Ҳожи Муин: "Матбуот бир миллатни уйғотиш учун биринчи омилдур"
... Газета бир ойинаи жаҳоннамодурки, тамом ҳаракат ва аҳволи аҳли илм буларнинг воситаси-ла билиниб турадур. Буларни ва тарихни ўқуган киши бир миллатнинг тараққийси ва ё инқирози налар ила ўлажағини камокона билур.
Ҳожи МУИН.
ХХ аср аввалида Туркистонни мустабидлик исканжасидан қутқариш, халқни маърифатли қилиш, миллатни тараққий эттириш учун заҳмат чеккан, ўзбек журналистикаси, адабиёти ва санъати ривожига ҳисса қўшган бир қанча ижодкорларнинг адабий, публицистик фаолияти ўрганилмоқда, эҳтиром кўрсатилмоқда. Ҳожи Муин Шукруллаев (1883-1942) ана шундай ижодкорлар сирасига киради. У ХХ аср бошларида тарих саҳнасига чиққан Туркистон маърифатпарварлари, хусусан, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунаввар қори, Ашурали Зоҳирий, Абдулла Авлоний, Абдурауф Фитрат кабилар билан ҳамфикр, ҳаммаслак бўлиб яшади, ўз умри ва иқтидорини миллат озодлиги, юрт равнақига бағишлади.
Ҳожи Муиннинг шахси, ранг-баранг ижодий мероси, публицистикасининг аҳамияти, муҳаррирлик маҳорати, ташкилотчилиги, халқ маорифи йўлидаги фидойилиги, драматургия соҳасида эътиборга лойиқ асарлар яратгани замонасининг илғор фикрли зиёлиси эканидан далолатдир. Ҳожи Муин маърифатпарварлик фаолиятини Туркистон чор Россиясига қарам бўлган пайтда, “уйғониш”, “интибоҳ” калималари тилга тушган, кўнгилларда умид туғилаётган бир фурсатда бошлади. Садриддин Айнийнинг ёзишича, бу даврда, яъни “1901 нчи йилда, умуман, Туркистон, билхосса Самарқанд бутун дунёдан хабарсиз, қоронғу бир зиндон каби эди. Халқ нодон, уламо мутаассиб, ҳукумат ниҳоят даражада ғаддор ва золим, маишати бузуқ, ахлоқи фасод эди. Шунуфтга халқ ичида фикр киргузмак ва олами исломия учун мутаддид улум ва фунунга мутахассис доҳийлар керак эди. Муҳаррирлар, муаллимлар, диний уламо, илми иқтисодий ва ижтимоий мутахассис одамлар, сиёсий эрлар лозим эди” (“Меҳнаткашлар товуши” газетаси, 1920. 8 апр.).
1901 йилда эски мактабда болаларни ўқитиш билан педагогик фаолиятини бошлаган Ҳожи Муин тез орада Беҳбудий, Шакурий, Сиддиқий каби Самарқанд маърифатпарварлари сафига қўшилди. У 1903 йилда ўз маҳалласида “усули жадид” мактабини очди.
Ҳожи Муиннинг серқирра фаолиятида Беҳбудийнинг таъсири яққол сезилади. Ҳожи Муин Маҳмудхўжа Беҳбудий билан 1903 йилда биринчи устози Сайидаҳмад Васлийнинг ҳужрасида танишади. Тараққийпарвар замондошларининг таъсири, давр матбуотини узлуксиз ўқиб бориши, дунё воқеаларидан хабардор бўлишга интилиши натижасида Ҳожи Муин ўз даврининг илғор фикрли зиёлиларидан бирига айланди.
“Матбуот бир миллатни уйғотиш учун биринчи омилдур”, деган фикр Ҳожи Муинга тегишли. Биз унинг матбуотдаги илк чиқишини 1908 йилда “Туркистон вилоятининг газети”да чоп этилган “Янги асарлар” сарлавҳали хабари деб белгиладик. Ҳожи Муин унда устози Сайидаҳмад Васлийнинг нашр қилинган икки китоби ҳақида ёзади. Умуман Ҳожи Муиннинг китоблар ҳақидаги хабару тақризлари кўп мутолаа қилганини, шу билан бирга, маърифатни тарғиб этганини англатади.
