Ҳоким ўринбосари талабаларни руҳлантирди
Бунинг сабаби бор: Самарқанд вилояти ҳокимининг ўринбосари, вилоят инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи Ойбек Хўжаев Самарқанд давлат университети талабалари билан ўтказган учрашувида аксарият ёшлар вилоят иқтисодиёти ривожи учун истиқболли режа бўлса, уни амалга оширишга шай эканликларини билдирди.
Очиқ мулоқот тарзида ташкил этилган учрашувда юртимизда ёшларга яратилаётган имкониятлар, уларнинг интеллуктуал салоҳияти ва сиёсий-ҳуқуқий билимларини ошириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида сўз юритилди.
- Ёшларни ҳар томонлама баркамол қилиб тарбиялаш давлатимиз сиёсатининг асосини ташкил қилади, - дейди О.Хўжаев. - Уларнинг қобилиятларини рўёбга чиқариш, бандлигини таъминлашга кўмаклашиш, бўш вақтини мазмунли ўтказишга ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Юксак маънавиятли, мустақил фикрловчи, қатъий позицияси, кенг дунёқараш ва чуқур билимларга эга бўлган ватанпарвар ёшлар ҳар бир давлат истиқболини белгилайди.
Тадбирда ёшларда бизнес кўникмаларини ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Уларга инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси фаолияти, экспорт, инвесторларни жалб қилиш борасида тушунча берилди. Вилоятнинг экспорт кўрсаткичлари ва инвестиция салоҳияти бўйича тақдимот ўтказди. Ўз ўрнида ёшлар вилоят иқтисодиётини ривожлаштириш учун ҳисса қўшишга шай эканликларини билдирди.
Д.Холмирзаева.