Ҳиндистон бош вазири Кашмир аҳолисини махсус ҳуқуқдан маҳрум қилмоқчи
Ҳиндистонда пайшанба куни бошланадиган парламент сайлови арафасида мамлакат бош вазири Нарендра Моди Жамму-Кашмир штати аҳолисининг махсус ҳуқуқлари бекор қилинишини билдирди. Бу ҳақда “Евроньюс”га таяниб Azon.uz хабар бермоқда.
Жамму-Кашмир штатида ер ҳудудлари фақат шу штат аҳолисига сотилади ва бошқа штатлар аҳолиси бу ҳудуддан ер сотиб ололмайди. Нарендра Моди ўзининг сайловолди чиқишларида Жамму-Кашмир штатини шу ҳуқуқдан маҳрум этиш лозимлиги ҳақида гапирди.
“Миллиятчилик – илҳом манбаимиз, фаровонлик келтириш – фалсафамиз, яхши бошқарув эса шиоримиз”, – деди Моди сайловолди кампанияси чоғида. Унинг бошчилигидаги Ҳиндистон халқ партияси (BJP) Жамму-Кашмир халқига берилган алоҳида мақом ҳудуднинг бошқа ҳудудлар билан интеграциясига тўсиқ эканини даъво қилиб келади.
Жамму-Кашмир Ҳиндистонда аҳолисининг аксарини мусулмонлар ташкил этувчи ягона штатдир. Бу ерда ҳудуд аҳолисидан бошқаларга ер ва кўчмас мулк сотиш тақиқланган. Мазкур тақиқнинг бекор қилиниши ортидан Жамму-Кашмирга ҳиндларнинг оқиб келиши кутилмоқда.