У журналистикага усули жадид мактабининг муаллими бўлиб иш юритаётган кезларида кириб келгани боис, янги таълим муассасаларини кўпайтириш орқали авом орасида маърифат тарқатишга урғу беради: “...Ҳар миллатнинг тараққийси энг аввал мунтазам мактаблардан бошланур... Тил ва миллий адабиёт, дин ва ахлоқ таълимининг ўрни мактаб бўлгонидек, ҳаёт ва саодати башарнинг эшиги ёлғуз мактабдур”.
Умуман олганда, таълим ва тарбия масаласи Ҳожи Муин публицистикасининг асосий мавзуси ҳисобланади. Ҳожи Муиннинг “Мактаб, муаллим, китоб”, “Муаллимлар жамиятинда”, “Самарқандда муаллимлар қурси очилиши муносабати билан”, “Дафтар, қалам, китоб”, “Маориф ўчоқлари қурилмоқда”, “Болалар боғчаси”, “Мактаб ва маориф масаласи” каби мақолаларида мактаблар ташкил этиш, муаллимлар тайёрлаш, дарслик ва бошқа зарурий жиҳозлар билан таъминлаш, ҳукуматнинг ёрдамидан ўз вақтида “истифода” этиш каби масалалар кўтарилган.
Инсон туғилиб вояга етиш жараёнида оила, мактаб ва атроф-муҳитнинг таъсирида бўлади. Улар узвий боғланган ҳолда улғаяётган гўдак онгида бир умрга сақланиб қоладиган одоб-ахлоқ меъёрларини шакллантиради. Ҳожи Муин “Оила тарбияси”, “Адабсизлик сабаби ва унинг чораси” сарлавҳали мақолаларида мана шу уч тарбия ўчоғидаги ноқислик боланинг “адабсизлиги”га, бу эса оиланинг ва бутун миллатнинг таназзулига сабаб бўлишини тарихий мисоллар асосида очиб берган. Публицист таназзул ва ўзгаларга қарам бўлиб қолишнинг сабаб ларини кейинги асарларида оила тарбиясининг бузилиши, ахлоқсизлик ва илмсизлик деб кўрсатади. “Адабсизлик сабаби ва унинг чораси” сарлавҳали мақоласида халқнинг бундай ҳолга тушишига мансабдорлар айбдор эканлигини таъкидлайди: “...агарда хонларимиз, улуғларимиз ва руҳонийларимиз ўз замонларидаги вазифаларини адо қилиб келсалар эди, биз мусулмонлар бу кунда мундай разил суратда жоҳил ва беадаб бўлиб қолмас эдук” (“Туркистон вилоятининг газети”, 1913. 1 авг.). Беаёв танқид, чуқур таҳлилдан сўнг: “...бизлар то эркак ва қиз болаларимизни биргаликда тарбия этмагунча, бизлардан келажакда маъсуд оилалар етишмас”, деган хулосага келади.
Ўз тарихини, ўзлигини билмаган миллатнинг истиқболи бўлмаслигини яхши билган жадид зиёлилари миллий тарих яратиш масаласини ўртага ташлашган эди. Туркистоннинг ўша пайтда рус олимлари ва уларга муте маҳаллий зиёлилар томонидан ёзилган тарихи маҳаллий халқларнинг миллий ғурурини топташга қаратилган эди. Ҳожи Муин ҳам масаланинг мана шундай нозиклигини англаб етди. 1914 йилда “Садои Туркистон“ газетасида ушбу масала юзасидан қўйилган саволга жавобан Ҳожи Муиннинг “Миллий тарихимизни ким ёзар?” (“Садои Туркистон” газетаси, 1914. 1 июль.) сарлавҳали мактуби чоп этилди. Мактуб муаллифи туркистонликлар учун муфассал ва муаллимлар учун мухтасар Туркистон тарихи кераклиги, уни ёзадиган кишининг тўрт — туркий, форсий, арабий ва русий тилларида “турк ва Туркистон ҳақида ёзилғон эски ва янги китобларни тадқиқ ва татбиғ айлаб”, сўнгра тарих битиши лозимлигини таъкидлаб, муаррихлар олдига қатъий талаблар қўйган.
