Ичимлик суви билан таъминланган Нурободдаги Янгиҳаёт гузари аҳолиси вилоят ҳокимидан миннатдор
Нуробод туманидаги Тим қишлоғи, Араб ота маҳалласи вилоят марказидан 130-140 километр узоқликда, чўл зонада жойлашган. Маҳаллада 7 та гузар бўлиб, шундан Янгиҳаёт гузарида яшовчи аҳоли ичимлик сувидан қийналиб келарди. Гузарда 190 хонадонда 790 нафар аҳоли истиқомат қилади. Уларга ичимлик суви ташиб келтирилади, яъни бир машина сувни аҳоли 50-60 минг сўмга сотиб оларди. Сотиб олган сувни ҳар бир хонадон ўзи қазиб тайёрлаган махсус ҳовузда сақларди. Қисқаси, бир машина сув ҳар бир хонадонга 15-20 кунга, ошиб борса бир ойга етарди.
2019 йилнинг 24 ноябрида вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов Тим қишлоғига ташриф буюрганида, ушбу муаммо аҳоли томонидан кўтарилди. Шундан сўнг ўтган давр мобайнида маҳаллий маблағлар ҳисобидан қиймати 400 миллион сўмлик ишлар бажарилиб, 3 километр ичимлик суви тармоғи тортилди, 1 та артезиан қудуғи, 1 та ТП 63 трансформатори ўрнатилди. Натижада, гузар аҳолиси ва мактаб ичимлик суви билан таъминланди.
Янгиҳаёт гузари аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаб берган вилоят ҳокимига чексиз миннатдорчилигимизни изҳор этамиз.
Насриддин САФАРОВ,
Нуробод туманидаги 71-умумий ўрта
таълим мактаби директори ўринбосари.