Ҳаётга қайтиш: Шифокорнинг кўрган-кечирганлари

3-қисм

Эртасига эрталабдан яна моховхонага келдик, асосий беморлар умумий ошхонада, баъзилари эса 2-3 киши бўлиб ётган хонада бир жам бўлиб нонушта қилишарди. Ногирон, кўзи ожизларни эса ҳамширалар ва фаррошлар овқатлантирар экан.

- Бу жойда "меники, сеники", деган гап йўқ, - деб гап бошлади бош шифокор. - Топганимизни биргаликда баҳам кўрамиз.

Орадан ярим соат ўтар-ўтмас бирма-бир ҳамма палаталарга кириб, эрталабки тиббий кўрикни бошладик. Билганимни гапирдим, билмаганимни Владимир Иванович ўргатди. Лепрология соҳаси ҳақиқатан жуда ҳам қизиқ ва мураккаб фан эканлигига шубҳам қолмади. Битта беморнинг касалхонада ётганига 20 йил, иккинчисига 10 йилдан ошган. Бири касалликнинг қандай бошланганлигини билмайман, деса, иккинчиси тўсатдан танамдаги оқ доғларни кўриб қолдим, дейди. Учинчиси бўлса, қўл-оёқларимнинг бармоқлари ҳеч нарсани, яъни на оғриқни, на иссиқ-совуқни сезарди, кейин бориб-бориб қош-киприкларим тўкилиб кетди, деб касаллик тарихини гапириб беришди. Лекин асосий беморлар қўл-оёқларим, танам ва юзим терисига ҳар хил катталикдаги тугунлар чиқиб кетди. Тошмалар оғримасди, қичимасди. Шунинг учун ҳам дўхтирга боргимиз келмаган, дея ҳаётий шикоятларини сўзлашди.

Пешинга бориб кўзига қора кўзойнак тақиб олган Сейибназар деган қорақалпоқ бемор мени алоҳида суҳбатга таклиф қилди.

– Ука, ҳали ёш экансан, ўғлим десам ҳам бўлади. Мен бу ерда йигирма беш йилдан ортиқ вақт умримни ўтказдим. Ёшлигимнинг энг гўзал даври мана шу моховхонада ўтди. Асли касбим ўқитувчилик, тарих фанидан дарс берганман. Энди ўзим моховхонадаги тарих бўлиб қолдим. Мохов бўлсанг, тамом, сенга жамоат билан ишлашга ҳеч ким рухсат бермайди. Сен учун ҳамма эшиклар ёпилади. Ўқитувчиликка йўл бўлсин. Мен бошқа беморлардан фарқли равишда кўп ҳаракат қилдим, иложи борича бўш бўлдимми, жисмоний машқлар бажарардим. Россиянинг Астрахан шаҳридаги русларнинг лепрозориясида олти йилдан ортиқ вақт даволандим, шу жойда бир қалмиқ бемор ўргатган. Яшагинг келяптими, тамом, ҳаракат қил, бир жойда уймалашиб ўтириб қолмагин. Таомномангда ҳар хил мевали, гўштли маҳсулотлар бўлсин, яъни, витамин ва оқсилларга бой овқатларни ейиш керак. Қалмиқлар бир пайтлари қишда ҳам, ёзда ҳам фақат дудланган балиқ истеъмол қилишган, холос. Шунинг учун уларнинг иммунитети паст бўлган. Бунинг устига ароқ, вино жуда кўп ичишган. Мана сенга маълумот. Бизда ҳам эркак беморлар спиртли ичимликлар кўп ичишади, кейин қарабсизки, қорни шишиб цирроз бўлади. Кўпчилиги шу касалликдан "кетиб" қолишади.

Кейинги асосий муаммо бу камбағаллик, оч-наҳор яшаш. Одамлар қанчалик ночор бўлса, қўли калталик қилса у жойга касалликнинг ўзи келади. Бечора моховларни асосий қисмининг уй-жойи жуда хароб, уларни камбағаллик эзиб ташлаган. Мен мана шу жойдаги умрим давомида, яъни йигирма беш йил ичида ҳали ўзига тўқ, усти бутун одамларнинг мохов бўлганини кўрганим йўқ. Ўз пайтида еб, ичиб, тоза юрсанг, сенга касаллик яқинлашмайди. Яна битта тушунарсиз масала бор: янги беморларни топмоқчи бўлсанг эскисининг уйига бор. Сизларнинг тилларингизда уларни беморларнинг маиший мулоқотдошлари дейишади. Хуллас, қавму-қариндошларини тез-тез тиббий кўрикдан ўтказиб тур. Тўғри, уларнинг ҳаммасини беморлар бирма-бир санаб, сенга ҳеч қачон айтиб бермайди. Тилини топ, нима қилсанг ҳам улар билан яқин оғайни бўлиб кет. Ёмонликни асло раво кўрма. Тўғри, улар ҳеч ким ёқтирмайдиган, ҳамма ёмон кўрадиган хасталикка чалинган. Шунинг учун ҳам ҳеч кимни аяб ўтирмайди, алломангдан ҳам қўрқмайди. Ҳаётда уларни кимлар ҳақорат қилмаган, қарғамаган, керак бўлса юзига солиб, ҳайдашган. Соғлом одамларнинг ҳаммаси, улардан жирканади. Ҳатто ўз фарзандлари ҳам. Моховга чалинган отаси ёки онасидан юз кўришмайдиган бўлиб кетгани нечта.