Журналистнинг вазифаси муаммони кўрсатиб бериш, эътиборсиз қолса, уни яна эслатиб туришдир. Публицист Ҳожи Муин ҳам мазкур масала ечимсиз қолганлиги сабабли мавзуга 1915 йилда яна қайтади. У “Ойина” журналида чоп этилган “Миллий тарих ҳақинда” сарлавҳали мақоласида тарих ёзишни “туркистонийлар“нинг ўзларига ҳавола қилади. Бунинг учун жиддий ғайрат ва шижоат лозимлигини, барча зиёлилар бу ишга астойдил киришсалар, бирор натижага эришиш мумкинлигини таъкидлайди. Амалий ташаббус билан чиққан публицист халқ қалбида ифтихор ва ғурур ҳиссини уйғотадиган, қад ростлашга чорлайдиган тарих китобининг яратилишини орзу қилган эди.
Беҳбудийнинг таъсири Ҳожи Муиннинг драматурглик фаолиятида ҳам яққол кўринади. “Ўзбек театри тарихи учун материаллар”ни ёзган М.Бузрук Солиҳов Ҳожи Муин Беҳбудийнинг “яқин фикрдоши ва шогирди” эканлигини ёзар экан, “Адабий ҳаётда Беҳбудийнинг таъсири остида ва унинг гуруҳидан бўлиб боради. Айни замонда феврал инқилобидан бурунда энг кўп пиеса ёзган киши деб айтса бўлади” дейди (М.Бузрук Солиҳов. Ўзбек театри тарихи учун материаллар. — Т. ЎзССР Давлат нашриёти. 1935 й. 97-б.).
Ҳақиқатан ҳам Ҳожи Муин жадид драматурглари орасида энг самарали ижод қилган адиб. Унинг “Эски мактаб, янги мактаб”, “Кўкнори”, “Мазлума хотин”, “Маориф қурбонлари”, “Жувонбозлик қурбонлари”, “Бой ила хизматкор“, “Қози ила муаллим” каби ўнлаб пьесалар муаллифи бўлиб, улар ХХ асрнинг 30-йилларигача Самарқанд, Каттақўрғон театрларида саҳналаштириб келинган.
Ҳожи Муин 1918 йилдан матбуот ишларига шўнғиб кетган бўлса ҳам, маорифдан узоқлашмади. Ўз публицистик мақолаларида таълимдаги муаммоларни дадиллик билан кўтариб чиқди, уни яхшилаш, юксалтириш йўлида тинимсиз ишлади. “Меҳнаткашлар товуши” газетасида чоп этилган хабарга кўра, маориф комиссарлигида Беҳбудийнинг бетоблиги сабабли, бугунги тил билан айтганда Халқ таълими вазири вазифасини Ҳожи Муин бажарган (“Меҳнаткашлар товуши” газетаси, 1918 й. 11 июнь). Бироқ маҳаллий халқ вакилларининг юқорироқ лавозимларда ишлаши узоққа чўзилмас эди. Тез орада Беҳбудийнинг истеъфо бергани тарихдан маълум (Маҳмудхўжа Беҳбудий. Ташаккур ва эътизор // “Меҳнаткашлар товуши” газетаси, 1918 й. 27 август).
Ҳожи Муиннинг “Очиқ хат”и (“Туркистон” газетаси, 1923 й. 2 май) кейинчалик унга миллатчилик тамғасининг босилишига сабаб бўлганлиги айтилади. Аслида унинг таъқибга учраши Туркистон мухториятининг эълон қилинганлиги ва унинг қонга ботирилишига муносабати сабаб бошланган. Масалан, у “Большевиклар ва биз” мақоласида шундай ёзади: “Большевиклар иш бошиға ўтиб олғон кунларда, “Биз кичик миллатларға тамом ҳуррият ва истиқлол берамиз”, деб хитобномалар воситасила ваъда қилғон бўлсалар ҳам, бу қуруқ сўзлари қоғоз устидагина қолди. Булар ҳозиргача ҳеч бир миллатнинг мухторият ва истиқлолини тасдиқ этмадилар, балки билъакс, шундай мухторият ва истиқлолият эълон этган миллатларға тўп ва пулемут билан муқобала этдилар ва этмакдадирлар. Мифрат сотсиализм маслакинда бўлғон большевикларнинг ўз маслакларини қабул этмаган миллатларға ҳуррият ва истиқлол бермасликлари аниқ бўлиб чиқди” (“Ҳуррият” газетаси, 1917й. 1 январь).
