Ичимлик суви тармоғидаги энг асосий муаммо маълум қилинди
Мутасаддиларга кўра, Самарқанддаги сув таъминоти билан боғлиқ энг асосий муаммолардан бири бу эскирган сув тармоқларидир. Чунки бир вақтнинг ўзида барча истеъмолчига етарли миқдорда сув етказиш учун босим кўтарилганда вақти вақти билан авариялар юзага келиб, қувурлар ёрилиб кетади.
Бу ҳақда “Самарқанд сув таъминоти” МЧЖ мутахассилари иштирокидаги анжуманда маълум қилинди.
Ташкилот бош муҳандис вазифасини бажарувичиси Толиб Сиддиқовнинг маълум қилишича, сўнгги бир неча йилда Самарқанддаги ичимлик сув тармоқларининг асосий қисми янгидан қурилган. Аммо ҳали ҳам 28 фоиз қувурлар 1930-1970 йиллар оралиғида қурилган тармоқлардир. Бунинг натижасида барча истеъмолчилар, масалан, кўп қаватли уйларнинг 9-қаватигача етиб бориши мумкин бўлган даражада босим берилганда қувурлар ёрилиб кетади.
Яқинда авария туфайли Самарқанд шаҳридаги йирик сув иншоотидаги носозликни бартараф этиш учун тўрт кун сарфланган ва шаҳардаги қатор ҳудудлар вақтинча сув таъминотисиз қолганди. Маълум қилинишича, мазкур авария ҳам айнан тармоқнинг эскиргани ва юқори босим туфайли содир бўлган. Ҳозирда мазкур йирик қувур янгиланган. Шунингдек, энг кўп авария юз берадиган Сартепа ҳудудидаги тармоқларнинг ҳам 80 фоизи янгилангани маълум қилинди.
Шунингдек, тадбирда яна бир қатор масалалар, хусусан, ақлли сув ҳисоблагичлар ўрнатиш борасида маълумот берилди. Айтилишича, Самарқандда барча истеъмолчиларга ақлли сув ҳисоблагичлар ўрнатиш ишлари 2023 йилдан бошланиши кўзда тутилган.