Ҳаёт саҳнаси: Каттақўрғонлик прокурор нега қамалган?

 (Самарқанд округ судида жиноий иш кўриб чиқилмоқда)

- Сиз ҳали буюртма билан ёздириб олган ёлғон кўрсатмаларни факт деяпсизми? Масалага адолат нуқтаи назаридан қарамаяпсиз! Кечирасиз-у, бу ишингиз билан касбимизга доғ туширяпсиз!

- Ўртоқ Шарипов, сиз бу ерда бугун прокурор ҳам, судья ҳам эмассиз. Ўзингизни босинг! Нима, бизни қонунчиликка ўқитмоқчимисиз?

- Ҳеч кимни ўқитмаяпман, касбимизнинг талабини эслатяпман, холос.

- Бас! Етар! Ўтиринг, судланувчи Шарипов!

Бу – Каттақўрғон шаҳар драма театри ижодкорлари томонидан саҳналаштирилган “Миллат фидойиси” спектаклидан парча. Сарлавҳадаги саволга ушбу саҳна асаридан жавоб топиш мумкин.

- Бу спектаклда мен бош қаҳрамон образини ижро этяпман, - дейди театр актёри Жасур Исломов. - Ушбу асар таниқли ёзувчи Фармон Тошев қаламига мансуб. Режиссёр Фарҳод Бойназоров саҳналаштирган. Унда  Каттақўрғонда ўсиб-улғайган, қатағон даврида Ўзбекистон прокурори, Олий суд раиси бўлиб ишлаган, совет тизимининг қурбонига айланган Бадриддин Шариповнинг ҳаёти ҳақида ҳикоя қилинади.

Айни пайтда театр ижодкорлари мазкур спектакль премьерасига қизғин ҳозирлик кўряпти.

 

Театр рейтинг бўйича охирги ўринларда эди

Бундан 5-6 йил илгари мамлакатимизда 39 та театр фаолият юритарди. Каттақўрғон шаҳар драма театри рейтинг кўрсаткичлари бўйича республикада охирги учталикда, яъни 38-ўринда эди.

- Бундан беш йил илгари бу ерга ишга келганимда одамларни театрга қизиқтириш мақсадида спектаклларни бепул намойиш этганмиз, - дейди театр раҳбари Ботир Тугалов. – Ўшанда 4-5 нафар томошабин келган. Ачинарлиси, уларнинг барчаси ходимларимизнинг яқин қариндошлари бўлган.

“Томдан чакка ўтганда ҳам саҳнани тарк этмадик”

Бир пайтлар театр биносида ижодкорлар учун ҳам, томошабинлар учун ҳам шароит кўнгилдагидек бўлмаган. Қишда совуқ, ёзда иссиқ, ёғингарчилик пайтида эса...

- Оғир дамларни бошимиздан ўтказдик, - дейди театр актёри Ўткиржон Очилов. – Совуқ кунларда оёғимиздан зах ўтиб, шамоллаб қолардик. Бир муддат ишласак, бир муддат даволанишга тўғри келарди. Спектакль намойиш этилаётган пайтда ёмғир ёғиб, томдан чакка ўтганда томошабинлар олдида уялиб қолган пайтларимиз бўлган. Саҳнанинг чакка томаётган жойларига тоғоралар қўярдик. Ана шундай шароитда ишладик. Соҳага меҳр қўйган одам чакка томсаям кетмайди-да саҳнадан.

 Шавкат Мирзиёев театр томига чиққанми?

2016 йилда президентлик сайлови олдидан Шавкат Мирзиёевнинг самарқандлик сайловчилар билан учрашуви айнан Каттақўрғон шаҳар драма театрида бўлиб ўтган.

- Ўшанда Шавкат Миромонович театр ҳақида ҳам алоҳида тўхталди, - дейди Б.Тугалов. – У киши Самарқанд вилояти ҳокими бўлган пайтида театр томига чиқиб, хароб бўлиб ётган, чакка ўтадиган жойларини кўздан кечирган ва томнинг таъмирланиши учун маблағ ажратган экан. Қолаверса, ўша йили ташриф сабабли театримиз замон талаблари даражасида таъмирланди. Бундан илҳомланган жамоамиз белни маҳкам боғлаб ижодни давом эттирди. Янги спектакллар саҳналаштириляпти. Бунинг учун эса давлат томонидан ҳам маънавий, ҳам моддий имкониятлар яратилмоқда.

Оддий актёр Президент эътиборига тушди

Кейинги йилларда театр жамоаси Ўзбекистоннинг барча ҳудудларига, ҳатто хорижий мамлакатларга тез-тез гастрол сафарлари уюштиряпти. Республикамизнинг асосий байрам тадбирларида иштирок этяпти.