“Яна мунинг устинда, — дейди публицист, — ўз мақсадларини большевикларга очиқроқ англатмак учун Туркистондаги бутун мусулмон солдат, ишчи ва деҳқонлар 25 декабрда Хўқандда фавқулодда бир сиезд ясаб, сиездда ҳозир бўлғон 200 нафарча намояндалар ўтган тўртинчи мусулмонлар қурултойи тарафиндан чиқарилғон қарорларни ҳақли топиб, Туркистон идора ва ҳокимиятининг дарҳол мухторият ҳукуматиға топширилмоғига қарор чиқардилар.
Қани, энди кўрайлик! Бу сиездға большевиклар қайси кўз билан қарайлар! Нима дерлар! Ҳар ҳолда большевиклар тек турмаслар. Бирор баҳона топиб, бизнинг тинчлигимизни бузарлар, деб гумон қиламиз. Чунки буларнинг чин муддаолари ҳануз ҳосил бўлғон эмасдур. Шунинг учун бизларға керакким, бу тўғрида ҳар эҳтимолға қарши ҳозирлиқ кўрайлик. Тамом бирлик билан куч йиғайлик. Ўз ҳуррият ва мухториятимизни сақламоқ учун мол ва жонимизни фидо этмакка ҳозир бўлиб турайлик”.
Давр талотўпларида бундай фикрни ёзиш учун журналистдан шижоат, қатъийлик талаб этилади. Большевиклар ҳокимиятни эгаллагач, Ҳожи Муин ҳажвий публицистикага ҳам мурожаат қилади. Унинг “Бой бўлмоқ йўллари”, “Пора ва порахўрлик”, “Охир замон аломатлари” каби кўплаб умумдемократик руҳда ёзилган фельетонлари “Ҳуррият” ва “Меҳнаткашлар товуши” газеталари мерос хўри, лекин большевиклар сиёсатига бўйсундирилган “Зарафшон” газетасида чоп этилган. “Бой бўлмоқ йўллари” фельетонида публицист ҳукумат идораларидаги “халқ молидан закот олиб” бойиб бораётган кимсаларни танқид қилса, “Пора ва порахўрлиқ” фельетонида порахўрликни “билиттифоқ” ривожлантираётган порахўрларни ҳажв остига олган. У “пора” сўзининг маъносини шундай изоҳлайди: “Пора “пору”дан муштафиқдур... Мана шунинг учун бизнинг шариатимиз пора емакни мусулмонларға ҳаром қилмишдур. Бу поранинг луғавий маъноси бўлиб, истилоҳда пора виждонсиз “ходимал халқ”лар қошида она сутидан ҳам ҳалолроқ саналғон махсус бир ақча туридирким, буни еган киши оз кунда чўчқадек семириб, давлатида ҳам фавқулодда баракот ҳосил бўладир”.
Публицист порахўрларни шундай масхарали тасвирлар экан: “Порахўрлиқ иши золим Николай замонида ёмон бир ҳолда эди. Ўзгаришдан кейин ҳар иш “тараққий“ қилғонидек, порахўрлиқ ҳунари ҳам яхшиғина тараққий қилиб олди”, дея большевиклар ҳукумати идораларидаги “ходимал халқ”ларни аччиқ киноя билан ҳушёрликка чақиради.
Ҳожи Муин бошқарувдан четлаштирилгандан кейин публицистикасида биографик характердаги мақолалар ёзиш салмоқли ўринни эгаллаган. Унинг “Маҳмудхўжа Беҳбудий”, “Сайидаҳмад Васлий”, “Қози Калони шал”, “Биринчи география муаллими”, “Марҳум Шокир Мухторий”, “25 йиллиқ хидмат” каби биографик характердаги мақола ва очерклари фикримизга далилдир. Олимларимизнинг илмий ишларида, мақолаларида Ҳожи Муин ва Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг номлари биргаликда тилга олиниши кузатилади. Бу уларнинг фаолияти ҳамкорликда кечганлиги учунгина эмас, балки Ҳожи Муиннинг мақолалари Беҳбудий адабий меросини ўрганишда энг ишончли манбалардан бўлгани учун ҳамдир. Туркистон жадидларининг маънавий отаси, тараққийпарвар ёшларнинг устози бўлган Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳақида ўша давр матбуотида кўплаб мақолалар, хотиралар чоп этилган. Лекин Беҳбудийнинг номини, унинг хотирасини Ҳожи Муинчалик ёдга олган, номини абадийлаштириш учун қайғурган бошқа бир кишини учратмадик.
