Ҳиммат ОҚБЎТАЕВ: Осмонга қараб ўтирадиган пайт эмас

Қўшработликлар осмонга қараган халқ.

Элимиз ўртасида жуда оммалашган бу гап туманимизнинг табиий шароити, аҳолининг турмуш-тарзи, касб-коридан келиб чиқиб айтилган. Ҳақиқатдан ҳам ёмғир, қор ёғиши Қўшработга, умуман, даштга худо берди, дегани. Деҳқончилигимиз, чорва ва боғнинг баракаси ёғингарчилик билан боғлиқ. Аммо кейинги йилларда табиатдаги ўзгаришлар, иқлимнинг исиб бораётгани туфайли ёғингарчилик ҳам камаймоқда. Дала-даштнинг оппоқ қорга бурканиб турганига аҳён-аҳёнда кўзимиз тушади. Бу эса ер ости сувларининг ҳам пасайиб кетишига сабаб бўлмоқда.

Албатта, бундай шароит ҳар бир деҳқон, чорвадор ва боғбондан омилкорлик билан иш тутишни, замонга мос ҳаракат қилишни талаб этади. Шунинг учун ҳам бугун қўшработликлар фақат осмонга қараб қолмасдан, ердан самарали фойдаланишнинг турли йўлларини изламоқда, тадбиркорлик билан шуғулланяпти. Бу борада хориж тажрибасини ўрганиб, ўзимизда қўллаяпмиз.

Президентимизнинг туманимизга ташрифидан кейин лалми ерларда томчилаб суғориш технологияси асосида интенсив боғлар яратиш кенг оммалашди. Замонавий ёнғоқ плантациялари, токзорлар ташкил этилмоқда. Чорвачилик соҳаси ҳам такомиллашиб, хориждан наслли қўй ва эчки келтириб, уларни шу ерда кўпайтириш чораларини кўряпмиз. Бу борада халқаро тикланиш ва тараққиёт банки, халқаро молия уюшмалари кредит маблағларидан самарали фойдаланилмоқда.

Жумладан, қишлоқ хўжалиги корхоналарини таркибий қайта тузиш агентлиги маблағлари орқали 6 та фермер хўжалиги ва корхоналар 4 миллион 18 минг АҚШ долларилик лойиҳаларни амалга оширишга киришди. “Чорбулоқ” фермер хўжалиги 50 минг АҚШ доллари ҳисобига Қозоғистондан 250 бош зотдор қўй олиб келди. Айни пайтда “Сарварбек наслли чорва” фермер хўжалиги 330 бош, “Булоқбоши дурдонаси” масъулияти чекланган жамияти эса 160 бош ана шундай наслли қўй олиб келиш ҳаракатида.

Бундан ташқари, ҳозирда “Самарқанд инвест гарден” жамияти туманимизда 500 гектар ерда интенсив боғ яратишни бошлади. “Оқтепа унумдор замин” фермер хўжалиги эса узумчиликни ривожлантириш мақсадида 10,0 миллиард сўм маблағ ҳисобига 400 гектар майдонда токзор яратиш бўйича иш олиб бормоқда. “Регистон Парранда” масъулияти чекланган жамияти 31,0 миллиард сўмлик лойиҳа асосида паррандачилик фабрикасини ташкил этмоқда.

“Қўшработ узум экспорт” масъулияти чекланган жамияти бу йил Туркиядан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш технологияларини келтириб, маҳсулотни шу ерда қадоқлаш ва қайта ишлашни йўлга қўймоқчи. Бу айни пайтда туманимизда етиштирилаётган ва лекин бошқа ҳудудлар ҳисобидан экспорт қилинаётган маҳсулотларни ўзимиз хорижга сотишимиз ва туманимиз экспорт салоҳиятини ошириш имкониятини беради.

Кейинги пайтда туманимизнинг Россия, Хитой ва бошқа қўшни давлатлар минтақалари билан ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилишидан тадбиркорларимиз самарали фойдаланмоқда. Хусусан,  “Қўшработ агро сервис” масъулияти чекланган жамияти Россиядан замонавий артезиан қудуқ қазиш техникаси, Оренбург вилоятидан тивит берадиган 100 бош эчки олиб келди. Шунингдек, бу тадбиркорлар Хитойдан лалми майдонларни суғориш учун юқори самарадор асбоб-ускуналар, Навоий кон металлургия комбинати ишчи-ходимлари учун ҳаво тозалаш ниқоблари ишлаб чиқарадиган технология келтириб, иш  бошлади.

Туманимиз қурилиш материаллари ишлаб чиқариш учун ҳам бой хом ашё заҳирасига эга. Аммо бугун бу имкониятдан ҳам тўла фойдалана олганимиз йўқ. Бешта ғишт ишлаб чиқариш корхонаси, Шавона маҳалласи Зарбанд ҳудудида мармар блок ва плиталар ишлаб чиқарадиган ўндан ортиқ қайта ишлаш корхоналари ишламоқда. Урганжи, Навкат, Қувкалла ҳудудларида таркибида кварс рудаси мавжуд бўлган конлар бор. Ушбу қазилма бойликлар Оҳангарон ва Олмалиқ заводларига олиб бориб қайта ишламоқда. Бундан ташқари Қизилбел ҳудудида турли хил кўринишга эга бўлган 52,2 фоизли гранит блоклари ва гранит плиталари кони мавжуд.

Ҳозирда олдимизда ушбу йўналишлардаги фаолиятни кенгайтариш, янги корхоналар ташкил этиш бўйича вазифалар турибди. Бу ишларнинг амалга оширилиши аввало, минглаб қўшработликларни иш билан таъминлаш, туманимиз иқтисодиятини ривожлантириш имкониятини беради. Энг муҳими, Қўшработнинг обод бўлиши, халқимиз турмуш даражасининг ўсишига хизмат қилади.

Дарвоқе, Президентимизнинг 11 январь куни вилоятимизга ташрифлари давомида берган топшириқлари ва олдимизга қўйган вазифалари асосида куни кеча энг олис ва катта қишлоқларимиздан бири бўлган Жўшда “Обод қишлоқ” дастури асосида бунёдкорлик ишлари бошланди. Вилоятимиз ҳокими ҳамда мутасадди идора ва ташкилотлар раҳбарлари қишлоққа келиб, аҳоли билан учрашди, уларнинг дардларини, таклифларини эшитди. Қишлоқда амалга ошириладиган ишлар белгилаб олинди.

Туманимиз, халқимиз ҳаётида янги давр бошланмоқда. Юртдошларимизда эртанги кунга умид катта ва шунга монанд ҳаракат, иштиёқ кучли. Бугун қўшработликлар фақат осмонга қараб қолган эмас, мавжуд имконият ва салоҳиятдан фойдаланиб, туманни ҳар томонлама ривожлантириш учун меҳнат қиляпмиз.