- Ана шундай тадбирлардан бирида вилоятимиз учун ажратилган ҳудудга Президент ташриф буюрди, - дейди актёр Ўткиржон Очилов. – Ҳудуд саҳнасида мен Амир Темур образида монолог ижро этаётгандим. Давлатимиз раҳбари бир қараб ўтиб кетса керак, деб ўйлагандим, аммо у киши тўхтаб, бир дақиқалик монологимни охиригача тинглади ва қайси театр актёри эканлигимни сўради. Мендан Каттақўрғон театри актёри эканлигимни эшитгач, кўтаринки кайфиятда театримиз ҳақида илиқ фикрларни билдирди ва бугунги шароитлар ҳақида гапириб беришимни айтди. Мен эса тўлқинланиб, кейинги пайтларда биз, ижодкорлар учун яратилаётган имкониятлар, ҳар йили тўртта хорижий давлатга чиқиб, ўзбек санъатини кўрсатиб қайтаётганимизни айтдим. Президент қўлимни сиқиб, байрам билан табриклади ва йўлида давом этди.

Театр 25 та давлат билан ҳамкорлик қиляпти

Кейинги йилларда театрда давлат буюртмаси асосида йилига иккитадан спектакль тайёрланяпти. Бу, албатта, халқаро ҳамкорлик, қолаверса, театр моддий техник базасининг мустаҳкамланишига хизмат қиляпти.

- 2024 йилда иккита тарихий спектакль саҳналаштирилди, - дейди Б.Тугалов. – 6 мамлакат ижодкорлари иштирокида яратилган “Буюк Турон” номли саҳна асари учун қарийб 1 миллиард сўм, индонезиялик ижодкорлар ҳамкорлигида саҳналаштирилган “Имом Бухорий ва Сукарно” спектакли учун эса 500 миллион сўмдан ортиқ маблағ ажратилди. Бу маблағ эвазига ҳам спектакллар яратилди, ҳам декорация ва либослар келтирилиб, театримизда қолди. Ушбу моддий техник базадан биз бир неча йиллар самарали фойдаланамиз. Ана шундай имкониятлар натижасида 25 та давлат билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланди. Жамоамиз билан хорижий давлатларда гастрол сафарларида бўляпмиз, хорижликлар театримизга келиб, спектакллар намойиш этмоқда. Бундан 2 йил илгари Туркияда ўтказилган халқаро фестивалда қатнашдик. 27 мамлакатнинг нуфузли театрлари иштирок этган мазкур танловда олий ўрин – гран-прини қўлга киритдик.

Ўрта Осиё театри тарихида энг йирик лойиҳа

“Имом Бухорий ва Сукарно” спектакли театрнинг энг йирик лойиҳаларидан бири бўлди. Бу асар 1956 йилда Индонезиянинг биринчи президенти, жаноб Сукарно Ўзбекистонга ташриф буюриб, Имом Бухорий қабрини зиёрат қилиши ва бу йўлда учраган тўсиқлар ҳақида ҳикоя қилади.

- Бу спектакль Ўзбекистон, ҳатто Ўрта Осий театри тарихида энг йирик лойиҳа бўлди, - дейди Б.Тугалов. – Сукарно ва унинг ҳамроҳлари образини Индонезиянинг Жакарта шаҳридаги Буми Пурнати театри актёрлари, ўзбекистонликлар ролини эса театримиз ижодкорлари ижро этди. Бу саҳна асарининг премьераси Ўзбекистонда юқори савияда ташкил этилди. Спектакль Индонезия, Малайзия ва Сингапур давлатларининг бир қатор шаҳарларида ҳам намойиш этилиши кўзда тутилган Асар ўзимизнинг репертуаримизда ҳам қоляпти. Спектакль икки давлат ижодкорлари томонидан онлайн тарзда ишланди ва 15 кун давомида театримизда саҳналаштирилиб, репетиция жараёнлари ўтказилди. Индонезиялик ижодкор Аҳмад Фавзий ва Ўзбекистон халқ артисти Валихон Умаровлар томонидан репетиция жараёнида ҳар икки давлат вакиллари образини ижро этишда ҳар икки театр актёрлари синовдан ўтказилди.

Ботир Тугаловнинг айтишича, бугунги кунда театр рейтинг кўрсаткичлари бўйича республикада биринчи ўринда. Бир пайтлар спектакль томоша қилиш учун 4 нафар киши келган бўлса, бугун залнинг ярми томошабинлар билан банд. Аммо бу яхши натижа дегани эмас. Ҳақиқат шуки, одамлар спектакль томоша қилишга ҳафсала қилмай қўйди. Кино кўрадиган бўлса ҳам, интернет тармоғи орқали телефон ёки компьютерга тикилишни одат қилган. Бу эса мия фаолиятига, кўз нурига салбий таъсир кўрсатиши табиий. Театрда спектаклни жонли томоша қилишнинг эса гашти бошқача.

Тўлқин Сиддиқов,

Феруза Маматқулова,

Бахтиёр Мустанов (фото+видео).