“Матбуот бир миллатни уйғотиш учун биринчи омил бўлғонидек, унинг тарихи ҳам уйғониш даври тарихининг муҳим бир бўлаги саналадир” (“Зарафшон” газетаси. 1923 й. 5 май), деб билган Ҳожи Муин миллий журналистикамизга оид “Самарқанд матбуоти тарихи”, “Самарқандда босмахона ва ерли матбуот ишлари”, “Самарқандда матбуот аҳволи”, “Ҳажвий журнал”, “Тугалланиш йўлида” каби бир қанча мақолаларида ўша мураккаб давр тилсимларини тарих зарварақларига ҳужжат сифатида муҳрлаб қўйган.
Ўзбек миллий матбуотининг шаклланиши ва ривожланишида Ҳожи Муиннинг ҳам муносиб хизматлари бор. У дастлаб “Меҳнаткашлар товуши” газетаси, кейинчалик “Таёқ”, “Машраб” журналларининг ташкилотчиси ҳамда муҳаррири бўлган. Ҳожи Муин муҳаррирликни, яъни газета ва журнални бошқаришдаги илк тажрибани “Ойина” журнали ва “Ҳуррият” газетасида ишлаган чоғида орттирган. Унинг ўз ишига масъулият ила ёндашишини кўрган Беҳбудий 1914 йилда сафарга отланганида “Ойина” журнали муҳаррирлигини Ҳожи Муинга юклаб кетади. “Ҳуррият” газетасига раҳбарлик қилган Абдурауф Фитрат сафарда бўлган пайтларда таҳририят бошқарувини Ҳожи Муин ибн Шукруллога топширгани ҳам ҳужжатларда сақланган.
Ҳожи Муиннинг қўрқмас ва шижоатли журналист сифатида фаолият юритгани у раҳбарлик қилган нашрлар мазмуни, шунингдек, публицистик асарлари орқали бизгача етиб келди. Туркистон мухторияти эълон қилингач, мустамлакачи босқинчилар фитнасию қотилликларидан хавотирга тушган халқ руҳиятидаги карахтлик фурсатида Ҳожи Муин томонидан билдирилган қуйидаги фикрга эътибор берсангиз бунга яна бир бор амин бўласиз:
“Бизлар ҳеч кимга хўшомадгўйлик қилмаймиз ва ҳеч кимдан қўрқмаймиз. Бизлар виждон ва номусимизни пулға сотмаймиз. Бизнинг дўстимиз ва маъшуқимиз ёлғиз ҳақиқат бўлғонлиғи учун ҳақиқат ва тўғрилиқдан бошқа ҳеч кимни риоя этмаймиз. Тўғрилиқ йўлинда бўҳтон, ҳибс ва ҳатто, ўлимдан ҳам қўрқмаймиз. Тўғрилиқ ва муқаддас маслакимиз йўлинда қурбон бўлмоқни ўзимиз учун бир шараф деб биламиз” (“Меҳнаткашлар товуши” газетаси, 1919 й. 23 январь).
Ҳожи Муиннинг вафоти 1942 йил дея кўрсатилиши сабаб баъзилар уни қатағонга учрамаган дея ҳисоблайдилар. Ҳақиқат шуки, у ҳам 1937 йили бошқа ойдинлар қатори ҳибсга олинди. 1938 йилда ўн йилга қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Ватанидан йироқда, озодликдан маҳрум муҳитда хасталаниб вафот этди. У ўз ҳаётини таҳликага солиб бўлса-да, юрт ва халқ манфаати учун курашган зиёлиларимиздандир.
Ҳалим САИДОВ,
филология фанлари доктори,
Нилуфар НАМОЗОВА,
филология фанлари номзоди.
“Янги Ўзбекистон” газетаси, 2022 йил 22 июнь, 123-сон.