Кўз олдингга келтириб кўр, ҳеч жойда ишламасанг, ишлайман десанг сени ҳеч бир корхона ишга олмаса, унинг устига, касалликнинг азобини айтмайсанми? Йиллар ўтиб оғир ногиронликда ётиб қоласан ёки ўлиб кетасан. Ана шунда кунингга моховхона ярайди. Овқатинг, уст-бошингни, бошпанангни беради. Бизлар учун бу жой охирги илинжимиз, айтиб қўяй. Кейинги йилларда лепрозорияни эслаб, немислар, инглизлар, америкаликлар, ҳиндлар ҳам келадиган бўлиб қолди. Улар озиқ-овқат, кийим-кечак, идиш-товоқ, баъзилар ўрин-кўрпа, ҳатто телевизор, музлаткичлар ҳам олиб беришади. Лекин ўзимизникилар жим-жит. Демак, чет элда моховга умуман бошқача қарашар экан-да. Шунинг учун улар билан алоқада бўлишинг керак. Шундагина бу соҳада катта ўзгариш қилишинг мумкин. Бўлмаса, сен ҳам ҳеч нарсанинг маъносини билмасдан ўтасан, деди-да гапини якунлади.

Бизни узоқдан кузатиб турган Владимир Иванович, мени ёнига олдида бутун моховхонани айлантириб чиқди. Эски иморатларни ҳозирги пайтда ишлаб турган биноларнинг, яхши томонини ҳам, ишдаги камчиликларни ҳам, ҳаммасини бирма-бир айтиб берди.

- Энг биринчи биноларнинг томини қайтадан ёпиб чиқиш керак, - деди. - Хоналардан чакки ўтавериб кўп жойлар нураб кетган. Қишда ҳар бир палатани ўтин ёқиб иситиш азоб. Кўмир етишмайди. Сувни ташиб ичамиз. Газ тўғрисида гап ҳам бўлиши мумкин эмас, бу жойларга газ келтириш учун жуда катта маблағ керак. Сиз ҳовлига четлаб тортиб қўйилган симларни кўряпсизми?

- Ҳа, албатта.

- Буларнинг боши коридорнинг кириш қисмидан бошланади, охири эса ҳожатхонада тугайди. Буни биз ўзимиз ўйлаб чиққанмиз, кўзи ожиз беморларнинг ҳожатга боргиси келса, симни ушлаб тўғри кетаверади. Кейин ҳожатини бажариб, орқага қайтади. Ҳамширалар уларнинг ҳаммасини бирма-бир етаклаб юришга вақти етмайди. Унинг устига баҳорда чопиққа, кузда эса ёппасига пахта теришга камида икки ойга сафарбар қилишади. Шунда жуда оғир аҳволга тушиб қоламиз. Дардингизни ҳеч ким эшитмайди, ахир пахта давлатимизнинг ифтихори-ку.

Ярим ўрмонзорга ўхшаган моховхонанинг ҳовлисида, айниқса, гужум, кўк терак ва тол дарахти жуда кўп эди. Уларнинг барчасининг тагидан чуқур ва энли қилиб, ариқ ҳандак ковланганди.

– Эътибор беринг, - деди Владимир Иванович. - Ариқларни кенг қилиб, ҳар доим сув билан тўлдирамиз ва шу тариқа шўр тупроқни ювиб турамиз, бўлмаса бу жойларни бир-икки йилда шўр тупроқ босиб кетади. Қарабсизки, хаш-паш., дегунингизча чўлга айланади.

Дарахтлар орасида бутун шох-шаббаси қийшиқ толларга кўзим тушди. Уларни икки қатор қилиб экишган. Танасининг бирон-бир жойи тўғри эмас. Владимир Ивановичдан сўрадим "Бу қинғир-қийшиқ тол дарахтларини қаердан олиб келишган? Нима, атайлаб экилганми?".

