Ҳаётини илмга бағишлаган инсон

Эзгу мақсадлар билан яшайдиган, фарзандлари ва дўстларига меҳрибон инсонларга ҳавас қиламиз, уларнинг ҳаётини бошқаларга ибрат қилиб кўрсатамиз. Таъбир жоиз бўлса, юриш-туриши ва фазилатлари ила тасаввурингизда муҳрланиб қоладиган бундай тоифа кишилар жамиятнинг, маҳалла-кўйнинг фахри, ифтихори. Устозимиз Олимжон Пардаев ҳам мана шундай эътирофларга лойиқ инсон эди.
Умри давомида илм-у ҳунар ўрганиб, уни ёшларга-да ўргатган домла ўттиз беш йиллик илмий ва педагогик фаолияти давомида Самарқанд давлат архитектура ва қурилиш институти ҳамда Самарқанд давлат университетида кўплаб илмий тадқиқотлар олиб борди.
Олимжон Пардаев 1952 йилда Пайариқ тумани, Челак шаҳарчасида туғилган. Ўрта мактабни тугатиб, 1970 йилда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтининг “Тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси” факультетига ўқишга кирди. Ўқиш даврида ихтисослик фанларини чуқур ўрганиб, “Сиртларни ўзаро кесишишининг баъзи бир усуллари” мавзусида битирув малакавий ишини ҳимоя қилди.
1975 йилда йўлланма билан Самарқанд давлат архитектура ва қурилиш институтига ишга келди. Чизма геометрия ва муҳандислик графикаси кафедрасида ўқитувчи бўлиб ишлаши баробарида шу йўналишда илмий изланишлар билан шуғулланди.
Киев миллий архитектура ва қурилиш техникаси университетидаги аспирантурада таҳсили давомида устоз Олимжон Пардаев бу соҳага чуқурроқ кириб борди. У Москва Авиация техника университетида ҳам малака ошириб келгач, ўрганганлари натижаси ўлароқ “Ташкилот стандарти” (“Стандарт предприятия”) ўқув қўлланмасини яратди.
О.Пардаевнинг кейинги илмий-педагогик фаолияти давомида Самарқанд давлат университетида билим ва маҳоратини, куч-қувватини “Тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси” мутахассислиги бўйича педагог кадрлар тайёрлашга бағишлади. Устоз О.Пардаев санъатшунослик факультетида ўн уч йил катта ўқитувчи бўлиб ишлади. Бу давр оралиғида техника фанлари номзоди, профессор Ҳамид Узоқов раҳбарлигида “Тасвирий санъат мутахассисларини ўқитишда чизма геометрия ва муҳандислик графикаси фанини янги замонавий концепциясини ишлаб чиқиш” мавзусида илмий тадқиқот олиб бораётган эди. Шу изланишлар самараси ўларок, домла битта ўқув ва олтита услубий қўлланма яратди, 14 дан зиёд илмий мақолалар ёзди.
- Оилада олти фарзанд бўлсак, Олимжон бошқача феълли, ниҳоятда маданиятли хокисор инсон эди, - дейди опаси Мастура Пардаева. - У кўп ишласа-да, кучли толиқиш ва оғир руҳий кечинмаларни енгишга ҳаракат қиларди.
- Олимжон ака касбига фидойилиги, ҳар бир вазифани сидқидилдан бажариши, Самарқанд чизма геометрия, муҳандислик компьютер графикаси ва дизайн илмий мактаби ривожидаги хизматлари билан жамоа орасида катта обрў-эътиборга сазовор бўлди. Домла бировга қаттиқ гапирмас, аёли ва фарзандларини доим авайларди, - деб хотирлайди устоз Илҳомжон Сувонқулов.
Бевақт ўлим домлани 58 ёшида орамиздан олиб кетди. Инсонга баҳо беришда унинг қанча умр кўргани эмас, балки босиб ўтган ҳаёт йўлининг мазмуни, халқ ва жамиятга теккан нафи эътиборга олинар экан. Олимжон Пардаевнинг умр йўли, илмий изланишлари ҳам мана шундай мазмунга эгалиги билан ҳам биз, шогирдларига ибратдир.
Шерали Жумаев,
СамДУ катта ўқитувчиси.