Ҳунарманд бизда нега ишламади?

«Баркамол авлод» болалар маркази ўғил-қизлар иқтидорини намойиш этиш, уларга ихтирочилик кўникмасини сингдириш, касбга ўргатиш учун жуда қулай жой. Бизда ҳамма касб сирларини ўргатиш имконияти бор.

Йил бошида марказимизга вилоятдаги энг моҳир зардўзни таклиф этдик. У болалар билан қизиқарли машғулот ўтди ва уларга ўз касбини сидқидилдан ўргатди. Аммо кўп ўтмай, очиғи, маошини олгач, бизни тарк этди. Чунки у 500 минг сўм маошга ишламайди. Бошқа касб эгалари билан ишлашда ҳам шундай қийинчиликка дуч келяпмиз.

Тўғри, Президентимизнинг «Халқ таълими тизимидаги мактабдан ташқари таълим тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори лойиҳаси тайёрланган, аммо у ҳозирча таклиф сифатида қолиб кетяпти.

Бугунги кунда айрим идораларнинг фаррошлари биздан кўп маош олишади. Шу сабабли ўз касбининг усталарини жалб қила олмаяпмиз. Фақат фидойиларгина бу ишни қилиб келишяпти.

Инвестициянинг энг нодири ва кераклиси, энг кўп самара берадигани бола иқтидорини ривожлантиришга йўналтирилганидир. Шундай экан, мутасаддилар бу ҳақда жиддий ўйлаб кўришларини сўрардим.

Назира ҚОБИЛОВА,

Самарқанд шаҳар «Баркамол авлод» болалар маркази раҳбари.