“Ҳокимнинг устидан ёзамиз”
Кейинги пайтда фуқаролар мурожаатларига эътибор ва уларнинг ҳаётини яхшилаш борасидаги ишлар тубдан ўзгарди. Тан олиш керак, раҳбарлар одамларнинг мурожаатига юзаки қарамасдан, дардини эшитяпти, уйма-уй юриб, муаммоларини ўрганяпти, уларга ечим топяпти.
Бу “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган тамойил устувор аҳамиятга эга бўлиб бораётганини кўрсатмоқда.
Аммо танганинг иккинчи томони бўлганидек, орамизда айрим “жамиятдан узилганлар” ҳам борки, бу ислоҳотлардан тўғри хулоса қилмаяпти, дунёқараши, фикри ўзгармаяпти. Аксинча, давлат ёки маҳаллий ҳокимиятга “суяниб” қолмоқда. Аҳолидан тушаётган мурожаатларни ўрганиш давомида бунга кўп гувоҳ бўляпмиз.
Яқинда ана шундай мурожаатни ўрганиш мақсадида чекка бир маҳаллага бордик. Ҳудудда ободонлаштириш, ичимлик суви, электр энергияси, йўл ва боғча билан боғлиқ муаммолар йиғилиб қолган экан.
- Маҳалламиздаги ушбу муаммолар бўйича олдин ҳам туман ва вилоят ҳокимликлари, республика ташкилотларига бир неча марта мурожаат қилганмиз, - дейди маҳалла фуқароларидан бири. - Мурожаатларимиздан кейин туман ҳокимлиги томонидан бор-йўғи 2 та янги трансформатор, 100 та темир-бетон устун ўрнатилиб, 1 километр электр тармоғи тортилди. Қолган муаммолар маҳаллий бюджетдан маблағ ажратилса ёки дастурга киритилсагина ҳал бўлар экан. Лекин ҳокимият на пул ажратади, на дастурга киритади. Бу муаммоларни ҳал қилиб беришмаса, ҳокимни устидан юқори ташкилотларга ёзамиз.
Ҳудуддаги масалалар ечими юзасидан масъуллар билан суҳбатлашганимизда ушбу маҳалладан деярли ҳар ой мурожаат тушишини, муаммолар босқичма-босқич ҳал этилаётгани, қолганлари ҳам режа ва дастур асосида бажарилишини, бироқ одамлар буни тушунмаётганини айтди.
Ростдан ҳам маҳаллада муаммолар бор, аммо уларнинг айримларига фуқароларнинг ўзи ечим топса бўларкан. Масалан, ён-атрофни тозалаш, ариқларни қазиш бир кун ҳашар қилинса, ҳал бўладиган иш. Афсуски, баъзи одамлар жон куйдириб меҳнат қилишга, кўчасини тозалаб, ариқ қазишга ҳам ярамай қолган. Берилаётган ёрдамга шукр қилмай, шартакилик билан мутасадди раҳбарларга дўқ-пўписа, босим ўтказиб, муаммони ҳал қилиб бўлмайди.
Кейинги пайтда ижтимоий дафтарлар орқали ёрдамга муҳтож оилалар, хотин-қизлар ва ёшлар ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватланиб, иш билан таъминланяпти, касб-ҳунар ўргатиляпти. Шунингдек, “Ташаббусли бюджет” “Менинг йўлим” лойиҳалари, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, “Обод кўча”, “Обод хонадон” мезонлари асосида маҳалла ва қишлоқлар инфратузилмаси ҳамда одамларнинг турмуш шароити яхшиланмоқда.
Албатта, бу билан ҳамма маҳалла обод бўляпти ёки фуқароларнинг бекаму кўст яшаши таъминланиб, мурожаатларга ижобий ечим топиляпти дейишдан йироқмиз. Бироқ сўнгги пайтда яратилаётган имконият ва эътибор натижасида шароити оғир ҳудудлар обод бўлиб, аҳолининг аксарият қисми “аравасини ўзи тортиб”, керак бўлса, ён-атрофидагиларга нафи тегяпти.
Тўғри, ҳамманинг ҳам фаровон ҳаёт кечиргиси келади. Шу боис одамлар бирор муаммога дуч келдими, унга ечим топиш учун биринчи навбатда ўзлари ишонч билдириб танлаган раҳбарлардан умид қилади. Албатта, масъуллар бу ишончга муносиб бўлиб, мурожаатларни ижобий ҳал қилиши керак. Лекин одамлар ҳам яхши яшаш учун ҳаракат қилиши, боқимандалик кайфиятидан воз кечиб, меҳнатсиз ҳеч нарсага эришиб бўлмаслигини тушуниши керак.
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.