- Э.., - деб гапини бошлади у. - Бу моховлар орасида афсона юради. Шу дарахтларгина уларнинг кўнглини топа олади. Унинг танаси қийшиқ, менинг ҳам бутун қўл-оёқларим, юзим қийшиқ, фақат мана шу толлар бизни тушунади, деб илтижо билан боқишади. Янги келган беморларнинг ҳаммаси соя-салқин излаб шу дарахтларнинг тагига келиб бутун ноласини айтишади. Дарахтнинг шох-шаббасига ҳар хил рангда матоларни осиб қўйишади. Тўғрисини айтсам, шунга ўхшаган удум ҳамма моховхоналарда бор. Мен Қозоғистон, Тожикистон, Украина, Россия, Озарбайжон ва Болтиқбўйи давлатларида ҳамма лепрозорияларда бўлганман. Лекин тақдир экан, Булунғур лепрозориясида бўлмаганман. Шуни айтса керак, олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ, деб, - деди-да менга қаради. - Юринг, энди моховхонадан сал нарига чиқамиз. Ям-яшил дарахтзорлар тугаши билан ҳар хил ўт-хашак чакалакзорлар босган далага чиқиб қолдик.

Усти сомонли лой сувоқ қилинган. Унинг тагига қалин қамиш босилган, баландлиги деярли ер билан тенглашиб кетган ертўлага кирдик. Унинг ичи ёзнинг жазирама иссиқ кунида ҳам жуда зах ва салқин эди. Аммо қизиқарлиси шунда эдики, ертўланинг ичидаги майдонда узун-узун ва текис қилиб ковланган, четлари силлиқ ҳандақлар кўп эди. Бу ариқлар худди аскарлар ковлаган окопларни эслатарди. Окопларнинг икки ёни ва пастига қалин ва текис қилиб, худди тахталар қоқилгандек қамишлар қотирилганди.

-Хўш, буни нима деб ўйлайсиз?

- Тўғрисини айтсам, бунақасини кўрмаганман. Окоп десам бу жойларда ҳеч қачон уруш бўлмаган. Аскарлар учун машқ майдонига ўхшамайди ёки аҳолини ҳаводан қилинган хужумдан ҳимоя қиладиган иншоотми? Хуллас билмайман, - деб таслим бўлдим.

- Бўлмаса эшитинг, бу жойларга қаҳратон қишда ёки эрта баҳорда ичимлик сувини келтириш азоб. Ҳаммаёқ қатир-қутур қор, муз бўлади. Совуқ баъзан 20-30 даражадан ошиб кетади. Аксинча, баҳор ойларида на кичик, на катта йўлларда юриб бўлади. Лой белингга чиқади. Транспортларнинг юриши тўхтаб қолади. Шунда сиз айтган ушбу окоплар кунимизга ярайди. Қиш бошланмасдан сал олдин, яъни кузнинг ниҳоясида бу ҳандақларнинг ҳаммаси ёмғир суви билан тўлдирилади, керак бўлса, насослар ёрдамида сувни дарёдан тортиб оламиз. Қаҳратон қишда сув қаттиқ музлайди. Бу музлар узоқ вақт эримасдан сақланиб қолади. Хизматчилар музларни худди дарахтни кесгандай, уларни кубик шаклида арралаб, араваларда моховхонага олиб келишади. Кейин муз парчалари оловда аввал эритилиб, кейин эса қайнатилади. Биз бу музлардан ёзнинг ярмигача бемалол фойдаланганмиз. Энди йўлларимиз ҳар тугул анча яхши. Бу ерости иншоотларига ҳожат қолмади.

Дастлабки лепрозория Орол денгизига жуда яқин Тайли овулида жойлашган. У ерда ҳар хил ҳайвонларни ов қилиш жуда қулай бўлган. Айниқса, денгиздан балиқ овлаш маҳаллий халқнинг асосий касби ҳисобланган. Тўғрироғи, қорақалпоқ аҳлининг энг ширин таоми балиқ ҳисобланган. Қишин-ёзин балиқ истеъмол қилишган. Витаминли, оқсилли бошқа маҳсулотлар бу жойларда жуда ҳам камчил бўлиб, уларни шўр ва зах ерда етиштиришнинг иложи ҳам йўқ эди. Аҳоли кўчманчилик йўли билан турли хил уй ҳайвонларини, сигир, туя, эчки, қўйлар, ҳатто парандаларни ҳам боқишган. Аммо Орол денгизи атрофидагиларнинг аксарияти балиқчилик билан шуғулланганлар ва асосий таоми балиқ бўлган. Тўғрисини айтиш керак, бу ҳудудларда яшаганларнинг аксарияти камбағал ва ночор ҳолда кун кўришган. Ичимлик сувининг камлиги, мева-сабзавотларнинг йўқлиги оқибатида, айниқса, санитар-гигиеник шароитнинг пастлиги натижасида аҳоли орасида турли хил юқумли касалликлар кенг тарқалган. Бундан мохов касаллиги ҳам истисно эмас. Бу сўзларнинг асл маъноси, моховхонадаги Сойипназар деган бемор айтган гапларидан деярли фарқ қилмасди.

