@zarafshonbot га мурожаат: Йўлимиз таъмирсиз қолиб кетяпти
Жомбой тумани Каттақишлоқ маҳалласи Узуновул қишлоғидан мурожаат қиляпмиз.
Яқинда Жомбой тумани йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси томонидан 2021 йилги давлат дастури асосида қишлоғимизнинг ички йўлларини жорий таъмирлаш ишлари олиб борилди. Аввал бошда корхона инженерлари барча кўчалар таъмирланишини айтишди. Кейин қишлоғимизнинг намунавий лойиҳа асосида қурилган уйларга олиб борувчи йўлдан қишлоғимизнинг айрим ҳудудларига олиб борувчи 662 метр ички йўлимизни қандай бўлса, шундайлигичақ олдириб кетишди.
Негалигини билмай сарсонмиз. Ахир, бу кўча ҳам таъмирланса, шу ҳудудда яшовчи кўпчилик аҳолига автотранспорт воситаларининг хавфсиз ҳаракатланишига қулай шарт-шароитлар яратилади-ку. Бу йўл ҳозирда таъмирталаб аҳволда. Бу кўча нега қолиб кетганлигини билиш учун мутасадди идораларга мурожаат қилдик, аммо на жавоб бор, на йўл таъмиридан дарак бор. Рости, қоғозларда “Узуновул қишлоғининг барча йўллари тўлиқ таъмирланди”, деб “протокол” тўлдирилиб, амалда қишлоғимиз йўллари яна узоқ йиллар таъмирланмай азоб чекишимиздан ташвишдамиз.
Бахтиёр Раббимов,
Жомбой тумани Узуновул қишлоғи.