Ҳиндистонда гигант қўлли бола яшайди

Ҳиндистонлик Муҳаммад Колим кам учрайдиган касалликдан азият чекади, унинг қўллари тасаввур қилиб бўлмайдиган даражада - узунлиги 38 сантиметрдан, оғирлиги 8 килограммгача бўлган ўлчамларга етади. Шифокорлар бундай ғалати нуқсоннинг ривожланишига нима сабаб бўлганини аниқлай олмаяптилар.

Боланинг онаси Ҳалиманинг айтишича, Колим туғилганида унинг қўллари бошқа янги туғилган чақалоқлар қўлларига қараганда икки баравар катта, бармоқлари эса жуда узун бўлган. Бола улғайиши билан унинг қўллари танасига нисбатан назоратсиз ўсишда давом этди.

Колимнинг қўллари унга кундалик вазифаларни бажаришда катта муаммоларни келтириб чиқарди. У ҳатто тартибли кийиниш, овқатланиш ва бошқа элементар нарсаларни енгишга қодир эмас эди. Бундан ташқари, чап қўлининг фақат икки бармоғи ҳаракатчанлиги туфайли у баъзи катта нарсаларни фақат шу бармоқлари билан ушлай олган, холос.

Отаси Шамин Колим мардикорлик қилар ва унинг олган маоши фақат рўзғор тебратишга етарди. Оила бошлиғи фарзандини шифокорлар кўригидан ўтказиб,  ташхис қўйиш ва даволаш учун пуллари йўқлиги сабабли ўғлининг келажаги ҳақида қайғурарди.

Ниҳоят шифокорлар бу ноодатий ҳодисага қизиқиш билдира бошлашди ва Колимнинг ота-онаси фарзандининг соғлиғи билан боғлиқ вазиятга ойдинлик киритиши ва унга шифокорлар бирор бир ёрдам қилишига умид боғлашди. Маҳаллий шифокорлар ушбу касаллик болада лимфа тугунларининг кўпайиши билан боғлиқ бўлиши мумкинлиги ва аниқ ташхис қўйиш учун бир қатор тадқиқотлар ўтказиш кераклигини таъкидлашди.

Меданта тиббиёт институти таниқли педиатри, доктор Кришан Чу болада тўқималар аномалияси кўринишидаги яхши сифатли ўсма - гамартома бўлиши мумкинлигидан шубҳаланди. Шифокор ҳар қандай ҳолатда ҳам Колимга ёрдам беришга ҳаракат қилишларини ваъда қилди.

2014 йилда бир қатор жарроҳлик аралашувлар бошланиб кетди ва боланинг ўнг қўлини қисқартириш бўйича операция муваффақиятли ўтказилди, деб ёзади The Daily Mail.

Нашрнинг қайд этишича, асаб толаларига шикаст етказилмаганлиги сабабли энди бола қўлини ишлата олади. Реабилитация Колим ўтган физиотерапия курслари осонлашишига имконият туғдирди. Шифокорлар олдида яна бир вазифа - Колимнинг иккинчи қўлини операция қилишни режалаштириш турарди.

2015 йилда ҳинд шифокорлари мўъжиза кўрсатишга муваффақ бўлишди: бола қўлларини қисқартириш бўйича охирги операция ўтказилди.

Бугунги кунда расман “Дунёдаги энг катта кафтлар соҳиби” ҳисобланган бола мустақил равишда қошиқ билан овқат ейиши, ёза олиши ва нарсаларни бемалол ушлаб туриши мумкин.

Б.Муҳаммадиева тайёрлади.