслик

Ҳайит намозгоҳига етиб боргандан сўнг таҳийятул масжид ёки бошқа бирор нафл намоз ўқимасдан таҳлил ва такбирлар айтиб зикр қилиб ўтириш суннат ҳисобланади.

Ўн иккинчи одоб: Бир-бирлари билан кўришиб, ҳайит билан муборакбод этиш

Инсонларнинг бир-бирлари билан кўришишлари ва ҳайит байрами билан қутлашлари ҳам барчанинг кўнглига хурсандчилик улашадиган бу куннинг одобларидан ҳисобланади. Ҳайит кунида бир-бирларини табриклаш маъносида ўқиладиган муайян дуо бўлмаса ҳам, “Аллоҳ биздан ҳам сизлардан ҳам қабул қилсин” маъносидаги тилаклар билдириш яхши саналади.

Ўн учинчи одоб: Масжиддан уйига қайтишда бошқа йўлдан қайтиш

Ҳайит кунида намозгоҳдан уйига қайтишда борган йўлидан бошқа йўлдан қайтиш ҳам суннат ҳисобланади.

Ўн тўртинчи одоб: Қавму қариндошларни зиёрат қилиш

Аслида қавму-қариндошларнинг ҳолидан хабар олиш барча вақтда ҳам мусулмон кишининг зиммасидаги вазифалардан ҳисобланади. Ҳайит кунларидек хурсандчилик кунларида эса бу вазифа яна таъкидлаб эслатиб қўйилган.

Ўн бешинчи одоб: Қўни-қўшниларни байрам билан табриклаш

Ҳайит муносабати билан қўни-қўшниларга таом улашиш ва уларни зиёрат қилиш ҳам ҳайит хурсандчиликларини янада зиёда бўлишига сабаб бўладиган амаллардан ҳисобланади.

Ўн олтинчи одоб: Ёш болаларни хурсанд қилиш

Ҳайит байрамида ёш болаларни хурсанд қилишга, бу куннинг бошқа кунлардан фарқли мусулмонларнинг байрами эканини англатишга ҳам алоҳида эътибор қаратиш лозим. Бунда уларга ҳайитлик совғалар улашиш, ҳайвонот боғларига ёки ўйингоҳларга олиб бориб ўйнатиб келиш мақсадга мувофиқ бўлади. Ҳайит байрамининг шодликларидан эҳтиёжманд оилаларнинг фарзандларини ҳам баҳраманд қилишга уриниш комил мусулмоннинг белгиларидан ҳисобланади.   

Ўн еттинчи одоб: Турли исрофгарчиликлардан тийилиш

Ҳайит байрамида хурсандчилик қилаётган мусулмон шариатда ман қилинган ишлар билан хурсандчилик қилинмаслигини асло унутмаслиги лозим.

Тошкент ислом институти ўқитувчиси

Абдулқодир Абдур Раҳим.

muslim.uz.дан олинди.