Кечки овқатни Владимир Ивановичнинг хонадонида қилдик, аёли жуда ҳам пазанда экан. Улар икковлашиб қўярда-қўймай мени уйида қолишимга рози қилишди.

 - Энди Эгамберди Ҳусанович, бамайлихотир гаплашадиган яна бир муаммо бор. Моховхонанинг ташқи, ички ремонти учун жуда катта маблағ керак, уни давлат бера олмайди. Унинг устига касалхона, шаҳар марказидан анча узоқда, камида 40-45 км. келади. Ҳар куни озиқ-овқат ташиш, айниқса, нон олиб келиш ҳам жуда қийинчилик туғдирмоқда. Техника учун ёқилғининг нархи йилдан-йилга осмонга чиқмоқда. Моховхона хизматчиларининг асосий қисми шаҳардан қатнайди. Уларни ушлаб туриш жуда қийин. Кўпчилиги пенсияга эсон-омон етиб олса бўлди, эртасигаёқ ишдан бўшаш учун ариза ёзишади. Бизнинг хизматчиларимизга аввал олтмиш, ҳозир эса ўттиз фоиз устама ҳақ тўланади. Мана шу фоизлар ҳисобига кўпчилик келиб турибди. Хуллас, моховхонани ушлаб туриш ҳам амримаҳол бўлиб қолган.

Шу десангиз, Нукус шаҳрида бир муҳандис одам бор, у ҳам сизга ўхшаб жуда қизиқувчан, фан доктори. Исми Мэлс. У билан биргаликда қандайдир чет элликлар ҳам бир неча бор моховхонага келишди, сув чиқариб берамиз, газ келтирамиз деган таклифларни ҳам беришди. Лекин билмайман, катталар уларга нима деб жавоб беришган. Бироз ўтиб келмай кетишди. Эшитишимизча, камбағал, ночор оилаларни таъминлаётган экан. Шаҳардан четда жойлашган хонадонларга товуқ, жўжа, туя боқиш учун харажатларни қилиб беришибди. Мэлс билан эртага бир гаплашиб кўрсангиз бўлар экан.

Бир кун ўтиб, унинг олдига бордик. Ҳақиқатан ҳам Мэлс зўр инсон экан, қорақалпоқ, рус, ҳатто инглиз тилини ўз она тилидай бемалол гаплашарди. Америкаликлар таклифи асосида биз сизлар ишлайдиган моховхонага бироз ёрдам бермоқчи эдик. Лекин юқоридаги раҳбарлар бизни бироз тушунмади шекилли, рад жавобини беришди. Марҳамат, кейинги йилга режага киритишимиз мумкин. Ташкилотимизнинг асосий мақсади – аҳолига ижтимоий жиҳатдан ёрдам бериш. Ҳозир биз чекка қишлоқ ва овуллардаги одамларга микрокредит ажратганмиз. Мэлс "Келаси йили учрашамиз, хайр, соғ бўлинглар", деб мулойимгина хайрлашди.

Енгил машинага чиққанимизда Владимир Иванович раҳбарлар билан бўлган бултурги мажлисни эслади. Шунда катта раҳбарлардан бири "Ҳадеб чет эллик меҳмонлардан садақа сўрайвермасдан пулни ўзларинг топинглар", - деганди. - Тўғри, бундан ўн беш йиллар аввал моховхонага тегишли салкам эллик-олтмиш гектар ер бор эди. Ҳар хил русумли машиналар, ҳатто бир нечта тракторларимиз ҳам мавжуд бўлган. Сувчи, боғбону деҳқонлар ҳозиру нозир эди. Лекин Амударёдан сув қочиб кетди, ҳамма транспортлар эскириб, яроқсиз ҳолга келиб қолди. Тракторлар таъмирталаб бўлиб, занг босиб ётибди. Еримизнинг ҳаммасини шўр ва зах эгаллади. У жойларда энди деҳқончилик қилиб бўлмайди. Раҳбарлар ҳадеб янгиланаверса бўлмас экан. У кишининг ҳам бу ишлардан хабари йўқ эди.

Ҳаш-паш дегунча яна моховхонага кириб келдик. Ҳақиқатан ҳам касалхонанинг олд томонидан кираверишда жуда катта майдонда қум, шўр тупроқ ястаниб ётарди. Энди бу жойларда деҳқончилик қилиб бўлмайди. Ердан зах, шўр кўтарилган. Қаранг, худди бу жойларга кеча қор ёққанга ўхшайди. Бу кенг майдоннинг ҳар ер-ҳар ерида турли русумли тракторлар қийшайиб занг босиб ётарди.

Эгамберди Эшбоев.

Давоми бор.